2008-10-29: Фитна чиқмасин деб даъватни тўхтатиш мумкинми?

Савол:

Мен ҳозирда АҚШда истиқомат қиламан ва поччам (опамнинг турмуш ўртоқлари) билан бир уйда яшаймиз. Поччам ҳар куни уйда менинг намоз ўқишимни кўриб туриб ҳам парво қилмайдилар. Жумага ҳам чиқмайдилар. Мендан ёшлари анча катта. Бир неча маротаба айтдим. Даъват қилишга ҳаракат қилдим. Жумага ҳам ҳар гал чақираман, лекин у-бу деб баҳоналар топиб чиқмайдилар. Менимча кибр йўл қўймаса керак. Охирги пайтларда намоз ўқиш ёки умуман шунга ўхшаш амалларни ҳам гапирмай қўйдим, чунки кўраяпманки гапларим ёқмаяпти. Фитна чиқмасин деб ўз ҳолларига ташлаб қўйдим. Саволим шу ишим тўғрими? Эртага Парвардигорни олдига борганимда саволга тутилмайманми? Нима қилишимни маслаҳат берасиз?

Фарруҳ.

Шайх Обидхон қори жавоблари – Аллоҳ у кишини Ўз ҳифзида асрасин – :

Аллоҳ таола Наҳл сурасида марҳамат қилади:

ادْعُ إِلَى سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ وَجَادِلْهُمْ بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ إِنَّ رَبَّكَ هُوَ أَعْلَمُ بِمَنْ ضَلَّ عَنْ سَبِيلِهِ وَهُوَ أَعْلَمُ بِالْمُهْتَدِينَ (125)

“Раббингизнинг йўлига ҳикмат ва чиройли мавъиза билан давъат қилинг ва улар билан чиройли услубда мунозара юритинг. Шубҳасиз, Раббингиз Ўзининг йўлидан озган кимсани ҳам, ҳидоят топган зотларни ҳам ҳаммадан кўра яхшироқ билувчидир”…

Сиз у қариндошингизга даъватни тўхтатманг. Аммо даъватнинг муносиб услубларини қўллашни ўрганинг. Даъват услублари ҳар хил бўлади. Тўғридан-тўғри: “Намоз ўқинг, мана буни қилинг, мана буни қилманг” дейиш ва ва ҳоказо ишлар ҳам даъват услубидир. Аммо бу услуб фойда бермаган бўлса, бошқасини қўллаш лозим. Яъни “Намоз ўқинг, мана бу йўлга юринг” деган сўзнинг ўрнига ёки “Менга нима” деб ташлаб қўйишнинг ўрнига ё эса бошқа ерга кўчиб кетишнинг ўрнига ҳар куни ўша инсон учун ярим соат вақтингизни ажратасиз. У киши билан турли мавзуларда хос суҳбатлар қилишга ҳаракат қиласиз. Суҳбатингизда сиз у кишини даъват қилувчи вазифасини эгалламасдан, оддий суҳбатдош мақомида туришингиз керак бўлади. Аммо суҳбат мавзуларини оҳисталик билан Охират, иймон, Ислом ва солиҳ амаллар мавзусига шундай донолик билан буришингиз керакки, суҳбатдошингиз буни сезмай қолсин ёки сезса ҳам бу ишингиздан малоллланмасин.

Сиз ҳар бир суҳбатингизнинг натижасини ёки самарасини шу суҳбатнинг ўзидаёқ кутишингиз тўғри эмас. Даъват ишида ниҳоятда сабрли ва мулойим табиатли бўлиш зарур…

Сизнинг ўша уйда яшаб турганингизнинг ўзи катта фойда. Бу ҳолатда сиз ҳам давъат, ҳам силайи раҳм фарзини адо этаётган бўласиз. Ҳам ўзингизнинг динингизни саломат сақлаётган бўласиз. Сиз ўша уйда туриб агар у кишини намоз ўқишига эришмаётган бўлсангиз ҳам ўзингиз динингизга бемалол амал қила олаяпсизми?
Шунга шукр қилинг ва шу шароитнинг қадрига етинг. Одамлар мусофир юртларда ножинс ва фосиқ одамлар билан бир хонада, нопок муҳитда яшашга мажбур бўлаётганлари бор…

Манба: “Ислом Овози”

Фитна чиқмасин деб даъватни тўхтатиш мумкинми?

Улашинг
Leave A Comment