“Бирор жон тоабад қолмас, эмасдур мангу бул дунё … Қани Фиръавну Қорунлар, қани Искандару Доро”
Ҳувайдо ғазалига мухаммас:
Бирор жон тоабад қолмас, эмасдур мангу бул дунё,
Қани Фиръавну Қорунлар, қани Искандару Доро,
Умр соатлари ўтгай мисоли тез оқар дарё,
Ўлимдан бехабар бўлма, бўлур ногаҳ санга пайдо,
Яқонгдин олса қўймас, айласанг сад бор вовайло.
Ақлни ишлатиб мундоқ, тафаккур бирла ўйлаб кўр:
Ким эрди дуняға устун, ўлимға берди чап ул зўр?
Тамом ғафлатда қолмасдин бурун қил тавба, тур, оҳ ур,
Ўлимнинг олдида шоҳу гадо барча баробардур,
Ўшандоғ Мустафо ўтти, бўлур ўлмас киши қайдо?
Этиб бир икки сажда, тоату тақводин урдинг лоф,
Суриб айшинг, емак-киймакда беҳад айладинг исроф,
Етар шунча единг ёғлиқ таом, кийдинг либос зарбоф,
Ўзингга келғилу инсоф қилғил бўлма ноинсоф,
Худодин қўрқ, уят элдин, қил эмди тоату тақво.
Белинг тоатга маҳкам боғлағил, шулдур нажот, билсанг,
Юзинг оқ бўлғуси унда, ки тоат бунда кўп қилсанг,
Саҳарларда туриб йиғла, ажаб йўқ, тонгла чин кулсанг,
Ғанимат бил ҳаётинг неча кун Ҳақ ёдида бўлсанг,
Ва гар на бу тирикликдин, биродар, ўлганинг авло.
Бақосиз дуняни дорулбақо деб билма, эй нодон,
Жарангдор зебу зарларни назарга илма, эй нодон,
Бу қаллоб тавқини зинҳор бўюнга солма, эй нодон.
Баҳосиз бебаҳо умрунгни зое қилма, эй нодон,
Қўлингдин бой бериб беҳуда ишга қилмағил савдо.
Кел эмди, Шокир, оҳ урғил, ки оҳи охират бўлсун,
Илоҳо, бор экар донинг гиёҳи охират бўлсун,
Қўлингдин берма тақвони, силоҳи охират бўлсун,
Ише қил, эй Ҳувайдо, зоди роҳи охират бўлсун,
Туман олтин, кумуш йиғсанг, бўлолмас тўшаи уқбо.
Шайх доктор Сайфуллоҳ Носир
1435 йил, ражаб ойининг йигирма олтинчисида (25.05.2014 да) битилди.
* “Кўмуб неъматлара доим, Эгам кўрсатди кўп алтоф” деган мисра муҳтарам қори акамиз Ҳасан ал – Муқрий таклиф этган “Этиб бир икки сажда, тоату тақводин урдинг лоф”га ўзгартирилди. Аллоҳ ажрларини зиёда этсин.
(Шайх доктор Сайфуллоҳ Носир)