Аллоҳ бизни нима учун яратган?
Иброҳим деган биродаримиздан савол:
Илтимос, менинг саволим балки жуда ёмондир. Шунинг учун олдиндан узр сўрайман. Аллоҳ бизни яратганига шукрлар бўлсин. Кўп маърузаларда “Бизни синов учун яратган, олдиндан билувчи”, деймиз. ОЛДИНДАН БИЛСА, ЯРАТИШДАН МАҚСАД НИМА?
Шайх Обидхон қори жавоблари – Аллоҳ у кишига шифои комил ато этиб Ўз ҳифзида асрасин – :
Инсон билмаган нарсасини албатта сўраб ўрганиши лозим. Ҳақни таниш ва амал қилиш учун инсон савол бериш билан бир қаторда мунтазам ва тартибли равишда илм олиши зарур.
Сизнинг саволингизнинг жавобида икки нуқтани қисқа ва лўнда таъкидлаш зарур, деб ўйлаймиз. Биринчиси шуки, Аллоҳ бизни якка Ўзига ибодат қилишимиз учун яратган. Иккинчиси – Аллоҳ Ўзининг қиладиган иши юзасидан сўралмайди, балки бандалар қилган ишлари юзасидан сўраладилар.
Биринчи масаланинг далили қуйидаги оятдир:
{وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنْسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ } (الذاريات\56)
“Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учун яратдим”. (Зориёт/56).
“Аллоҳ таоло инсонлар ва жинларни фақат Ўзини танишлари ва Унинг ибодатини, тавҳидини, ҳамда ато айлаган беҳисоб неъматлари учун ҳамдини бажо келтиришлари учун яратди”. (Асъад Ҳавмад, Айсарут-тафосир – 1/4610).
“Мен уларни Ўзимга ибодат қилишлари учун яратган эканман, бас, кимки Менга ибодат қилса, уни иззат–икром этурман, кимки Менинг ибодатимни тарк этса, уни хор қилурман”. (Ал-Жазоирий, Айсарут-тафосир – 5/170).
Иккинчи масаланинг далили мана бу оят:
{ لا يُسْأَلُ عَمَّا يَفْعَلُ وَهُمْ يُسْأَلُونَ } (الأنبياء\23)
“У қилган иши юзасидан сўралмайди. Улар эса сўраладилар”. (Анбиё/23).
“Яъни, Унинг буюклиги, улуғлиги, юксаклиги, барчадан устунлиги, ҳикмати, адолати ва лутфи шунчалар чексизки, У, ҳукмини ҳеч ким текширмайдиган, бирор кимса Унга эътироз билдира олмайдиган ҳокими мутлақдир”. (Ибн Касир – 5/337).
“Истаганини қиладиган ва илми, қудрати, эгалиги туфайли сўроққа тутилмайдиган зот бу ҳақ Илоҳдир. Амали юзасидан “Буни нимага қилдинг, буни нимага қилмадинг?” деб сўраладиган ва текшириладиган, жазоланадиган ёки мукофотланадиган кимса фақат бошқариладиган бандадир”. (Ал-Жазоирий – 3/405).
Маълумки, бу сўзлар ақида илмида ўрганиладиган масалалардан саналади. Инсондан талаб қилинадиган энг биринчи вазифа ҳам Аллоҳнинг тавҳидидир. Инсоннинг тавҳид ва ақидаси тўғри бўлса, унинг амаллари ҳам тўғриланади. Акс ҳолда у ҳаётда тўғри йўл топа олмайди. Шунинг учун ҳар бир мусулмоннинг зиммасида тавҳид илмидан кифоя қиладиган даражада илм олиш фарзи ётади.
Сизга қўшимча маълумот сифатида қуйидаги суҳбатларни тинглашни тавсия қиламиз:
“Тақдир пешонага ёзилган бўлса, унда бу қандай синов бўлади?”
Инсон ўз тақдирини ўзгартира оладими?
Манба: “Ислом Овози”