“Ийдул-Фитр” аҳком ва одоблари
بسم الله الرحمن الرحيم
“Ийдул-Фитр” аҳком ва одоблари
Ҳар бир умматнинг ўзига хос ўзига мос байрамлари бўлади. Ислом умматига хос йиллик байрамлар эса фақатгина иккита байрамдир.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб келганларида Мадина аҳлининг иккита байрамлари бор эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки:
“قد أبدلكم الله بهما خيراً منهما: يوم الفطر ويوم الأضحى” رواه أبو داود والنسائي.
“Аллоҳ сизларга бу икки байрамнинг ўрнига ундан кўра яхшироқ икки байрам берди: Фитр куни ва Азҳо куни”. (Абудовуд ва Насоий ривоятлари).
Ушбу икки байрам Ислом дининг буюк шиорларидан бўлиб уларни доимо нишонлаб, бу байрамлардан кўзланган буюк ҳикматларни ўрганиб амал қилишимиз даркордир.
Бугунги суҳбатимизда Ийдул-фитр байрамининг баъзи аҳкомлари ва одоблари билан танишамиз, сўнгра байрамда баъзи бир одамлар йўл қўядиган мункар ишлардан огоҳлантириб ўтамиз.
Биринчи мавзу: “Ийдул-фитр” байрами аҳкомлари:
1. Ҳайит куни рўза тутиш ҳаром;
Абу саъийд ал-худрий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки кунда рўза тутишдан қайтардилар: Фитр куни ва Азҳо куни”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
2. Ҳайит намозига эркаклар ҳам аёллар ҳам чиқишлари буюк ибодатдир;
Умму Атийя розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам буюрдиларки: Ҳайит намозига ҳатто “Авотиқ” аёлларни (энди вояга етган ҳали турмушга чиқмаган қизларни) ҳам, “Ҳуййяз” (ҳайз кўрган аёлларни ҳам), “Завотул-Худур” (янги келинларни) ҳам олиб чиқинглар, фақат ҳайз кўрган аёллар намоз ўқиладиган мусаллодан четроқда туриб эзгуликка ва мусулмонларнинг дуоларига шоҳид бўлишсин”.
Баъзи уламолар ҳайит намозини эркакларга фарзи кифоя деган бўлсаларда аммо далил-исботлари кучлироқ қавл; Ҳайит намози барча эркак мусулмонлар учун маълум шартларга биноан фарзи айндир.
3. Ҳайит намозининг хутбаси намоздан кейин бўлади, жумъа намозида эса хутба олдин бўлади.
Ибни Умар, Абу Саъийд ва Ибни Аббос розияллоҳу анҳум ривоят қилишган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайит намозини хутбадан олдин ўқиганлари баён қилинган. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
4. Ҳайит намозига киришда биринчи ракъат аввалида етти марта такбир айтилади, иккинчи ракъат аввалида эса беш марта такбир айтилади.
Яна бир сурати: биринчи ракъат аввалида ҳам иккинчи ракъат аввалида ҳам тўрт марта такбир айтиб бошлаш ҳам жоиз.
Биринчи ракъат аввалида етти марта, иккинчи ракъат аввалида беш марта такбир айтиш Умар, Усмон, Алий, Абу Ҳурайра, Ибни Аббос, Абусаъийд ал-худрий, Абу Айюб ал-ансорий, Зайд бин Собит ва бошқа саҳобаи киромлардан собит бўлган.
Тўрт марта такбир айтиш эса Ибни Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган.
5. Ҳайит намозининг биринчи ракъатида замъ сура учун “Аъла” сураси, иккинчи ракъатида “Ғошия” сурасини ўқиш ҳам суннат;
Баъзида биринчи ракъатда “Қоф” сураси, иккинчи ракъатда “Қамар” сурасини ўқиш ҳам суннат бўлади. (Муслим ривоятлари).
6. Ҳайит намозидан олдин ҳам кейин ҳам махсус суннат намозлар ривоят қилинмаган;
Таҳийятул-масжид намози билан кифояланиб ҳайит намози бошланишини кутиб ўтирилади.
Иккинчи мавзу: Байрам одоблари:
1. Ҳайит намозига чиқишдан олдин ғусл қилиш:
Ибни Умар розияллоҳу анҳумо доимо ҳайит намозига чиқишларидан олдин ғусл қилишлари собит бўлган. (Молик ривоятлари). Маълумки Ибни Умар розияллоҳу анҳумо саҳобаи киромлар ораларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча суннатларини жуда маҳкам ушлаб амал қилиб юришлари машҳур бўлган.
