2013-02-01: ПРЕСС-РЕЛИЗ
Имом Обидхон Назаров ҳаётига суиқасдни жиддий текшириш талабида ўтказиладиган пикет муносабати билан
ПРЕСС-РЕЛИЗ
2013 йилнинг 22 феврал куни дунёнинг турли мамлакатларида яшовчи ўзбек диаспораси вакиллари бундан бир йил олдин таниқли имом Обидхон қори Назаровнинг ҳаётига суиқасд уюштирилгани муносабати билан норозилик пикетлари ўтказишади.
Устозимиз Обидхон қори акага нисбатан суиқасд уюштирилганига бир йил тўлар экан, афсуски, шу кунгача ушбу жиноятни ижро этган, унга ёрдам берган ва уларга буйруқ бериб, уларни молиявий таъминлаган кимсаларнинг биронтаси ўз қилмишига яраша жазо олгани йўқ.
Турли давлатларда уюштириладиган тадбирларга қуйидаги ҳолатлар сабаб бўлди:
- Суиқасд ижросига бевосита ёрдам берган Ўзбекистон фуқаролари Нодира Аминова ва Баҳодир Пўлатовлар прокуратура тақдим этган очиқ-ойдин фактларни инобатга олмай, Остерсунд маҳкамаси томонидан озод этилгани;
- Сундсвалл шаҳри апелляцион маҳкамасида прокурор тақдим этган шикоят асосида кўриб чиқилиши керак бўлган бу ишнинг бирор-бир сабаб кўрсатилмай, ноаниқ муддатга қолдириб келинаётгани;
- Асосий гумонланувчи Юрий Жуковскийнинг Россияда қамоққа олингани ҳақидаги хабарлар оммавий ахборот воситаларида чиққанига қарамай, швед расмий идораларининг бу тўғрида сукут сақлаб келаётгани.
Талабларимиз:
- Имом Обидхон Назаров ҳаётига қилинган суиқасд жиддий текширилсин!
- Жиноятчилар қўлга олинсин ва жазолансин!
- Бу ишда адолат сиёсий манфаатлар қурбонига айланмасин!
- Швед ҳукумати сиёсий қочқинларнинг хавфсизлигини таъминласин!
Бу ишда адолат қарор топишига бефарқ бўлмаган барча журналистлардан воқеани ОАВда ёритишни илтимос қиламиз.
Обидхон қори ака бугун ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қодир эмаслар. Шу боис, биз у кишини ҳурмат қилган барча инсонларни бу тадбирларда иштирок этиб, қори аканинг инсоний ҳақларидан бирини адо этишга чақирамиз.
Пикетларнинг ўтказилиш жойлари ва вақтлари ҳамда жойлардаги масъуллар, иншоаллоҳ, пикет ўтказилишидан камида бир ҳафта олдин қўшимча равишда эълон қилинади.
Ташаббус гуруҳи
Манба: Ислом Овози