Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлиш ва Аллоҳнинг макридан қўрқиб туриш

Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлишнинг маъноси нима? (1)

Савол:

Аллоҳга бўлган гумон ҳақидаги ҳадис билан “Аллоҳнинг макридан фақат кофир қавм ҳотиржам бўлади”, деган оят ўртасида қандай амал қиламиз? Мисол учун Аллоҳдан яхши гумонда бўлиб, Аллоҳ асрайди, деб, хотиржам юрамизми ёки Аллоҳнинг макридан қўрқиб, хотиржам бўлмаймизми? Чунки Аллоҳ бу оятда айтаяпти-ку, “Фақат кофирлар Аллоҳнинг макридан хотиржамдирлар”, деб. Шу масаланинг фарқини айтиб беринг, илтимос. Аллоҳ қалбингизни илм нурига тўлдирсин ва Ўзи асрасин. Раҳмат.

Абдурраҳим.

 

 

Шайх Обидхон қори жавоблари

– Аллоҳ у кишига шифои комил ато этиб, Ўз ҳифзу ҳимоясида асрасин –

Аллоҳ таоло яхши тилакларингизни ижобат айласин ва сизга ҳам фойдали илмлар ато қилсин.

Сиз сўраган савол ҳар бир мусулмоннинг эътиқодида муҳим ўрин эгаллайдиган икки ижобий сифат – “хавф” ва “ражо” ҳақидадир. Бу икки иймоний сифатнинг муқобилида иккита салбий сифат туради: “амн” ва “иёс” (ёки яъс). Мусулмон инсон хавф ва ражо билан яшаши, амн ва иёсдан сақланиши лозим. Бу қоида ақида китобларида аниқ қилиб белгилаб қўйилган.

وهو بين الغلو والتقصير وبين التشبيه والتعطيل وبين الجبر والقدر وبين الأمن والإياس. (العقيدة الطحاوية – (1 / 60).

“Ислом дини чуқур кетиш ва нуқсонга йўл қўйиш орасидаги, ташбеҳ ва таътил орасидаги, жабр ва қадар орасидаги, амн ва иёс ўртасидаги йўлдир”. (Ақидаи таҳовия/60 ).

Имом Нававий ўзларининг машҳур ва ниҳоятда фойдали Риёзус-солиҳин китобларида “Хавф ҳақида” (50), “Ражо ҳақида” (51), “Ражо фазилати ҳақида” (52), “Хавф ва ражони жамлаш ҳақида” (53) боблар очганлар ва ўша ерда жуда кўп ояту ҳадисларни зикр қилганлар. Сизга шуларни ўқишни тавсия қиламиз.

Хавф, ражо, амн ва иёснинг маънолари

Хавф – Аллоҳдан, унинг азоби ва синовларидан қўрқув, дегани.

Журжоний: “Хавф ёмон нарса келишини ёки суюкли нарсанинг йўқолишини қўрқув билан кутишдир”. (Таърифот/101).

Ибн Ражаб: “Хавфнинг инсонга вожиб бўлган меъёри фарзларни адо этишга ва ҳаром ишлардан сақланишга сабаб бўладиган миқдордир”.( Ат-Тахвиф минан-нор/21).

Ражо – Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратидан умид қилиш.

Ибн Қаййим: “Ражо Аллоҳ раҳматининг чексизлиги ҳақида фикрлашдир. Муновий: “Ражо бир муқаддам сабаб туфайли фойда олишни кутишдир”. (Назратун-наийм – 5/2022).

Амн –хотиржамлик. Амн калимаси ақида китобларида “Аллоҳнинг макридан хотиржам бўлиш”, деган ибора билан бирга ишлатилади.

Ибн Ҳажар: “Аллоҳ таолонинг макридан хотиржамлик Аллоҳнинг раҳматига суяниб, гуноҳларни бемалол қилишда вужудга келади”. (Завожир – 1/86).

Ал-иёс (ал-яъс) – умидсизлик.

Ал-Изз: “Аллоҳнинг раҳматидан умид узиш, бу Унинг раҳмати ва мағфирати чексиз эканлигини менсимасликдир. Бу улкан гуноҳ саналади ва Аллоҳнинг жуду саховат фазосини торайтириш бўлади”. (Шажаратул-маориф вал-аҳвол/120).

