2012-10-07: Ҳаж ибодати ва Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни – буюк фазилатлар мавсуми, бахт-саодат лаҳзаларига яқин қолди …

 

  • Бир неча кунлардан сўнг муборак Зулҳижжа ойи киради. Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни энг улуғ ва муборак кунлар. У кунларда бажариладиган солиҳ амаллар Аллоҳ наздида энг суюкли ибодатлардир.

  • 8-Зулҳижжа кунидан бошлаб Маккаи мукаррамада Ҳаж амаллари бошланади. Ҳожилар Мино водийсига бориб бир кеча ўша ерда Ҳаж ибодатларига тайёр бўлиб ётадилар.

  • 9-Зулҳижжа – Арафа куни ҳожилар Арафот майдонида жамланиб Аллоҳ таолога илтижо қиладилар. Аллоҳ азза ва жалла Арафот майдонида тўпланган ҳожиларнинг барчаларини Ўз даргоҳида қабул қилган бўлади ва ҳар қанча улкан гуноҳларни қилган банданинг ҳам Арафот майдонидаги илтижолари туфайли барча гуноҳларини Раҳмону Раҳим бўлган Зот кечириб юборади. Шу сабабли бу кун шайтон учун энг қайғули кун бўлиб, узоқ йиллар давомида адаштириб юрган ўртоқларидан айрилиб, қилган барча ҳаракатлари, васвасаю фитналари бир лаҳзада чилпарчин қилиб ташланади.

  • Ҳожилар Арафот майдонида кун ботгунга қадар дуо-илтижолар қилишгандан сўнг Муздалифа майдонига бориб Ҳайит кечаси ўша ерда Шом ва Хуфтон намозини ўқиганларидан сўнг ухлаб дам оладилар.

 

  • 10-Зулҳижжа – Қурбон ҳайити куни, Аллоҳ наздида энг улуғ кун, “Ҳажжи Акбар куни” деб ҳам номланади. Чунки бу куни ҳожилар Мино водийсига қайтиб бориб Жамарот тошларини отганларидан сўнг, Каъбатуллоҳ масжидига бориб Ҳаж ибодатининг энг буюк рукнларидан бўлган “Тавофул-Ифоза“ни бажо этадилар. Каъбатуллоҳ атрофида етти марта айланиш асносида Аллоҳ таолога илтижолар қилиб хоҳлаган тилакларини ва эзгу орзу-мақсадларини сўрайдилар.

  • Тавофдан сўнг Каъбатуллоҳ ёнида жойлашган Сафо ва Марва тоғи орасида етти марта саъй қиладилар. Бу ибодат билан муборак онамиз Ҳожар алайҳассаломнинг бошларидан ўткан тарихий воқеаларни ёдга оладилар. Фарзандлари Исмоилга сув қидириб ушбу икки тоғ орасида югириб саъй қилганларини Аллоҳ азза ва жалла қиёматга қадар ибрат ва намуна сифатида Ҳаж ва Умра рукнларидан қилиб қўйган.

 

  • Ҳожи биродарларимиз 11, 12, 13- Зулҳижжа кунлари яна Мино водийсида бўлиб, ҳар куни Пешин намозидан сўнг Жамарот майдонига бориб, кичкина жамра, ўртанча жамра ва катта жамрага еттитадан дона-дона тошлар отишади. Бу ибодат ҳам тарихий буюк воқеани эслатади. Муборак бобомиз Иброҳим ва Исмоил алайҳимас-салом Аллоҳнинг амру фармонига ҳозирланиб туришганда шайтон келиб уларни йўлдан оздирмоқчи бўлади ва улар шайтонни тошборон қилишади. Аллоҳ азза ва жалла ушбу рамзий амалларни Ҳаж ибодатининг вожиботлари сифатида шариат қилиб бериши остида жуда ҳам буюк ҳикматлар бор.

 

  • Бундай муқаддас макон ва замонларнинг барча барчасида фақат ва фақат Аллоҳни кўпроқ зикр қилиш, бу дунё ҳаётимизнинг аввалидан охиригача Ягона Ўзига сиғиниб яшаб ўтишга ўрганишимиз учун ушбу ибодатларни шариат қилиб берган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога чексиз шукрлар ва ҳамду санолар бўлсин.

Аллоҳ таоло ҳажга боришга муваффақ бўлган биродарларимизнинг саъй-ҳаракат ва ибодатларини Ўз даргоҳида қабул айласин, ҳажга боролмай қолган биродарларимизга келгуси йиллар албатта насиб бўлсин ва барчаларимизни икки олам бахт-саодатига етказсин.

Улашинг
Leave A Comment