2013-10-11: Ҳаж ва умрага оид муҳим масалалар (3-қисм: ҳажнинг уч хил тури ҳақида )

Ҳаж қилмқочи бўлган киши 3 хил турли ҳаждан бирини танлаши лозим бўлади

(1-“Ҳажжи Таматтуъ”, 2-“Ҳажжи Қирон”, 3-“Ҳажжи Ифрод”)

 

Биринчи турли ҳаж: “Ҳажжи Таматтуъ”га ният қилиш:

Ҳожи агар “аввал умра қилиб оламан, умрани адо этиб бўлганимдан кейин ҳаж кунлари бошланганда ҳаж қилишни бошлайман” деган мақсадда бўлса, демак у “Ҳажжи Таматтуъ”га ният қилмоқчи, “Мутаматтиъ ҳожи” бўлади.

–          “Мутаматтиъ ҳожи”:

–          “Мутаматтиъ ҳожи” ният қилишда “Аллоҳумма лаббайка умратан” деб ният қилади. “Аллоҳумма лаббайка ҳажжан” демайди. Чунки у аввал фақат умра қилади.

–          “Мутаматтиъ ҳожи” Маккага етиб бориб, умра амалларини бажариб бўлиб, охирида сочини қисқартириб ёки қириб эҳромдан чиқади ва ҳаж кунлари бошланишини кутиб, худди Макка аҳлидек яшаб туради.

–          “Мутаматтиъ ҳожи” 8-зулҳижжа куни Маккада турган жойидан (меҳмонхонасидан) “Аллоҳумма лаббайка ҳажжан” деб ҳажга ният қилиб ҳаж амалларини бошлайди (Ҳаж ва умра амаллари ҳақида алоҳида тўхталамиз иншааллоҳ).

–          “Мутаматтиъ ҳожи” Явмун-Наҳр куни (10-зулҳижжа – ҳайит куни) бўлганда ҳаж амаллари қаторида ҳадй сўйиши вожиб бўлади.

–          Ҳаж ва умра ибодатини бажарилганда сўйиладиган ва ёки умумий тарзда нафл ибодат сифатида айнан Маккаи мукаррамада ҳожилар ва умрачиларнинг ҳадйлари билан бирга сўйилиш учун таъйинланган чорва ҳайвонлари – қўй, эчки, туя ва молларни ҲАДЙ деб айтилади. (Ҳаж ёки умра қилмаганлар ҳам Маккаи мукаррамага ҳадй юборишлари савобли ибодатлар қаторига киради).

–          “Мутаматтиъ ҳожи” агар ҳадй сўйишга қодир бўлмаса (молиявий имконияти йўқ бўлса) 10 кун рўза тутиб бериши вожиб бўлади. (3 кун Маккада, 7 кун ўз ватанига қайтгандан кейин).

 

Иккинчи турли ҳаж: “Ҳажжи Қирон”га ният қилиш:

–          Ҳожи агар “Ҳаж билан умра ибодатини бир вақтда бажараман, алоҳида-алоҳида қилиб эмас” деган мақсадда бўлса, демак у “Ҳажжи қирон”га ният қилмоқчи, “Қорин ҳожи” бўлади.

–          “Ҳажжи Қирон”га ният қилишда “Қорин ҳожи”: “Аллоҳумма лаббайка ҳажжан ва умратан” деб ният қилади.

–          Маккага етиб борганда Каъбатуллоҳни тавоф қилиб бўланидан кейин хоҳласа сафо-марвада саъй қилишни ҳам бажариб олиши мумкин, хоҳласа ҳайит кунларига қолдириши ҳам мумкин. (Ҳаж ва умра амаллари ҳақида алоҳида тўхталганда батафсилроқ ёзамиз иншааллоҳ)

–           “Ҳажжи Қирон”га ният қилган “Қорин ҳожи” Маккага бориб тавоф ва саъй қилганидан кейин эҳромдан чиқмайди, муҳрим ҳолатида давом этади, соч ва тукларига тегинмайди, ҳожи ва умрачиларга ҳаром бўлган нарсалардан сақланишда давом этади то ҳайит кунига қадар.