 

Банданинг Аллоҳ ҳақидаги эътиқоди

Мусулмон инсон Аллоҳга иймон келтирар экан, У Зотни исм ва сифатлари орқали таниши лозим бўлади. Аллоҳ исм ва сифатларининг ҳаммаси энг комил ва энг гўзал исмлар бўлиб, улардан бизга берилганлари Аллоҳнинг Ўзи тушурган Қуръонда ва У юборган пайғамбарларнинг сўнггиси Расулуллоҳнинг саҳиҳ ҳадисларида баён қилинган.

Инсон Аллоҳни Қуръон ва ҳадислар орқали тўғри таниб, Унинг бандалар устидаги ҳақи нималардан иборат эканини англаса, ўз зиммасидаги вазифаларни адо этишга киришади. Бундай инсон Аллоҳ таоло ҳақида тўғри ва чиройли тушунчада бўлади. Аммо бандаларнинг Аллоҳга бўлган иймонлари даражаси турлича бўлишига қараб, уларнинг Аллоҳ ҳақидаги гумонлари, ўй ва фикрлари даражаси ҳам ҳар хил бўлади. Оят ва ҳадислар инсонларни Аллоҳ ҳақидаги эътиқод ва ўй-фикрларини тўғрилашга ва мукаммаллаштиришга тарғиб этади.

Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлиш ҳақидаги ҳадис (2)

Аллоҳ ҳақида тўғри ва яхши эътиқодда бўлишни тарғиб этувчи ҳадислар кўплаб муҳаддислар томонидан ривоят қилинган. Улардан бири қуйидаги ҳадисдир:

 عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ قَالَ اللَّهُ أَنَا عِنْدَ ظَنِّ عَبْدِي بِي. (رواه البخاري ومسلم وغيرهم).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ айтди: “Мен бандамнинг Мен ҳақимда қилган гумонидаги кабидирман”. (Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти).

Бу ҳадиснинг шарҳида имом Нававий раҳимаҳуллоҳ бундай ёзганлар:

قَالَ الْعُلَمَاء : هَذَا تَحْذِير مِنْ الْقُنُوط ، وَحَثّ عَلَى الرَّجَاء عِنْد الْخَاتِمَة …  قَالَ الْعُلَمَاء : مَعْنَى ( حُسْن الظَّنّ بِاَللَّهِ تَعَالَى ) أَنْ يَظُنّ أَنَّهُ يَرْحَمهُ وَيَعْفُو عَنْهُ ، قَالُوا : وَفِي حَالَة الصِّحَّة يَكُون خَائِفًا رَاجِيًا ، وَيَكُونَانِ سَوَاء ، وَقِيلَ : يَكُون الْخَوْف أَرْجَح ، فَإِذَا دَنَتْ أَمَارَات الْمَوْت غَلَبَ الرَّجَاء أَوْ مَحْضه ؛ لِأَنَّ مَقْصُود الْخَوْف : الِانْكِفَاف عَنْ الْمَعَاصِي وَالْقَبَائِح ، وَالْحِرْص عَلَى الْإِكْثَار مِنْ الطَّاعَات وَالْأَعْمَال ، وَقَدْ تَعَذَّرَ ذَلِكَ أَوْ مُعْظَمه فِي هَذَا الْحَال ، فَاسْتُحِبَّ إِحْسَان الظَّنّ الْمُتَضَمِّن لِلِافْتِقَارِ إِلَى اللَّه تَعَالَى ، وَالْإِذْعَان لَهُ ، وَيُؤَيِّدهُ الْحَدِيث الْمَذْكُور بَعْده ( يُبْعَث كُلّ عَبْد عَلَى مَا مَاتَ عَلَيْهِ )  (شرح النووي على مسلم – 9 / 256).

