Исломий давлатни уламолар бошқариши шартми ?

“Исломий давлат қуриш ғоя эмас, восита холос” дегани “мусулмон киши фақат шахсий ибодатлар билан чекланиши керак, жиҳод ёки сиёсий кураш шарт эмас” дегани эмас, асло.

Жиҳод ҳам, сиёсий кураш ҳам ва давлат қуриш учун лозим бўлган бошқа барча соҳалар, ҳамма-ҳаммаси зарур, шак-шубҳасиз.

Лекин ҳар бир ишнинг ўз ўрнини, даражасини, заруратини, меъёрини билиб, ўрганиб, илм билан, ҳикмат билан ҳаракат қилиш лозим ва бунинг учун албатта раббоний уламолар билан биргалашиб иш олиб борилиши даркор.

Ким бундай нозик майдонларда ноўрин ҳаракат қилиб қўйса зарари кўпчиликка тегади ва тегаябди, шунинг учун қайта-қайта таъкидланяптики, доимо уламоларнинг маслаҳатлари билан юришимиз ва қилиб қўйилган хатоларни қайта такрорламаслик учун камчиликларимизни тузатиб боришимиз зарур.

Фақат битта-иккита уламонинг илмлари ва маслаҳатлари билан чекланиб қолиш ҳам тўғри эмас.

Имкон қадар жуда кўп холис ва раббоний уламоларни қидириб, турли соҳалардаги мутахассисларни топиб, ҳаммаларининг маслаҳатларини ўрганган ҳолимизда иш олиб боришимиз керак (қурбимиз етганича, албатта).

Лекин, афсуски, бу нарса Ислом динимизда кўп таъкидланган бўлишига қарамасдан, аксариятимиз унга бепарво бўлиб қолганмиз.

Аллоҳ таоло ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдек зотни ҳам саҳобий киромлар билан маслаҳат қилиб иш қилишга буюрган.

Хулафои Рошидинлар ҳам умматни бошқаришда, мусулмон халқларга хизмат қилишда доимо уламолар билан маслаҳат қилиб иш олиб борардилар.

Умар Ал-Форуқ Ибн Аббоснинг ёшлари кичкина бўлишига қарамасдан, илмлари кўплиги учун энг катта уламо саҳобийларнинг мажлисларига олиб келиб, илмларидан фойдаланиб, маслаҳатларини сўрардилар.

Охирги асрларда кофирларнинг ҳар бир давлат ва ташкилотлари минглаб мутахассисларнинг фикр ва маслаҳатлари билан узоқ муддатли режалар тузадиган ва анашу режалар асосида иш олиб борадиган бўлиб олди, бизлар эса қўлимиздаги тайёр илмий конларимиздан воз кечдик …

Улар шу тартибда иш олиб боришнинг аҳамияти нақадар зарурлигини билиб, тушуниб етгани учун ўн минглаб мутахассислар ишлайдиган минглаб илмий тадқиқотлар марказларини йўлга қўйган.

Улар давлатларни ва дунё халқларини шундай услубда бошқариш зарурлигини Ислом тарихидан ўрганган, лекин биз ўз динимиз ва тарихимизни яхши ўрганмасдан, шошилиб, “таваккал” қилиб, Аллоҳнинг кароматларини кутиб, “тез пишадиган” режалар тузиб олиб, ўзимизча иш қилаверамиз (иш қиладиган яхшиларимизнинг кўпчиликлари шундай аҳволда).

Шунинг учун ҳам юз йилдан бери жиҳод ва сиёсат майдонларидаги ҳаракатларимиз ҳам, бошқа майдонлардаги ҳаракатларимиз ҳам ўзига яраша ноқис натижаларга олиб келяпти.

Биз илм ва уламолар ҳақида кўпроқ бош қотиришимиз керак.

Илмсизлик, илмга қизиқмаслик, илмга асосланиб амал қилмаслик, муаммоларнинг илмий ечимларини топишдан малолланиш, узоқ муддатли режаларга бесабр бўлиш, содиқ уламоларни қидирмаслик, ҳақиқий уламолардан бошқаларни ажратишни билмаслик ва шунга ўхшаш касалликлар барчаларимизга кўпдан кўп зарарлар келтиряпти.

Фақат Ёлғиз Аллоҳга шикоят қиламиз.

Аллоҳга чексиз ҳамдлар бўлсинки, У Зот бизни мусулмон қилди.

Чала мусулмон бўлсак ҳам, мусулмонлигимиз бор, алҳамду лиллаҳ.

Ислом динининг баракотлари туфайли Аллоҳ бизларга Ўз раҳматларини ёғдириб турибди, жуда кўп гуноҳ-маъсиятларимизнинг жазо-уқубатларини кечириб юборяпти.

Ислом оламида рўй бераётган қирғинлар, бошимизга тушаётган мусибатлар, аслида бизнинг диний аҳволимизга солиштирадиган бўлсак, бундан бир неча баробар даҳшатлироқ бўлиши мумкин эди.

Аммо Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло аксарият гуноҳларимизни кечириб, бизларни чуқур ғафлатлардан уйғонишимиз, тавба-тазаррулар қилиб, аҳволимизни ислоҳ қилишимиз учун шундай мусибатларни огоҳлантирув сифатида ва иншааллоҳ гуноҳларимизга каффорат этиб юборяпти.

Ичимиздан ўзларини ислоҳ қилиб, Ислом ва мусулмонлар нусрати учун озгина бўлса ҳам ҳаракат қилганларга Аллоҳ азза ва жалла кўпкина ғалаба ва кароматлар беряпти.

Шунинг учун ҳам, алҳамду лиллаҳ, Ислом дини кундан кунга кучайиб бормоқда, Ислом душманлари эса бундан даҳшатга тушмоқда ва мусулмон халқларнинг розилигини олиш учун, уларни нима қилиб бўлса ҳам, яна алдаб, ўзига қаратиш учун тиришиб-тирмашиб ҳаракат қилмоқда.

Бу эса бизга барча соҳаларда ва майдонларда уламоларимиз ва мутахассисларимиз етарли бўлишлари нақадар зарурлигини яна бир бор кўрсатмоқда.

Аллоҳ Ўзи барчаларимизни солиҳ бўлишга ва ислоҳ қилишга ёрдам берсин , гуноҳ-маъсиятларимизни кечирсин, ичимиздан тезроқ ва кўпкина раббоний уламолар ва мутахассислар етишиб чиқишларини насиб айласин, Ислом ва мусулмонларга хизмат қилаётган устозларимизни, мужоҳидларимизни, сиёсатчиларимизни, хайри эҳсонлар қилаётганларимизни, каттаю кичик майдонларда динимиз ва умматимизга яхши хизмат кўрсатаётган мусулмон биродарларимизнинг барча-барчаларини ҳақ устида бирлаштирсин.

Улашинг
Leave A Comment