2007-09-26: Абдулқуддус қори -раҳимаҳуллоҳ-нинг охирги кунлари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Буюк Аллома Абдулвали қори аканинг умр йўлдошлари Шарифахон опа, ўғиллари Абдулқуддус қори ва набиралари Абдулвадуд қори (барчаларини Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз марҳаматига олган бўлсин) муҳожирот машаққатларига сабру бардош бериб, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак шаҳарлари Мадинаи мунавварага соғ-саломат етиб келишганини эшитиб, бениҳоя хурсанд бўлдим.
Муборак Рамазони карим ойининг 6-13-кунлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак масжидларида ҳар куни ёзиладиган ифтор дастурхонларида ва таровиҳ намозларида Абдулқуддус қори ва ўғиллари Абдулвадуд қорилар билан биргаликда иймоний суҳбатларга муваффақ бўлдим.
Абдулқуддус қорининг суҳбатларига мушарраф бўлиш учун ҳар куни Мадинаи мунавварада истиқомат қиладиган ўнлаб толиби илм биродарларимиз келишарди.
Шайх Абдулқуддус қори барчаларига ўзларининг чиройли насиҳатларини тақдим этар, муборак оталари Шайх Абдулвали қори (Аллоҳ таоло у зотга нажот бериб, душманлари устидан ғолиб қилиб, дунё ва охират бахт-саодатини ато этсин) ҳаётларидан ибратли қиссалар айтиб берар эдилар.
Масжиди Набавий (Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари)да намозхонлар тиловат қилиб ўтиришлари учун Қуръони каримнинг ўн минглаб нусхалари қатор тахлаб қўйилганига қарамасдан, Абдулқуддус қори ёшликларидан кўтариб юрган қизил бахмал билан муқоваланган Мусҳафни доим ўзлари билан олиб юришларига шоҳид бўлдим.
1428 йил, Рамазони каримнинг 14-кечаси (2007 йилнинг 25 сентябридан 26 сентябрига ўтар кеча) шайх Абдулқуддус қори билан биргаликда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида ифтор қилиб, шом намозини ўқидик. Шомдан кейин ўша ерда Қуръон тиловати билан машғул бўлдик. Хуфтон намозини ўқиганимиздан сўнг шайх Абдулқуддус қори жаноблари биз билан хайрлашдилар ва шу кеча оналари ва бошқа баъзи қариндошлари ҳамроҳлигида Маккаи мукаррамага йўл олишларини хабар бердилар.
Биз у киши билан хайрлашар эканмиз, бир неча кундан сўнг Маккаи мукаррамада учрашиш орзусида қолишимизни изҳор этиб, солиҳ дуолар қилиб қолдик.
Шу кеча соат 3:00 лар атрофида, саҳарлик вақтида шайх Абдулқуддус қори жанобларининг қўл телефонларидан менинг қўл телефонимга қўнғироқ бўлди. Жавоб берганимда у киши билан биргаликда умра сафарига отланган қариндошларидан бири маҳзун овоз билан автоҳалокат хабарини бердилар. У киши ўша вақтда мусибат жойида эдилар. Мен ва мен билан бирга бўлган биродарларимиз жуда ҳам оғир аҳволга тушиб қолдик ва дарров ёрдам учун отландик. Машинамизга миниб энди Мадинаи мунавварадан Маккага йўл олиб кетаётган пайтимиз яна қўл телефонимга Абдулқуддус қорининг телефонларидан қўнғироқ бўлди ва бир араб биродар (тез тиббий ёрдам масъулларидан бири экан) автоҳалокатга учраган биродарларимизнинг Мадинаи мунавварага олиб келинаётгани ва бу шаҳардаги Қирол Фаҳд номли шифохонага ётқизилишларини хабар қилди.
Тез ёрдам машинаси то Мадина шаҳрига етиб келгунга қадар биз жуда чуқур ташвишда, шайх Абдулқуддус, оналари ва бошқа ҳамроҳлари тақдиридан қаттиқ хавотирда зўрға сабр қилиб ўтирдик.