2. Ҳайит намозига чиқиб кетишдан олдин бир неча дона хурмо еб кейин чиқиши ва ейдиган хурмоларининг сони тоқ бўлиши суннат бўлади;
Анас розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фитр куни ҳайит намозига чиқишларидан олдин албатта бир неча дона хурмо еб олардилар.
Бу амалнинг суннат бўлиши ҳикматларидан бири ҳайит куни рўза тутмаслик зарурлигини очиқ-ойдин кўрсатиш. Валлоҳу аълам.
Аммо Азҳо байрамида эса бунинг акси суннат, яъни: Азҳо байрами намозига чиқиб келиб қурбонлигини сўйгунга қадар ҳеч нарса емасдан туришлиги ва биринчи бўлиб ўзи сўйган ёки сўйдирган қурбонлик гўштидан ейиши мустаҳаб бўлади.
3. Ҳайит куни такбирлар айтиш суннат бўлади;
Аллоҳ таоло Рамазон рўзасига доир баъзи аҳкомларни баён қилганидан сўнг марҳамат қиладики:
﴿ولتكملوا العدة ولتكبروا الله على ما هداكم ولعلكم تشكرون﴾ [البقرة:185].
((Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Оллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз))
Ибни Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: У зот уйларидан то ҳайит намози ўқиладиган мусаллога етиб боргунларига қадар такбир айтиб борардилар. (Байҳақий ва Ибни Абий шайба ривоятлари).
Такбир айтиш тариқати қуйидагича:
“الله أكبر، الله أكبر، لا إله إلا الله، والله أكبر، الله أكبر، ولله الحمد”
4. Байрам одобларидан тўртинчиси: Ҳайит билан табриклаш;
“Ийдул-Фитр байрамингиз муборак бўлсин”, “Аллоҳ таоло барча тоат-ибодатларингизни Ўз даргоҳида қабул айлаган бўлсин” “Байрам Ислом ва мусулмонларга баракотли бўлсин” ва ҳоказо гўзал иборалар билан табриклаб дуолар қилиш албатта савобли амаллардан.
5. Ҳайит намози ва ҳайит куни учун энг гўзал кийимларини кийиб, хушбўй атирларни сепиб чиқиш ҳам буюк одоблардан;
Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир тўнлари бўлар эди, анашу тўнларини фақат икки ҳайит ва жумъа куни кийиб чиқардилар”. (Ибни Хузайма ва Байҳақий ривоятлари).
Ибни Умар розияллоҳу анҳумо ҳам икки ҳайит байрамида энг гўзал кийимларини кийиб чиқишлари ривоят қилинган (Байҳақий ривоятлари).
Бу одоб албатта эркаклар учун хос бўлган одоб.
Аёллар эса зийнатли кийимлардан, безалган янгича ҳижоблардан четланишлари лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўчага чиққанда атир сепиб номаҳрам эркакларни фитналантирадиган аёлларни лаънатлаганлар. Аёллар кўчага зийнатланиб чиқиши зино ва турли туман фаҳш ишларнинг дарвозасидир.
Учинчи мавзу: Ҳаром одатлардан огоҳлантириш:
1. Байрам маросимларида эркак-аёллар аралашиб кетиши ҳаром ва жуда хатарли фитналардан.
2. Мусиқа ва бемаъни ашулалар билан байрам қилиш ҳам жоиз эмас. Мусиқанинг ҳаромлиги Қуръони каримда ҳам, Саҳиҳ ҳадисларда ҳам, тўртта мазҳаб имомларининг сўзларида ҳам собит бўлган. Салафи солиҳлар мусиқани “зинонинг элчиси” деб аташарди. “Бир қалбда ҳеч қачон Аллоҳнинг каломи Қуръони карим билан шайтоннинг сўзи мусиқа жам бўлмайди” дейишарди.
3. Баъзи одамларнинг ҳайит билан хурсанд бўлиши Рўзадан қутулгани учун бўлиб қолади, Аллоҳ бундай ҳолдан Ўзи асрасин. Мўъмин киши эса Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу буюк ва муборак кунларда буюк ибодатларни бажариб олишига муваффақ қилгани, Аллоҳнинг ҳузурида буюк ажрлар битилишига, дўзахдан озод бўлишига, жаннатийлар қаторида ёзилишига умиди кучайгани билан хурсанд бўлади.
Раҳмон ва Раҳийм бўлган Парвардигоримиздан илтижолар қилиб қоламизки, Аллоҳ Ўзи барчаларимизни ана шундай буюк ажру савобларга муваффақ қилган бўлсин, тутган рўзаларимиз, ўқиган намозларимиз ва тиловотларимиз, берган садақоту хайр-эҳсонларимиз мақбул бўлсин.
Ийдул-Фитр байрами Ислом умматига муборак бўлсин.
Вассалааму алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокаатуҳ
mp3: юклаб олиш
real: юклаб олиш