Уламолар айтишган: “Бу ҳадис умидсизликдан огоҳлантиришдир ва умр тугаган пайтда ражода бўлишга тарғибдир… Уламолар: “Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлиш, дегани У Зот бу бандага раҳм қилади ва кечиради, деб ўйлашдир”, дейишган. Уларга кўра, банда соғлиқ пайтида ҳам қўрқиб, ҳам умид қилиб туриши ва унда ҳар икки хислат баробар мавжуд бўлиши керак. Баъзилар xавф кучлироқ бўлиши керак, қачон ўлим аломатлари пайдо бўлса, умидни кучлироқ қилиш ёки фақат умид билан қолиш лозим, дейишган. Чунки хавфдан кўзланган мақсад гуноҳлар ва қабиҳ ишлардан тийилиш, тоат ва амалларни кўпроқ қилиш эди. Ўлим келганда бу ишлар умуман ёки кўпи мумкин бўлмай қолади. Шунинг учун ўлим олдида Аллоҳга муҳтожлик ва таслим бўлишни ифодаловчи яхши гумонда бўлиш мустаҳабдир. Буни кейинги ҳадис ҳам тасдиқлайди: “Ҳар бир банда қайси ҳолатда ўлган бўлса, ўша ҳолатда тирилади”.  (Шарҳун-Нававий ало Муслим – 9/256).

Ибн Ҳажар Фатҳул-Борийда ҳадисни бундай шарҳлаганлар:

“Мен бандани Менинг ҳақимдаги гумонига қараб мукофотлайман. Бас, агар у Менинг раҳматимни умид қилса, Менинг уни афв қилишим ва кечиришимни гумон қилса, унга шу берилади. Чунки бу неъматдан умид қилувчи инсон фақат мўмин инсондирки, у ўзига муносиб мукофот ато қилувчи Раббиси борлигини билади. Агар банда Менинг раҳматимдан умид узса ва Мени уни жазолайди, азоблайди, деб ўйласа, унга шу иш бўлади. Чунки фақат кофир умидсиз бўлади”…

Ибн Абиддунё Иброҳимдан ривоят қилади. У киши деди: “Яхшилар бандага ўлим келганда унинг чиройли амалларини эслатиб туришни мустаҳаб санашган. Токи банда ўз Раббисига бўлган гумонини чиройли қилиб олсин…” . (Исламвеб/8736).

Аллоҳнинг макри, деганда нимани тушунамиз? (3)

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда Аллоҳнинг макридан қўрқиб туриш, асло хотиржам бўлмаслик ҳақида огоҳлантирилади. Аллоҳнинг макридан ўзини мустасно санаш кофир ва мунофиқлар сифати экани таъкидланади.

{ أَفَأَمِنُوا مَكْرَ اللَّهِ فَلَا يَأْمَنُ مَكْرَ اللَّهِ إِلَّا الْقَوْمُ الْخَاسِرُونَ } (الأعراف|99)

“Улар Аллоҳнинг макридан хотиржам бўлдиларми?! Бас, Аллоҳнинг макридан фақат иши касодга юз тутувчи қавмларгина хотиржам бўлурлар”. (Аъроф/99).

Аллоҳнинг макри, дегани нимани англатади?

قال الرّاغب: مكر اللّه تعالى صفة حقيقيّة على ما يليق بجلال اللّه وكماله ومن لوازمها إمهال العبد (نضرة النعيم في مكارم أخلاق الرسول الكريم – 9 / 3999)

Роғиб деди: “Аллоҳ таолонинг макри Аллоҳнинг улуғлиги ва камолига лойиқ ҳақиқий сифатдир. Бу сифат тақозо қиладиган ишлардан бири
бандага муҳлат бериб қўйилиши”. (Назратун-наийм

9/3999).

قال ابن الأثير: مكر اللّه إيقاع بلائه بأعدائه دون أوليائه، وقيل: هو استدراج العبد بالطّاعات فيتوهّم أنّها مقبولة وهي مردودة .( لسان العرب (مكر).

Ибн Асир айтган: “Аллоҳнинг макри дўстларининг эмас, душманларининг устига ўз балосини ёғдиришидир. Баъзилар
Аллоҳнинг макри
банданинг тоатлар билан алданишига қўйиб беришдир, дейишди. Бунда банда тоатларим қабул бўлаяпти, деб ўйлайдию аслида рад этилаётган бўлади”. (Лисонул-араб, “макр”).

Аллоҳнинг макри ва фитналари кофир ва мунофиқлар учун ҳам, мўмин ва мусулмонлар учун ҳам бўлар экан, Аллоҳ таолодан ҳаммамизни бу офатдан асрашини сўраймиз. Қилаётган солиҳ амалларимиз ва тоатларимиз билан алданиб қолишдан Ўзи сақласин.

