Илм фазилатлари (биринчи қисм: 10 фазилат)

Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳим

Ислом дини илм олишга буюради, илм ва илм эгаларини улуғ мақомларга кўтаради.

Илм деганда Аллоҳ таолога ва жаннатга етаклайдиган илмлар кўзда тутилади.

Қуйидаги сатрларда илмнинг фазилатлари билан танишамиз:

1. Биринчи фазилат:

Илм эгаларини Аллоҳ Ўзининг ягона илоҳ эканига гувоҳлик берган буюк зотлар билан бирга зикр қилиши илм энг буюк фазилат эканига далил.

Аллоҳ таоло айтади:

 {شَهِدَ اللَّهُ أَنَّهُ لَا إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ وَالْمَلَائِكَةُ وَأُولُو الْعِلْمِ قَائِمًا بِالْقِسْطِ ۚ لَا إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ} [آل عمران: 18].

Маъноси:

“Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари – Ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи Ҳақ Илоҳ эканига гувоҳлик бердилар. У Зот адолат билан тургувчи – Ҳукм қилгувчидир. (Сиғинилишга ҳақли) Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бор (Аллоҳнинг Ўзи Ҳақ Илоҳдир)”.

(Оли Имрон сураси, 18-оят).

 

2. Иккинчи фазилат:

Аллоҳ таоло илм эгалари билан илмсизлар асло баробар бўлмаслигини баён қилганлиги ҳам илмнинг фазли жуда буюк эканини кўрсатади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

{أَمَّنْ هُوَ قَانِتٌ آنَاءَ اللَّيْلِ سَاجِدًا وَقَائِمًا يَحْذَرُ الْآخِرَةَ وَيَرْجُو رَحْمَةَ رَبِّهِ ۗ قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ ۗ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُولُو الْأَلْبَابِ} [الزمر: 9].

Маъноси:

“Кечалари сажда қилган ва қиёмда–тик турган ҳолда тоат-ибодат қилгувчи, Охиратдан қўрқадиган ва Парвардигорининг марҳаматидан умидвор киши (билан куфру исёнга ғарқ бўлган кимса баробар бўлурми?! Айтинг: “Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!” (Йўқ, асло). Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар”.

(Зумар сураси, 9-оят).

Ояти карима яна далилки, ҳақиқий уламолар кечалари ҳам ибодатда, Аллоҳдан кўпроқ қўрқиб ва умидвор бўлиб, доимо Аллоҳга илтижо қилиб яшайдилар.

 

3. Учинчи фазилат:

Аллоҳ таоло аҳли илмларнинг мартабаларини баландга кўтариши ҳам илмнинг фазилати нақадар буюклигини кўрсатади.

Аллоҳ азза ва жалла марҳамат қиладики:

{يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ ۚ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ} [المجادلة: 11].

Маъноси:

“Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даражаларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан Хабардордир”.

(Мужодилаҳ сураси, 11-оят).

Имом Табарий айтадилар:

“Аллоҳ илмли мўминларни илм фазилати туфайли илмсиз мўминлардан кўра баланд мартабаларга кўтаради, агар (илмларига) амал қилсалар”.

Имом Ибн Ҳажар ҳам айтадилар:

“Уламо бўлган мўминнинг даражаси баландлиги бу дунёда маънавий – олий мартаба ва гўзал мақтовлар бўлади, Охиратда эса ҳиссий – Жаннатда олий мақомларга кўтарилади”.

 

4. Тўртинчи фазилат:

Уламолар Аллоҳдан ҳақиқатдан қўрқадиган зотлар экани ҳам илмнинг фазилати ва самараси буюклигига далил.

Аллоҳ таоло ҳақиқий уламоларни мақтаб марҳамат қилади:

{إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاءُ} [فاطر: 28].

Маъноси:

“Албатта Аллоҳдан бандалари орасидаги уламолар қўрқур”.

(Фотир сураси, 28-оят).

Имом Абдурраҳмон ибн Саъдий раҳимаҳуллоҳ ўз тафсирларида мана бундай ёзадилар:

“Аллоҳни кўпроқ ва яхшироқ таниган ҳар бир шахс У Зотдан кўпроқ қўрқадиган бўлади. Аллоҳдан қўрқишлик гуноҳлардан узоқ қилади ва У Зот билан бўладиган учрашувга тайёр туришга чорлайди. Манашулар илмнинг фазилатига далил. Бас, илм Аллоҳдан қўрқишга чақиради, Аллоҳдан қўрқадиган зотлар У Зот ҳузурида улуғланадиган каромат аҳлидирлар”.

