2009-03-30: Ўзбекистонда исломий давлат бўладими?

“Қурултой”нинг бу галги сонида таниқли уламо Обид қори Назаров¸ таҳлилчи Камолиддин Раббимов¸ мустақил журналист Носир Зокир¸ таҳлилчи Малик Абдураззоқов иштирок этишади. Шунингдек, эшиттириш давомида биз инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева билан ҳам боғланишга ҳаракат қиламиз.

(Биз Талаба саҳифаси таҳририяти бу ерда ҳозирча фақат шайх Обидхон қори фикрларини келтирмоқчимиз)

Озодлик: Мана турли хил фикрларни эшитдик. Энди навбатни таниқли уламо Обид қори Назаровга берсак. Марҳамат домла.

Обид қори Назаров:
Ассалому алайкум ҳурматли тингловчилар¸ ҳурматли иштирокчилар. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

Келажакда қандай давлат бўлиши керак ëки қандай давлат бўлиши мумкинлигига келадиган бўлсак¸ бу борада ҳозирдан қатъий бир фикр айтиш қийин деб ўйлайман. Аммо менимча ҳар икки томон ҳам бир бирини ўрганиши лозим.

Исломий давлат тарафдорлари ҳам¸ буларга қарши қўлимга қурол олиб курашаман деганлар ҳам¸ яхшироқ ўйлаб кўришлари керак. Мана шу сўзлардан яна бир нарсани таъкидлаш керакки¸ экстремизм¸ терроризм деган нарса мусулмонларга¸ Исломга ëпиштириб қўйилган тамға эмаслигини кўрсатади.

Дунëвийликни қўлга қурол олиб ҳимоя қилишни қандай талқин қилиш мумкин? Мен иккала томон ҳам қуролни бир чеккага қўйиб тафаккур қилиб¸ фикр билан¸ илм билан¸ ҳикмат билан¸ тажриба билан бир бирларига муносабатда бўлишлари керак деб айтган бўлардим.

Озодлик: Мана интернетда www.wikipedia.org деган сайт мавжуд. Ўша ерда шундай ëзилган: Исломий давлат бу шариат аҳкомлари асосида қурилган тузумдир. Исломий давлат доктринасининг классик тарзига кўра давлат миллатга кўра белгиланмайди¸ балки уммат асосига қурилади.

Исломий давлат типи Ғарб тушунчасидаги ҳуқуқий давлат шаклига анчайин яқин¸ аммо бу нафақат бошқарув воситаси ва усули бўлиб давлатлар шаклларининг йиғиндиси ҳамдир.

Сайтга кўра¸ шу пайтгача исломий давлатнинг тўрт шакли мавжуд бўлган.

Обид қори ака¸ сизнинг бу маълумотларга қўшимчангиз ëки тузатишларингиз борми?

Обид қори Назаров:
Бу ўринда айтиш мумкинки¸ диний давлат тарафдорлари ëки дунëвийлик тарафдорлари ўртасидаги бир бирига бўлган ҳадиксираш¸ ëтсираш ва душманона муносабатларга эътибор бериш керак деб ўйлайман. Чунки бу икки хил сўзни айтаëтганлар¸ бундай олиб қарасангиз¸ бир мамлакатнинг фуқаролари. Бу ëтсираш¸ бегонасираш ҳеч қайси томонга фойда келтирмайди.

Менинг айтмоқчи бўлган сўзим шундан иборатки¸ икки томон бир бирини ўрганиши керак. Мусулмонлар исломий илм билан бир қаторда дунëвий билимларни ҳам ўрганишлари зарур.

Мусулмонлар сиëсат борасида бўлсин ëки бошқа соҳаларда бўлсин билимларни ўрганишлари қанчалик зарур бўлса¸ худди шунга ўхшаб сиëсатчилар ëки демократик тузум тарафдорларининг исломга кўпроқ яқинлашишлари керак бўлади. Бу халққа яқинлашув дегани.

Кўпчилик исломий давлат тарафдори эканлигини билдираëтган экан¸ бу уларнинг қалбидан чиқаëтган сўз. Инсоннинг қалбини¸ ўй-фикрларини¸ дилини ҳурмат қилиш аввало демократик тузум тарафдорларининг вазифалари. Улар бу нарсани илмсизликка ëки шароитни билмасликка йўймасдан¸ бунга воқелик сифатида қараш керак.

Сал бағримизни кенгроқ қилишимиз¸ турли фикрларга очиқлигимизни амалда исбот қилишимиз керак бўлади. Биз давлат бошқарувида¸ уни тузишда диндан нималарни олсак бўлади¸ деган саволни қўйишимиз лозим.

Дин фақатгина охиратни эслатадиган нарса десак¸ ўзимизни ўзимиз алдаб қўямиз. Динда бошқа гаплар ҳам бор. Динда подшоларга¸ вазирларга¸ ҳарбийларга тааллуқли қанчадан қанча насиҳатлар¸ ўгитлар¸ маслаҳатлар бўла туриб¸ уни четга сурганимиз билан унинг рўпарамиздан чиқиб қолиши бор. Мана шу мавзунинг мана ҳозир кўтарилиши ҳам шуни кўрсатаяпти.