 

Макрдан хотиржам бўлишнинг маъноси ва оқибати

Биз аввалроқда Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳнинг “Аллоҳ таолонинг макридан хотиржамлик Аллоҳнинг раҳматига суяниб, гуноҳларни бемалол қилишда вужудга келади”, деган сўзларини келтирдик. (Завожир – 1/86).

وقال القرطبيّ في تفسير قوله تعالى: أَفَأَمِنُوا مَكْرَ اللَّهِ (الأعراف/ 99). أي عذابه وجزاءه على مكرهم، وقيل مكره: استدراجه بالنّعمة والصّحّة . (تفسير القرطبى 7/ 97).

Қуртубий “Аллоҳнинг макридан хотиржам бўлдиларми?!” деган оятнинг тафсирида айтганлар: “Яъни, Аллоҳнинг азобидан ва кофирларнинг макрлари учун берадиган жазосидан, дейилмоқчи. Баъзилар “Аллоҳнинг макри Унинг неъмат ва соғлик бериб, истидрож қилишидир”, деган. (Тафсири Қуртубий 7/97).

Одамлар ичида ўзи эришган ютуқлар, неъматлар ва соғлик-саломатликка мағрурланадиганлари, ортиқча қувонадиганлари бўлади. Улар ўзларини мен мана шу яхшиликларга лойиқман, ҳақлиман, деб ўйлайдилар. Бу уларнинг ҳатти-ҳаракатлари ва ўзларини тутишларида зоҳир бўлади. Бундай одамларда кўп неъмат бору аммо камтарлик, оддийлик бўлмайди.

Қалбидан кибрга мойил бундай кимса Аллоҳ вақтинча ато қилган неъматларга алданаётган ва У Зотнинг макридан хотиржам бўлаётган саналади. Аслида банда ҳар қанча юксакликка эришса ҳам буни ўз шахсининг яхшилигидан, Аллоҳ ҳузурида қадри баландигидан, деб билмаслиги, аксинча, мен бу неъматларнинг шукрини қила оламанми ёки қаттиқ ҳисобга тутилиб, шу туфайли азобга дучор бўламанми, деб ташвиш тортиши зарур эди.

Аллоҳнинг макридан қўрқмаслик инсонни аянчли оқибатларга олиб келади.

 “.. Агар мўмин Аллоҳнинг макридан хотиржам бўлиб қолса, ўзининг ишларини Аллоҳ кузатиб турганини эсидан чиқаради ва дунёда худди чорва ҳайвонларидек ўтлайверади.

… Аллоҳнинг макридан хотиржамлик жаҳаннамга олиб борувчи йўлдир. У ер қандай ҳам ёмон жой”. (Назратун-наийм –9/4005). 

 

Истидрож нима дегани?

Аллоҳнинг макри неъмат ва соғлик бериб, истидрож қилиш экан, “истидрож нима?” деган савол туғилади.

 ( استدراج ) أي أخذ بتدريج واستنزال من درجة إلى أخرى فكلما فعل معصية قابلها بنعمة وأنساه الاستغفار فيدنيه من العذاب قليلا قليلا ثم يصبه عليه صبا . قال إمام الحرمين : إذا سمعت بحال الكفار وخلودهم في النار فلا تأمن على نفسك فإن الأمر على خطر فلا تدري ماذا يكون وما سبق لك في الغيب ولا تغتر بصفاء الأوقات فإن تحتها غوامض الآفات . وقال علي كرم الله وجهه : كم من مستدرج بالإحسان وكم من مفتون بحسن القول فيه . وكم من مغرور بالستر عليه وقيل لذي النون : ما أقصى ما يخدع به العبد ؟ قال : بالألطاف والكرامات { سنستدرجهم من حيث لا يعلمون } وفي الحكم : خف من وجود إحسانه إليك ودوام إساءتك معه أن يكون ذلك استدراجا . والاستدراج الأخذ بالتدريج لا مباغتة . والمراد هنا تقريب الله العبد إلى العقوبة شيئا فشيئا واستدراجه تعالى للعبد أنه كلما جدد ذنبا جدد له نعمة وأنساه الاستغفار فيزداد أشرا وبطرا فيندرج في المعاصي بسبب تواتر النعم عليه ظانا أن تواترها تقريب من الله وإنما هو خذلان وتبعيد. (فيض القدير – 1 / 354).

