2013-10-9: Ҳаж ва умрага оид муҳим масалалар (1-қисм: муқаддима)

– Ҳаж аҳкомларини яхши ўрганиш учун албатта устозлардан бевосита дарс олиш керак.

 

– Имконияти йўқ бўлганлар ҳеч бўлмаса китоблардан ўқиб бўлса ҳам ёки шу борада аҳли илмларнинг аудио-видео дарсларини кузатиб, Ислом динининг бешинчи рукни бўлмиш ҳаж ибодатининг энг зарур аҳкомларини ҳажга йўл олишларидан олдин билиб олишлари вожиб.

 

– Аллоҳга шукрлар бўлсинки, Ислом динининг барча ибодатлари, жумладан ҳаж ибодати ҳам енгил ва осон, фақат инсон холис ниятли бўлиб, илм олиш учун Аллоҳ берган ақлни ишга солмоғи ва ҳақга етиш учун озгина ҳаракат қилмоғи лозим.

 

– Бу ерда зикр қилинадиган маълумотлар шошилинч устида ёзилаётган қисқа-қисқа масалалар бўлади ва уларни зикр қилишда илмий тартибга риоя қила олмаймиз, чунки вақт жуда зиқ бўлиб қолди, кўпчиликка маълум деб ўйлаган аҳкомларни эслатиб ўтирмаслигимиз ҳам мумкин.

 

1. Мусулмон, ақлли, озод, балоғатга етган, қодир бўлган кишилар учун умрда бир марта ҳаж қилиш фарз.

Аёлларга маҳрам топилиши ҳам қўшимча шарт бўлади.

 

2. Кофир, мунофиқ одам чин қалби билан Исломга кирмасдан ҳаж қилиши бефойда.

 

3. Балоғтга етмаган бола ҳаж қилса савоб ёзилади иншааллоҳ, аммо балоғатга етгандан кейин яна ҳаж қилиши фарз.

 

4. Аёл киши маҳрамсиз ҳаж қилса ҳажи эътиборга олиниб, фарз бўлган ҳажни адо этган ҳисобланса ҳам, маҳрамсиз сафар қилгани учун гуноҳкор бўлиши мумкин.

 

5. Баъзи уламолар фитнадан омонда бўлган ҳолида маҳрамлари бўлган бир жамоа аёллар билан бирга ҳаж қиладиган бўлса, маҳрамсиз бўлса ҳам, рухсат беришган, “гуноҳ бўлмайди” деб, аммо барибир маҳрам топилмаган аёлга ҳаж фарз бўлмайди.

 

6. Маҳрамнинг сарф-харажати ҳам ҳажга боришга қодир бўлган ва анашу маҳрамга муҳтож бўлган аёлнинг зиммасида бўлади.

 

7. Ҳаж қилиши фарз бўлган киши ўша йилдан кечиктирмасдан бориши фарз деган уламолар бор.

Шунинг учун қодир бўлганлар дарҳол ҳажга отланишлари афзал.

Улашинг
Leave A Comment