Мусулмон давлатлардаги ҳолатни таҳлил қилиш¸ улардан ибратли жиҳатларни олиш¸ Ғарб давлатларидаги ибратли жиҳатларни ўрганиш ҳам мусулмонлар учун зарур нарса. Динда кўп тарғиб қилинган¸ бугун мусулмон давлатларида бўлмаган ижтимоий адолат ва ҳоказоларни Европа жамиятида кўриб баъзан ҳайрон қоласиз.

Ҳар икки фикр тарафдорлари бир бирларини ўрганишлари керак деб ўйлайман. Мана глобал бўҳрон бўлаëтган бир пайтда ўз-ўзидан ислом иқтисоди ўртага чиқаяпти. Мақсад нима? Мақсад шу жамиятни фаровонлаштиришми¸ халққа фойда олиб келишми ëки битта ғояни байроқ қилиб олиб¸ уни обрўсизлантиришми?

Шароит бизни ўзгартиради. Мана сиëсатлар ўзгараяптику. Мақсад халқнинг фаровонлиги¸ дунëнинг тинчлиги¸ миллатлар тотувлиги бўлса¸ шу нарсага олиб келадиган омил қаерда бор? Бу омил Исломда бўлса¸ марҳамат олайлик¸ агар ғайримусулмонларда бўлса¸ марҳамат олайлик.

Мен келажакда қанақа давлат бўлишини аниқ айта олмайман. Чунки бу сиëсатчиларнинг ахлоқи ва икки тарафдаги одамларнинг хулқи¸ тарбиясига боғлиқ масала. Яъни Исломда адолат¸ ҳақиқат ҳукмрон бўлган замонлар бўлганку. Нима учун биз бундан ўрганмаслигимиз керак?

Ўша нарсаларни ҳаëтга тадбиқ қилишга ҳаракат қилишимиз¸ адолатни¸ ҳақиқақатни тиклашга интилишимиз¸ зулмни даф этишда бирга ҳаракат қилишимиз зарур. Бу борада Қуръон ва ҳадислар бизга жуда зарур. Ўша пайтдаги муносабатлардан¸ тузумлардан инсонлар хабардор эканлар¸ гапираëтганлар ана шундан келиб чиқиб гапираяптида.

Бу тарих¸ бу тажриба¸ бу илм. Бу ибодат масжидга кириб тасбеҳ ўгириб ўтирадиган ибодат эмас. Бу ҳаëт. Ҳаëтга кенгроқ қарашимиз ва фойдали нарсаларни аста-секин ўзимизга олишимиз керак.

Озодлик: Дастуримиз ҳам ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Дастуримизга Обид қори Назаров якун ясаб берсалар.

Обид қори Назаров:
Биз келажакда бизнинг юртни бошқарадиган одамлар диний бўлсин¸ имом бўлсин демаймиз. Раҳбар динни яхши биладиган¸ исломдан хабардор бўлган¸ турли хил қарашларга ва оқимларга очиқ юзлилик¸ кенг юраклилик¸ тафаккур билан¸ мулоқот услуби билан ëндаша оладиган¸ ўзининг ҳақлигини¸ йўлининг тўғрилигини сўз билан тушунтириб бера оладиган¸ сўзининг тўғри эканлигига одамларни ишонтира оладиган одам бўлиши керак. Давлат ана шундай давлат бўлиши керак.

Мен демократик давлат¸ диний давлат¸ исломий давлат деган атамаларда қандайдир бир етишмовчилик кўраяпман. Бу атамаларнинг биттасини ўз олдимизга қўйиб олишимиз билан мақсаддан чалғиб кетаëтганга ўхшаймиз.

Бир жиҳатдан қарасангиз Исломга қарши курашаëтган¸ исломий давлат деган иборани ўзининг душмани деб биладиган давлатларнинг кўпчилиги Ислом конференцияси ташкилотининг аъзоси. Ўртада мана шундай номутаносибликлар бор. Балки бу олимларнинг олдидаги вазифалардан биридир.

Исломий давлат¸ демократик давлат деган атамаларнинг устида изланиш олиб борилиши¸ уларга кенгроқ изоҳлар¸ шарҳлар берилиши балки кун тартибига чиқадиган мавзулардан биридир.

Дейлик Ўзбекистонда ҳукумат ўзгарадиган бўлса¸ келадиган раҳбарлар кўп нарсадан бохабар¸ халқнинг дилини топа оладиган¸ динга максимум даражада эркинлик бера оладиган бўлишини биз орзу қилардик. Оллоҳ таоло барчага мана шундай яхшиликни насиб этсин.

Яна бир бора айтаман биз дунë ва ислом тажрибасидан ўрганишимиз даркор. Тарихда ўтган боболаримиз исломий давлат қуришган¸ ислом давлатини бошқаришган. Биз улардан воз кеча олмаймизку.

Уларнинг тажрибалари¸ улар қолдирган қанча улкан мерос бор. Бу ерда Оллоҳнинг китоби¸ Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам нинг ҳадислари бор. Биз бунинг бир четини ушлаб олишимиз билан мақсад ҳосил бўлмайди ва қайта-қайта муаммога дуч келаверамиз.

Шунинг учун масалага кенгроқ қарашимиз ва узоқни кўзлаб ëндашишимиз керак бўлади. Яқин келажакда Ўзбекистонда ислом давлати қурилади ëки қуриш керак деган сўзни айтишни ўринсиз деб ўйлайман.

Манба: Озодлик радиоси веб-саҳифаси

Улашинг
Leave A Comment