26 сентябр, чоршанба куни эрталаб соат олтиларда тез ёрдам машинаси етиб келди, аммо бу машинада Абдулқуддус қори йўқ эдилар. Машинада фақат у кишининг қариндошлари келган экан. Шифохона врачлари уларни дарров даволашга тушдилар, биз эса Абдулқуддус қори, оналари ва ўғиллари Абдулвадудлар қаерга олиб кетилганини суриштира бошладик.
Орадан кўп вақт ўтмай, биз уларнинг бошқа бир тез ёрдам машинаси билан Маккаи мукаррамадаги ўликхонага олиб кетилганларини билдик…
Бу хабарни эшитишимиз билан барчамиз карахт бўлиб қолдик ва ярадор қариндошларидан бу мусибатли хабарни яширишга ҳаракат қилдик. Бироқ қанчагача буни яшира олардик?!
Маккаи мукаррамада яшайдиган биродарларимиз зудлик билан марҳумларнинг жасадларини музхонадан чиқариш учун расмий доираларга мурожаат қила бошладилар ва орадан бир неча соатлар ўтиб, марҳумларни ювиш учун махсус хайрия ташкилотларидан бирининг ёрдамида ғусл қилишга муваффақ бўлдилар.
Шундан сўнг жаноза намози бомдод намозидан кейин Каъбатуллоҳ масжидида – бутун дунёдаги энг муқаддас масжидда ўқилиши маълум қилинди.
Биз Мадинаи мунавварадаги ярадор қариндошларни шифохонага жойлаганимиздан сўнг, уларга қараб ёрдам бериб турадиган биродарларни тайинлаган ҳолда дарҳол Маккаи мукаррамага йўл олдик ва Аллоҳнинг марҳамати ила у ерга бомдод намозидан олдин етиб бордик. Миллионлаб мусулмонлар қаторида жаноза намозида қатнашдик.
Жаноза намозидан сўнг Маккаи мукаррамадаги машҳур қабристонга йўл олдик ҳамда у ерда марҳум Абдулқуддус қори, марҳум ва муборак оналари Шарифахон опа ва марҳум Абдулвадуд қориларнинг дафн маросимларида қатнашдик.
Умра ёки ҳажни ният қилган киши юзи ва бошини ўраши жоиз бўлмагани сабабли, умра ва ҳаж ибодатини адо этиш асносида вафот қилган киши Қиёматгача шу ҳолда бўлиши ва Қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурига талбия айтиб бориши башорат қилинган. Шу боис, барча марҳум умрачиларнинг юзлари жанозада ҳам очиқ ҳолда бўлади.
Биз шайх Абдулқуддус қори ва ўғиллари Абдулвадуд қорининг юзларини охирги видолашув лаҳзаларида ҳам кўришга муваффақ бўлдик. У кишиларнинг юзларидан нурлар сочилиб турар, жуда гўзал ҳолатда худди ухлаб ётгандай эдилар.
Бундай буюк ва муборак вафотни кўрган саудиялик устозларимиздан бири қуйидаги сўзларни айтиб юбордилар:
“Аллоҳу акбар! Бу каби кўпдан-кўп фазилатларнинг, бу каби гўзал хотималарнинг ярми билан мен ҳам вафот топиб кетсам, ўзимни жуда ҳам бахтли инсон деб билар эдим!!!”
Бу чин юракдан айтилган сўзлар бизни ҳаяжонга солди. Ҳақиқатан ҳам Абдулқуддус қорининг ўлимлари барчамиз учун улкан мусибат бўлса-да, аммо гўзал хотима эди…
Аллоҳ таоло нақадар буюк ҳикмат ва марҳамат соҳиби бўлган Зот…
Эй Раббимиз!.. Сендан марҳумларимизни мағфират қилишингни, уларни Ўз раҳматингга олишингни сўраймиз…
Эй Раббимиз!.. Уларнинг гуноҳларини кечир, борадиган ерларини олий қил!.. Дарҳақиқат, Ўзинг барча нарсага Қодир Зотсан!..
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиуун – Дарҳақиқат барчамиз Аллоҳникимиз ва ҳаммамиз Унинг ҳузурига қайтамиз.