Жумъа куни 28 октябр – Зул-ҳижжа

Ийдул Азҳо байрами – 6 ноябр якшанба куни

Аллоҳ суйган улуғ кунларда бажариладиган амалларнинг мухтасар баёни

Саудия Арабистонида янги ҳилол чиқишини кузатиб борадиган мутахассис мусулмонларнинг гувоҳликларига биноан, Олий Маҳкама бир неча дақиқалар олдин Зулҳижжа ойининг биринчи кечаси кирганини эълон қилди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло энг кўп яхши кўрадиган 10 кун бошланди.

28 октябр Жумъа кунидан бошлаб, 6 ноябр якшанба куни – Ийдул Азҳо байрамига қадар имкон қадар кўпдан кўп солиҳ амалларни бажариб бориш энг буюк ибодатлардан ҳисобланади.

Расули Акрам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу муборак кунларда солиҳ амалларни холисона Аллоҳ учун бажариш ҳатто буюк жиҳод ибодатидан ҳам афзаллигини ва Аллоҳ азза ва жаллага суюклироқ бўлишини башорат берганлар. (Яъни, фарзи кифоя бўлган жиҳоддан зул-ҳижжа ойининг аввалги 10 кунида бажариладиган нафл ибодатлар афзалроқ ва савоби кўпроқ бўлади, агар жиҳод ибодати, хоҳ фарзи айн ҳолати бўлсин, хоҳ фарзи кифоя ҳолати бўлсин, зул-ҳижжа ойининг бошларига тўғри келиб қоладиган бўлса шак-шубҳасиз у энг буюк ибодатлардан бўлади).

Аллоҳ азза ва жалладан илтижо қилиб сўраймизки, барчаларимизни ушбу буюк кунларни ғанимат билиб, буюк ибодатларни бажаришга муваффақ қилсин ва Ўз даргоҳида ҳусни қабул айласин.

Бу кунларда бажариб олишимиз мумкин бўлган солиҳ амаллардан баъзиларини қисқа суратда эслатиб ўтамиз:

  1. Доимо Аллоҳнинг зикри билан банд бўлиш (Айниқса, баланд овоз билан қайта қайта такбир айтиб юриш, биринчи зул-ҳижжа кунидан то 13- кунга қадар);
  2. Фарз ва нафл намозларни мукаммал суратда адо этиш;
  3. Ота-Оналаримизга янада кўпроқ яхшиликлар қилиб, мукаммал хизматларида бўлиш;
  4. Қариндош-уруғларимизга ҳам барча маънавий ва моддий яхшиликлардан раво кўриш;
  5. Ҳаж ва умра ибодатини бажариш;
  6. Қуръони каримни тадаббур билан тиловат ва хатм қилиш;
  7. Тўққизинчи Зул-Ҳижжа Арафа кунига қадар нафл рўзалар тутиш (Ўнинчи Зул-Ҳижжа Ҳайит куни эса рўза тутиш ҳаром бўлади);
  8. Зул-Ҳижжанинг ўнинчи куни “Қурбонлик куни, Ийдул-Азҳо байрами куни” Аллоҳнинг наздида энг улуғ кундир. Бу кунда Ҳайит намози ўқилади ва қодир бўлганлар Аллоҳ учун Қурбонлик қиладилар. Ҳожилар эса “Ҳадй” қиладилар. (Ҳадй ва Қурбонлик ҳайвони қўй, мол ва туядан иборат бўлади.
  9. Фақиру мискинларга хайри эҳсон, садақотлар тарқатиш;
  10. Аллоҳ йўлида шариат илмларини ўрганиш ва ўргатиш;
  11. Ислом ва мусулмонларга турли соҳаларда холисона хизмат қилишда давомий бўлиш.

Сўзимизнинг охирида барчаларингизни кириб келаётган Ийдул-Азҳо байрами билан муборакбод этамиз.

Вассалааму алайкум вароҳматуллоҳи вабарокаатуҳ

Улашинг

التعليقات مغلقة.