(Эҳромда ҳаром қилинадиган нарсалар алоҳида батафлсироқ тарзда баён қилиб ёзилади иншааллоҳ).

–          “Қорин ҳожи”га ҳам худди “Мутаматтиъ ҳожи”га ўхшаб Явмун-Наҳр куни (10-зулҳижжа – ҳайит куни) бўлганда ҳаж амаллари қаторида ҳадй сўйиши вожиб бўлади.

–          Агар ҳадй сўйишга қодир бўлмаса (молиявий имконияти йўқ бўлса) 10 кун рўза тутиб бериши вожиб бўлади. (3 кун Маккада, 7 кун ўз ватанига қайтгандан кейин).

 

Учинчи турли ҳаж: “Ҳажжи Ифрод”га ният қилиш:

–          Ҳожи агар “мен фақат ҳажнинг ўзини бажараман, умра қилмайман” деган мақсадда бўлса, демак у “Ҳажжи Ифрод” қилмоқчи, “Муфрид ҳожи” бўлади.

–          “Ҳажжи Ифрод”га ният қилишда “Муфрид ҳожи”: “Аллоҳумма лаббайка ҳажжан” деб ният қилади.

–          “Муфрид ҳожи” Маккага етиб борганда худди “Қорин ҳожи” каби эҳромдан чиқмайди, муҳрим ҳолатида давом этади, соч ва тукларига тегинмайди, ҳаж қилаётган ҳожи сифатида унга ҳаром қилинган нарсалардан сақланишда давом этади, то ҳайит кунига қадар.

(Ҳаж ва умра амаллари ҳақида алоҳида тўхталганда батафсилроқ ёзамиз иншааллоҳ).

–          “Муфрид ҳожи” ҳадй сўйиши вожиб эмас, чунки у бир сафарнинг ўзида ҳаж ва умра қилмаябди , фақат ҳаж қилябди.

–          Аммо юқорида айтилганидек, агар ўзи хоҳласа ва қодир бўлса нафл ибодат сифатида ҳадй сўйиши мумкин, бу албатта мустаҳаб, савобли амал.

 

Муҳим масала: бу уч хил турли ҳаждан қайси бири афзал?

–          Бу масала ҳақида уламолар ўрталарида ихтилоф бор ва ҳар бир қавлнинг эътиборли жиҳатлари ва тафсилотлари бор.

–          Кўпчилик уламолар айтишадики: ҳажга бораётган одам, агар ҳадй қилмоқчи бўлган чорва ҳайвонларини ўзи билан бирга олиб бора олса, у учун “Ҳажжи Қирон” афзал. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳажлари шундай бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалардан ким ҳадй қилмоқчи бўлган чорва ҳайвонини Маккага ўзи билан бирга олиб келган бўлса, анашуларга эҳромларидан чиқмасдан давом этишга, яъни “Ҳажжи Қирон” қилишга рухсат берганлар. Валлоҳу аълам.

–          Аммо ҳадй қилмоқчи бўлган чорва ҳайвонларини ўзлари билан бирга олиб бормаган, балки Маккадан сотиб олмоқчи бўлган ҳожилар эса, улар учун “Ҳажжи Таматтуъ” афзал бўлади. Валлоҳу аълам. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалардан ким ҳадй қилмоқчи бўлган чорва ҳайвонини Маккага келишида ўзи билан бирга олиб келмаган бўлса эҳромдан чиқишига, яъни “Ҳажжи Таматтуъ”га ўтишига буюрганлар.

 

–          Яна баъзи уламолар айтишадики, кимки Маккага ҳаж ойлари киришидан олдинроқ сафар қилиб, умра қилиб, сўнгра ватанига қайтиб кетиб, кейин ҳаж ойлари кирганда яна ҳажга бормоқчи бўлса, унга нисбатан “Ҳажжи Ифрод” қилиши афзал. Чунки Абубакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳумлар халифаликлари даврида, улар одамларни “Ҳажжи Ифрод” қилишга тарғиб этишарди. Валлоҳу аълам.

Улашинг
Leave A Comment