Истидрож тадрижий усул билан жазога гирифтор қилиш ва бир даражадан кейингисига тушуриб боришдир. Бас, банда ҳар сафар бир гуноҳ иш қилса, Аллоҳ шу гуноҳнинг муқобилида бир неъмат ато қилади ва истиғфор айтишни бандага унуттиради. Унга азобни озоздан яқинлаштириб боради. Сўнг бирданига унинг устига азоблар ёғдиради.

Имомул-ҳарамайн дедилар: “Агар сен кофирларнинг аҳволи ҳақида ва уларнинг дўзахда абадий қолишларини эшитсанг, ўзингдан хотиржам бўлмагин. Чунки ишинг хатар устида. Сен келажакда нима бўлишини ва ғайбда сен учун нима ҳукм ўтганлигини билмайсан. Вақтларинг мусаффолигига алданма, чунки унинг остида офатлар қуйқаси ётади.

Али каррамаллоҳу важҳаҳ айтдилар: “Қанча-қанча эҳсон билан истидрож қилинаётганлар бор. Қанча-қанча ўзи ҳақида айтилган яхши сўз фитнасига гирифтор бўлганлар бор. Қанчадан-қанча айби яширилганига алданганлар бор”.

Зуннундан сўрашди: “Банданинг энг қаттиқ алданадиган нуқтаси қаерда? У киши деди: “Илтифот ва кароматларда”. “Биз уларни ўзлари билмайдиган жиҳатдан истидрож қилурмиз”… 

Аллоҳ таолонинг бандани истидрож қилиши шуки, банда ҳар сафар янги гуноҳ қилганда Аллоҳ унга бир неъматни янгилаб беради ва унга истиғфорни унуттиради. Шунда банда қувониш ва кеккайишда ҳаддан ошаверади. Унга неъматлар кетма-кет келаётганидан гуноҳларга шўнғийверади. У ўйлайдики, неъматлар ёғилиши – бунинг Аллоҳга яқинлаштирилганидан. Аслида бу ўз ҳолига ташлаб қўйилиш ва Аллоҳдан узоқлаштирилишдир”.  (Файзул-қадийр – 1/354).

Гуноҳлар, деганда кўпчилик одамнинг хаёлига дастлаб келадигани ҳаромхўрлик, зино, ўғирлик каби ишлардир. Аммо гуноҳлар чегараси шу ишларнинг ўзи билан тугамайди. Баъзи одам мазкур жиноятларни ҳеч ҳам қилмайди, аммо кибр, ҳасад, ғийбат, ёлғон каби гуноҳи кабиралардан сақланмайди. Мана шундай одам ўзига Аллоҳнинг неъматлари зиёда бўлаётгани сабабини нимадан деб ўйларкин?..

Аллоҳ таоло ҳаммамизга комил ҳидоят ато айласин.

Ражо – иймон, илм, ибодат, жасорат, ҳаракат (4)

Мусулмон инсон Аллоҳнинг макри, қаттиқ синов ва фитналаридан хавфда бўлиш билан бир қаторда Унинг раҳмати ва мағфиратига умид боғлаган ҳолда, яъни ражода бўлиб яшашга буюрилган. Зеро, Ислом динимизнинг ҳам, ҳаётнинг ҳам моҳияти мана шунда акс этади. Бунга даолат қиладиган оят ва ҳадислар жуда ҳам кўп.

Аллоҳ таоло Яъқуб алайҳиссалом ва у кишининг ўғиллари ҳақидаги қиссада бундай деган:

{ يَا بَنِيَّ اذْهَبُوا فَتَحَسَّسُوا مِنْ يُوسُفَ وَأَخِيهِ وَلَا تَيْأَسُوا مِنْ رَوْحِ اللَّهِ إِنَّهُ لَا يَيْأَسُ مِنْ رَوْحِ اللَّهِ إِلَّا الْقَوْمُ الْكَافِرُونَ } (يوسف \87).

“Эй ўғилларим, боринглар, Юсуф ва унинг укасини қидиринглар. Аллоҳнинг раҳматидан умидсиз бўлманглар. Шубҳасиз, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қамларгина умидсиз бўлурлар”.(Юсуф/87).

