17 – cуҳбат: Аллоҳни доимо зикр қилиб юриш (6-қисм)
Зикр қилиш одоблари:
1. Ихлос; (Барча солиҳ амалларда фақат ва фақат Аллоҳнинг розилигини исташ, холис ниятли бўлиш доимо энг биринчи ва энг буюк одобдир!)
2. Суннатга мувофиқ бўлиши; (Бу одоб ҳам барча ибодатларда шарт бўладиган фарз одоблардан).
3. Таҳоратли бўлиш; (Бу мустаҳаб одоб, таҳароатсиз бўлган пайтлари ҳам зикр қилиб юриши жоиз, аммо мўмин киши таҳроатли бўлиб юради).
4. Қиблага юзланиб ўтириш; (Бу ҳам мустаҳаб, имкон бўлса алҳамду лиллаҳ, қийин бўлса шарт эмас).
5. Зикр қилишда аввало Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар, мақтовлар айтиш; кейин Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавоту саломлар айтилади, ундан сўнг бошқа дуоларга ўтилади;
6. Имкон қадар Аллоҳ таолога ҳамду саноларни доимо ва такрор такрор айтиб юриш; (Зикр айтишда ҳам энг афзал зикрларни айтиб юришга ҳаракат қилиш, энг афзал зикрлар эса авваламбор Намоз, Қуръони карим тиловати, Тавҳид калимаси ва Аллоҳ таолога энг суюкли бўлган калималар:
“لا إله إلا الله وحده لا شريك له له الملك وله الحمد وهو على كل شيء قدير”
“سبحان الله، والحمد لله، ولا إله إلا الله، والله أكبر”
Ҳадиси Қудсийда Аллоҳ таоло айтадики:
في الحديث القدسي:” يقول الرب عز وجل: من شغله القرآن وذكري عن مسألتي أعطيته أفضل ما أعطي السائلين، وفضل كلام الله على سائر الكلام كفضل الله على خلقه”. قال الترمذي: هذا حديث حسن غريب
“Кимники Қуръон ва Менинг зикрим ўзининг тилакларини Мендан сўрашдан машғул қилиб қўйса, яъни ўзининг тилакларини сўрашдан кўра Қуръони карим тиловатини ва Мени зикр қилишни устун кўрса Мен унга тилакларини сўрайдиганларга берадиган неъматларимдан ҳам кўра афзалроқ неъматлар бераман, Аллоҳнинг каломи бошқа каломлардан афзаллиги шу даражадаки, Аллоҳ таоло Ўзи Ўзининг бандалари ва махлуқотларидан афзал бўлгани кабидир”.
7. Зикр учун муносиб макон ва замонларни танлаш; (мисол учун саҳар вақтлари таҳажжуд намозлари-ю истиғфорлар билан зикрда бўлиш, бомдод намозидан кейин ҳам то қуёш чиққунга қадар, асрдан кейин кун ботгунга қадар, масжидларда намоз, Қуръони карим тиловатлари ва бошқа буюк зикрлар билан ўтириш. Масжидда бўлмаган вақтлари ҳам ва бошқа барча замону маконларда ҳам Аллоҳнинг зикри билан яшаш албатта жуда жуда буюк ибодат. Инсон ўз уйида ҳам, кўчаларда ҳам, кеча-ю кундузлари доимо Аллоҳнинг зикри билан яшашга ҳаракат қилиши лозим).
8. Аллоҳ таолони фақатгина пок жойларда зикр қилиш, зикр қилувчининг оғзи ҳам пок бўлиши лозим.
9. Тил билан зикр қилишдан қайтарилган жойларда зикр қилмаслик:
– Ҳожатхонада ўтирганда.
– Жимоъ (жинсий алоқа) ҳолатида.
– Уйқу келган пайтда, чунки инсон уйқисираган пайт билмасдан ўзини ҳам дуои бад қилиб юбориш хавфи бор.
– Жумъа хутбасини эшитиб ўтирганда, чунки хутбага қулоқ солиш вожиб.
– Намозда тик турганда Қуръондан бошқа зикрларни ўқимаслик.
10. Аллоҳни зикр қилганда У Зотнинг буюклигини қалбида ҳозир қилиш; Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг гўзал ва буюк исм-сифатларини ёд олиб, ҳар бир талаффуз қилаётган зикрларининг маъноларида тафаккур қилиш;
11. Зикр қилганда кўзларидан ёшлар оқиши; чин қалби билан таъсирланиб, қилган гуноҳларини эслаб тавба-тазарруълар билан, Аллоҳнинг азобидан қўрқиб, Аллоҳнинг раҳимли Зот эканини ҳам ёд олиб марҳаматларини умид қилиб йиғлаш.
mp3: юклаб олиш
real: юклаб олиш