2013-10-10: Ҳаж ва умрага оид муҳим масалалар (2-қисм: мийқотлар ҳақида )

– Шариатда ҳажнинг мийқотлари (замонлари ва маконлари) очиқ-ойдин суратда белгилаб берилган:

– “Мийқоти маконий”:  ҳаж ва умра сафарида маълум бир жойга етиб бориб, ўша ердан ўтиб кетиб қолмасдан эҳромга кириш (яъни, ҳажга ёки умрага талбия айтиб ният қилиш) кўзда тутилади.

– “Мийқоти маконий”лар 5 та жой. У жойларнинг исмлари қуйидагича: 1. Зулҳулайфа, 2. Жуҳфа, 3.Яламлам, 4.Қарнул-манозил, 5.Зоти-ирқ (Бу маконларнинг тафсилоти ва аниқ хариталари ўз ўринларида баён қилинади).

– Ушбу “Мийқоти маконий”лардан ўтиб кетиб қолмасдан албатта эҳромга кириш (яъни ҳаж ёки умрага ният қилиб олиш) лозим. Эҳромга кирмасдан ўтиб кетиб қолган киши орқага қайтиб, мийқоти маконийга бориб эҳромга ният қилиши лозим.

-Агар “мийқоти маконий”дан ўтиб кетиб қолиб, кейин эҳромга кирса вожиб амални тарк этган бўлади ва Маккада бир қўй сўйиб, ўша ердаги камбағалларга тарқатиши лозим бўлади. Агар ўзи ўз қўли билан бу ишни бажара олмайдиган бўлса бошқа бир одамни вакил қилиб бажартириши лозим бўлади.

– Эҳтиёт бобидан “мийқоти маконий”ларга етиб боришдан олдинроқ эҳромга кириб олиш ҳукмини кўпчилик уламолар макруҳ деб айтишган.

– Ҳозирги замонда жуда кўп ҳожилар учоқларда ҳавойўллар орқали тўғри Жидда шаҳрига учиб боришлари ва “мийқоти маконий” тепасидан билмасдан ўтиб кетиб қолишлари хавфи мавжуд бўлгани учун учоқ учишидан олдин эҳромга кириб (яъни, ҳаж ёки умрага ният қилиб) олишларига рухсат берилган.

 

 

– “Мийқоти замоний”деб ҳаж ойлари кўзда тутилади. Улар қуйидаги уч ой: 1. Шаввол, 2. Зулқаъда, 3. Зулҳижжа.

– Ҳажга ният қилиш шаввол ойидан бошланади. 1-шавволдан то 8-зулҳижжагача ҳажга ният қилиш ва Маккаи мукаррамага етиб бориш учун бемалол фурсат берилган.

 

– Шаввол ойидан олдинроқ (масалан Рамазон ойида ёки ундан ҳам олдин) Маккага бориб ҳаж вақти келишини кутмоқчи бўлган киши “мийқоти маконий”да ният қилаётганда ҳаж деб эмас, умра деб ният қилиши лозим. Ҳаж вақти келганда Маккада бўлса, ўша турган жойида ҳажга ният қилиб, ҳаж қилишни бошлайверади.

 

– Макка шаҳрига эртароқ етиб борган ҳожилар ўша ерда Макка аҳли ва барча мусулмонлар билан бирга ҳаж кунлари бошланишини кутиб турадилар.

– Маккада ҳаж бошланишини кутиб турадиган ҳожилар эҳромда бўлган ҳолларида бўладиларми ёки умра қилиб, кейин эҳромдан чиқиб турадиларми, деган масаланинг тафсилоти ҳаж турлари ҳақидаги мавзуда келади.

 

8-зулҳижжа кунидан ҳаж амаллари бошланади (тафсилотини кейинроқ ёзамиз иншааллоҳ).

– Умра қилиш “мийқоти замоний” билан чекланмаган, балки умра қилмоқчи бўлган киши йил давомида хоҳлаган вақт умрага ният қилиб умра қилиши мумкин.

Улашинг
Leave A Comment