Шайх Алоуддин Мансур ҳам ояти кариманинг изоҳида айтадилар:

“Мазкур оятда Оллоҳдан фақат ҳақиқий илм-маърифат эгалари қўрқишлари уқтириб ўтилди”.

 

5. Бешинчи фазилат:

Илмнинг фазилати буюклиги учун ҳам Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳга дуо-илтижо қилишга буюриб, мол-мулкларини эмас, балки илмларини зиёда қилишини сўрашга буюрди.

Аллоҳ азза ва жалла айтади:

{وَقُلْ رَبِّ زِدْنِي عِلْمًا} [طه: 114].

Маъноси:

“Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин, деб айтинг”

(Тоҳа сураси, 114-оят).

Имом Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ ёзадилар:

“Аллоҳ Ўз Пайғамбарини Ўз Зотига илтижо қилиб шу илм неъматидан янада кўпроқ беришини сўрашга буюрганининг Ўзи етарли шарафдир”.

 

6. Олтинчи фазилат:

Қиёмат куни аҳлиилмларнинг сўзларини ҳужжат қилиниши ҳам илмнинг яна бир буюк фазилатини кўрсатади.

Аллоҳ таоло хабар бериб айтадики:

{وَقَالَ الَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ وَالْإِيمَانَ لَقَدْ لَبِثْتُمْ فِي كِتَابِ اللَّهِ إِلَىٰ يَوْمِ الْبَعْثِ ۖ فَهَٰذَا يَوْمُ الْبَعْثِ وَلَٰكِنَّكُمْ كُنتُمْ لَا تَعْلَمُونَ}. [الروم:56].

Маъноси:

“(Қиёмат) Соати қойим бўладиган Кунда жиноятчи кимсалар (дунёда) бир соатдан ортиқ турмаганларига қасам ичурлар. Улар(ҳаёти дунёда ҳам) мана шундай (ростдан ёлғонга) бурилгувчи эдилар. (Шунда) илм ва иймон ато этилган зотлар айтдилар: Аниқки сизлар Аллоҳ Ўз Китобида ёзиб қўйганидек қайта тирилиш Кунигача турдинглар. Бас, мана шу қайта тирилиш Кунидир. Лекин сизлар (бу Куннинг ҳақ эканини) билмас эдинглар”.

(Рум сураси, 55-56 оятлар).

Имом Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ оятнинг тафсирида ёзадилар:

“Яъни, мўмин уламолар дунёда ҳам кофирлар устидан Аллоҳ ҳужжатларини қоим қилганларидек Охиратда ҳам кофирларга рад берадилар”.

7. Еттинчи фазилат:

Қуръони карим масалларини фақатгина илм аҳллари англай оладилар.

Аллоҳ марҳамат қилади:

{وَتِلْكَ الْأَمْثَالُ نَضْرِبُهَا لِلنَّاسِ ۖ وَمَا يَعْقِلُهَا إِلَّا الْعَالِمُونَ} [العنكبوت: 43].

Маъноси:

“Ушбу масалларни Биз одамлар (ибрат олсинлар) учун айтурмиз. (Лекин) уларни фақат илм эгаларигина англай олурлар” .

(Анкабут сураси, 43- оят).

Имом Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ ҳикоя қиладилар:

“Имом Амр бин Мурра Қуръони карим масалларидан бирини тўла англай олмасалар “Мен илм аҳлидан эмас эканман”деб йиғлардилар”.

8. Саккизинчи фазилат:

Аллоҳ таоло илмни “cултон – раҳбар” деб номлаган.

Аллоҳ таоло айтади:

{قَالُوا اتَّخَذَ اللَّهُ وَلَدًا ۗ سُبْحَانَهُ ۖ هُوَ الْغَنِيُّ ۖ لَهُ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ ۚ إِنْ عِندَكُم مِّن سُلْطَانٍ بِهَٰذَا ۚ أَتَقُولُونَ عَلَى اللَّهِ مَا لَا تَعْلَمُونَ} [يونس: 68].

