Даъват ва давлат ҳақида Сийрати Набавийядан қисқа дарс ва ибрат

Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм

Баъзи суҳбатларда толиби илм биродарларимизнинг баъзилари катта-катта уламоларни қўрқоқликда айблашларини эшитиб қоламиз.

Раббоний ва ҳаққоний уламоларимиз таълим, тарбият, даъват, давлат, сиёсат ва бошқа соҳаларга таъаллуқли масалаларда узоқни кўзлаб ҳаракат қилишлари, оғир муаммоларга тўғри ва ҳақиқий ечим топишда ҳикматли ва сабрли бўлишлари баъзи бир ёшларга ёқмайди.

Баъзи бир ёш толиби илм биродарлар Қуръону Ҳадисдан баъзи ояти карималарни ўқиб олиб, тўғри англамасдан, ноўрин жойларда далил қилиб келтирадилар.

Мисол учун, фақат Аллоҳдан қўрқиш лозимлиги ҳақидаги ояти карима ва ҳадиси шарифларни анашу толиби илм биродарларимиз ўзларига далил қилиб олиб, даъват ва давлат ишларида ҳикматли ва сабрли бўлиб, узоқни кўзлаб иш тутишга чақираётган уламоларга қарши ишлатадилар ва уларни худдики Аллоҳдан эмас, золим ҳокимлардан қўрқаётгандай кўрсатишга уринадилар.

Аслида фақат Аллоҳдан қўрқиш ва шижоатли бўлиш ҳеч қачон ҳикмат, сабр, камтарлик ва бошқа гўзал хислатларга қарама-қарши эмас, аксинча Ягона Аллоҳдан қўрқадиган мўъмин киши шижоат билан бирга ҳикмат, сабр ва барча гўзал хулқларни ўзида мужассам қилади.

 Қуйида бутун башарият ичида энг шижоатли бўлган, ҳаёти давомида бирор марта Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмаган зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шу борада баъзи ибратларни ўрганишга ҳаракат қиламиз:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳобий киромлар мунофиқларнинг каттаси Ибн Убай ибн Салулни ўлдиришга рухсат сўрашганда “Одамлар Муҳаммад асҳобларини ўлдиряпти, деб гапирмасин” деб рухсат бермадилар.

Одамлар тўғри тушунмаслигини эътиборга олиш қоидасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимо қўллардилар, саҳобаи киромлар ҳам бу ҳикматни тўғри тушунар эдилар, ҳеч қачон унга қўрқоқлик деб қарамасдилар.

Чунки бундай ўринларда “Одамларга эмас, Аллоҳга нима дейишни ўйлаш керак, шижоатли бўлиш керак” деган иборалар ҳақ сўз бўлса ҳам ўз ўрнида айтилган бўлмайди.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни “оламларга раҳмат” қилиб юборган экан, умматлари ҳам анашундай бўлишлари лозим.

Ҳудайбийя сулҳида зоҳирига қараганда Макка мушриклари мусулмонлардан устиндек кўрсатадиган бир неча шартларга ҳикматли ва сабрли бўлиб розилик берилди.

Сулҳга қўл қўйилишидан олдин Абужандал розияллоҳу анҳу занжирларига боғланган ҳолларида мушрикларнинг қамоғидан қочиб келиб “Эй мусулмонлар, мени қутқаринглар” деганда уни сабрга чақириб, мушрикларга қайтариб юборилди.

Бугун биров шундай ишга мажбур бўлиб қолса дарҳол уни кофиру хоинга чиқариб ташлайдиганлар бўлади.

Яна шу Ҳудайбийя сулҳида ҳолат шундай нарсани тақозо қилдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушрикларни сулҳга рози қилиш учун “Расулуллоҳ” деган буюк шаҳодат калимасини муборак қўллари билан ўзлари ўчирдилар, чунки мушрикларнинг элчиси: “Муҳаммад Расулуллоҳ деб эмас, Муҳаммад ибн Абдиллаҳ деб ёзилсин, агар биз сени Расулуллоҳ деб билганимизда сенга қарши урушмасдик” деган маънода эътироз билдирганди.

Бу мавзуда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буюк сийратларидан жуда ҳам кўп ибратларни келтиришимиз мумкин, балки иншааллоҳ яқин келажакда “Сийрати Набавийя” дарсини ҳам бошлашимиз мумкин, Аллоҳ таолодан тавфиқ ва мадад тилаб қоламиз.

Хулосатил-калом, бугун раббоний уламоларимиз мушрик ва мунофиқларга қарши курашда ҳикматли бўлишга ва узоқни кўзлашга чақирсалар баъзи ёшларимиз уларни “қўрқоқлик, душманларга алданиб кетишлик ва адашишлик” билан айблаётганликларига гувоҳ бўламиз ва бу албатта жуда ачинарли аҳвол, ундан фақат Ислом душманлари хурсанд бўлади.

Аллоҳ Ўзи барчаларимизга ихлос ва ҳикмат насиб айласин, мусулмонлар орасидаги илмсиз, ҳикматсиз ва бесабр бўлган кишиларни ҳидоят қилсин, холис бўлмаганларнинг ёмонликларини даф қилсин, ҳақ йўлдан адаштирмасин, ўзимиз билиб-билмасдан душманларга хизмат қилиб қўйишимиздан асрасин, Ислом ва мусулмонларни азизу ғолиб, мазлум ва мазлумаларимизга нажот ва нусрат берсин, Ислом душманларини мағлуб этиб, кофиру мунофиқларни хор қилсин, улар биздан эмас, биз улардан ақлу заковат, сиёсату матбуот майдонларида ва бошқа барча соҳаларда устин келадиган бўлайлик …

Улашинг
Leave A Comment