2013-02-22: Обидхон қорига суиқасд қилинганининг бир йиллигига намойишлар уюштирилди
Дунёнинг кўп мамлакатларида Ўзбек жамоалари томонидан таниқли ўзбек имоми Обидхон қори Назаровнинг ҳаётига Швецияда суиқасд уюштирилганининг бир йиллиги муносабати билан норозилик намойишлари ўтказилди.
Норозилик намойишлари Обидхон қори яшаб келган ва унга суиқасд амалга оширилган Швецияда ҳам бўлиб ўтган.
Намойишчилар пойтахт Стогольм парламенти олдида тўпланиб, Обидхон қорининг ҳаётига қасд қилмоқчи бўлганлар топиб жазоланишини талаб қилишган.
норозиликларда Обидхон қорининг мухлислари, мухолифат аъзолари ва Швециядаги ўзбек қочқинлари вакиллари қатнашишган.
22 февралда АҚШ, Британия, Туркия, Австралия, Канада, Дания, Голландияда ўзбек жамоалари норозилик намойишлари ташкил қилишади.
Обид қори Назаров ўтган йил шу куни Швециянинг Стромсунд шаҳарчасидаги ўз уйидан масжидга бораётганида номаълум кишилар томонидан отиб кетилган эди.
Швеция маҳкамаси ўзбекистонлик эр-хотинни 55 ёшли Обидхон қори Назаровга суиқасд қилишни уюштиришда гумон қилган. Бироқ маҳкама бу айбловга нисбатан етарли далиллар йўқлигини айтиб , эр-хотиннинг озод қилган эди.
Швеция маҳкамасининг бу қарори Швециядаги ўзбеклар ва Обидхон қорининг шогирдлари ва дўстларининг норозилигига сабаб бўлган эди.
Маҳкамани бевосита кузатган ўзбек муҳожирлар суиқасдга алоқадор кўрилган эр-хотиннинг айби кўриниб турган бўлсада, маҳкама уларни озод қилганидан норозилик билдиришган.
Обидхон қори Назаровга суиқасд қилганликда гумон қилинаётган шахс ҳалигача қўлга олинмаган.
Бундан олдинроқ суиқасдни амалга оширган одамнинг Россияда қўлга олингани айтилган, бироқ бу хабарлар тасдиқланмаган.