Маъноси:

“«Аллоҳнинг боласи бор», дедилар. У зот (буларнинг бад гумонидан) мутлақо покдир. У беҳожатдир. Осмонлар ва Ердаги бор нарсалар Уникидир. Сизларнинг ҳузурингизда бу тўғрида (яъни, Аллоҳнинг боласи бор, деган) ҳеч қандай султон – ҳужжат йўқ-ку! Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсангизни айтаверасизларми?”.

(Юнус сураси, 68-оят).

Аллоҳ азза ва жалла яна марҳамат қилади:

{مَا لَكُمْ كَيْفَ تَحْكُمُونَ (154) أَفَلَا تَذَكَّرُونَ (155) أَمْ لَكُمْ سُلْطَانٌ مُّبِينٌ (156) فَأْتُوا بِكِتَابِكُمْ إِن كُنتُمْ صَادِقِينَ} [الصافات: 154-156].

Маъноси:

“154. (Эй Макка аҳли), сизларга нима бўлди?! Қандай (ноҳақ-нораво) ҳукм чиқармоқдасизлар-а?! 155. Ахир эс-ҳушингизни йиғмайсизларми?! 156. Ёки сизлар учун (Аллоҳ бола кўргани ҳақида) бирон очиқ-равшан султон – ҳужжат борми?! 157. Бас агар ростгўй бўлсангизлар (мана шу даъволарингизни қувватловчи) китобингизни келтиринглар-чи?!”.

(Вас-саффот сураси, 154-156 оятлар)

Имом Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ ёзадилар:

“Аллоҳ ҳужжат илмини султон деб номлади. Чунки ҳужжат илми соҳиби илмсиз жоҳиллар устидан раҳбар бўлишини тақозо қилади.

Илмнинг султонлиги қўл салтанатидан кўра буюкроқ, шунинг учун ҳам одамлар қўлга (моддий раҳбариятга) итоат қилишдан кўра ҳужжатга кўпроқ итоат қиладилар. Чунки ҳужжатга қалблар ўз-ўзидан тортилиб эргашади”.

9. Тўққизинчи фазилат:

Аллоҳ наздида амал қабул бўлиши учун илм шарт.

Чунки Аллоҳ учун холис бўлмаган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига тўғри келмаган амални Аллоҳ таоло рад қилиб ташлайди ва бу ҳақиқатни билиш учун албатта илм олиш лозим бўлади.

Аллоҳ таоло айтади:

{فَمَن كَانَ يَرْجُو لِقَاءَ رَبِّهِ فَلْيَعْمَلْ عَمَلًا صَالِحًا وَلَا يُشْرِكْ بِعِبَادَةِ رَبِّهِ أَحَدًا} [الكهف: 110]

Маъноси:

“Ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига сиғинишда бирон кимсани шерик қилмасин”.

(Каҳф сураси, 110-оят).

Имом Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“Амал қилувчида илм бўлмаса унинг амали қабул бўлмайди. Чунки илм Аллоҳга ихлос қилишга ва Суннатга эргашишга еткалайди”.

Ҳар бир амал солиҳ – яхши амал деб ҳисобланиши учун ушбу икки шартни бажо этишимиз лозим:

1. Аллоҳ учун холис бўлиш.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ қилиш.

Илмсиз одам бу икки шартни тўғри бажара олмайди ва натижада қилган амаллари бефойда, ўзига ўзи зиёнкор ва бахтсиз бўлиб қолади.

10. Ўнинчи фазилат:

Илмнинг энг буюк фазилатларидан яна бири: имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда башорат берилганидек жаннат сари етаклашидир.

  “من سلك طريقا يلتمس فيه علما سهل الله له به طريقا إلى الجنة”. رواه مسلم.

“Кимки илм излаб, бирон йўлдан юрса Аллоҳ унга ушбу юрган йўли туфайли жаннат йўлини енгил қилади”.

(Имом Муслим ривояти).

Имом Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“Ҳадисда толиби илм учун илм олиш енгил қилинишига башорат бор. Чунки талаби илм жаннатга етказадиган йўллардан биридир. (Яъни, жаннат йўлида кетаётганини ҳис қилган одам учун юрган йўли лаззатли ва енгил бўлади”.

 

(Давоми бор)

Улашинг
Leave A Comment