Ушбу оятдан мусулмон инсоннинг келажакка нисбатан неқадар умидли бўлиши лозимлиги англашилади. Бундай умид ва ишонч фақат мусулмонда бўлади. Чунки Аллоҳга ва Унинг ҳақ ваъдаларига фақат у ишонади.

Инсон ўз қалбида чинакам иймон ва ишонч пайдо қила олса, ҳаёт йўлини илм нури билан ёритса, бу хислат унга улкан ғайрат ва шижоат бахш этади.

Шайх Саъдий юқоридаги оятнинг тафсирида ёзадилар:

فإن الرجاء يوجب للعبد السعي والاجتهاد فيما رجاه، والإياس: يوجب له التثاقل والتباطؤ، وأولى ما رجا العباد، فضل الله وإحسانه ورحمته وروحه، { إِنَّهُ لا يَيْئَسُ مِنْ رَوْحِ اللَّهِ إِلا الْقَوْمُ الْكَافِرُونَ } فإنهم لكفرهم يستبعدون رحمته، ورحمته بعيدة منهم، فلا تتشبهوا بالكافرين.ودل هذا على أنه بحسب إيمان العبد يكون رجاؤه لرحمة الله وروحه.(تفسير السعدي – 1 / 404).

Ражо бандага умид қилган нарсаси йўлида саъй-ҳаракат кўрсатишни вожиб қилади. Умидсизлик эса бандага ялқовлик ва қолоқликни вожиб қилади. Бандалар ражо боғлашлари муносиб бўлган ишларнинг энг зарури Аллоҳнинг фазли, эҳсони ва раҳматидир. “Шубҳасиз, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан фақат кофир қавмлар умидсиз бўлурлар”. Чунки улар кофирликлари туфайли Унинг раҳматини ҳақиқатдан узоқ, деб биладилар. Унинг раҳмати кофирлардан узоқдир. Бас, сизлар кофирларга ўхшаб кетманглар. Бу оят шунга далолат қиладики, банданинг Аллоҳнинг раҳмат ва марҳаматига бўлган умиди унинг иймони даражасига яраша бўлади. (Саъдий тафсири – 1/404).

 

Хулоса

Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлиш мавзусига хулоса ясаб, қуйидагиларни айтишимиз мумкин.

Ислом билимларидан хабардор мусулмонлар бу олам ҳаёти синов ва имтиҳондан иборат эканини, ўзларининг ҳам синовларга тутилишлари муқаррарлигини, синовлар тури эса хар хил бўлишини биладилар. Шунинг учун улар ўз нафсларини яхши ва ёмон ҳодисалар орасида чиниқтириб, тарбиялаб борадилар. Иймонларини мустаҳкамлайдилар, илму маърифатлари ва тажрибаларини оширадилар. Шунда улар маънан уйғоқ, ҳушёр ва жасур инсонларга айланадилар. Бундай одамлар зарарлар, бало ва офатлардан ваҳимага тушмаган ҳолда ҳимояланиш чораларини кўрадилар. Ўзлари йўл қўйган хато ва гуноҳлари туфайли келадиган мусибатларга сабр қиладилар. Мусибат ва балолар оқибатидан тақво ва солиҳ амаллар воситаси ила халос бўлишга интиладилар.

Мусулмон одамлар синовлар билан бир қаторда Аллоҳнинг неъмат ва марҳаматларидан ҳар хил кўринишларда доимий равишда баҳраманд бўлиб келаётганларини англайдилар. Оламлар эгасининг ёрдам ва мададига ҳали яна жуда кўп муяссар бўлишларини умид этадилар.

Демак, қайси бир мусулмон ўзига-ўзи иймон ва илм, хавф ва ражо, ҳушёрлик ва жасорат, ибодат ва ҳаракатни лозим тутар экан, у икки оламда ҳам нажотга ва муваффақиятларга эришади.

Кимки иймони сустлик, жоҳиллик, беғамлик, умидсизлик, ялқовлик ва қўрқоқлик балосига гирифтор бўлар экан, у ҳалокатга юз тутади.

Аллоҳ таолога Унинг гўзал ва комил исму сифатлари билан дуо қиламиз. Ундан ҳаммамизни тўғри йўлга бошлашини сўраймиз.

Манба: “Ислом Овози”

Улашинг
Leave A Comment