2010-06-01: Биродаримиз Хайруллоҳ Ҳамидовга Аллоҳ нажот ва нусрат берсин
“Ажойиб даъватчи биродар панжара ортида”
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Мухтарам устоз, оммавий ахборот воситаларидаги хабарларни агар кузатиб бораётган бўлсангиз, ўзбекистонлик машҳур журналист, футбол шарҳловчиси ҳамда “Холислик сари” диний-маърифий радиоэшиттиришларнинг муаллифи Хайруллоҳ Ҳамидов устидан ўтказилаётган тергов жараёнлари давом этаётган эди. Манбаларнинг хабар беришларича, Хайруллоҳ Ҳамидов ва бошқа у билан бирга ҳибсга олинган мусулмонларга баъзиларига 6 йиллик қамоқ жазоси, айримларига 3 йиллик шартли жазолар тайинланган. Ушбу хабар мана бу сайтдан олинди:
http://uzbek.ferghana.ru/news.php?id=7840&mode=snews
Мақолани ўқиб, жуда ҳам эзилиб кетдим. Нафақат мен, балки барча ўзбекистонлик софдил мусулмон биродарлар ҳам мотамда менимча. Хайруллоҳ Ҳамидовнинг радиодаги “Холислик сари” дастури орқали кўплаб инсонлар иймон, Ислом ва ихлос тушунгандилар. Бу дастурларда жамиятдаги иллатлар кескин қораланиб, танқид қилинган. Чиқишлари билан кўпчиликнинг меҳрини қозонганди бу журналист диндош биродаримиз. Интернет хабарларига қараганда журналистнинг уйидан Абдувалий қорининг маърузалари ёзилган кассета, ҳамда сиз муҳтарам устознинг ҳам маърузалари ёзилган дисклар топилганлиги айтилади. Энг ачинарлиси биродаримизга ноҳақдан ҳукм ўқилди. Ҳеч бир сабабсиз оддий бир даъватчи мусулмонга “Жиҳодчи” деган тамға босишди. Ҳақиқат эгилади, аммо синмайди. Биродаримизга Аллоҳнинг синови келди, деб бемалол айта оламиз. У киши бир радиодаги сухбатларида мазмунан шундай сўзларни айтган эдилар: “Ҳозирда мусулмонларнинг бошларига ёғилаётган кулфатлар уларнинг гуноҳларига жазоми ёки Аллоҳнинг синовими? Маълумки талаба бир даргоҳга ўқишга кириб, 5 йил давомида курсни тамомлаганидан кейин имтихон бўлади. Ҳозирги мусулмонлар устига ёпирилаётган балолар ҳақида ҳам шундай мисол қилса бўлади. Аввал иймон, Ислом курсини ўташ керак, ундан кейин бало келса, бу Аллоҳнинг синовидир, бўлмаса гуноҳларимизга жазо деб, билмоғимиз керак”.
Ҳурматли устоз! Бу биродаримизнинг таърифига тил ожиз, унинг танқидий мақолалари, радиодаги чиқишлари, шеърларини эшитган одамда ажиб бир ҳаяжон қўзғаларди. Афсус, Аллоҳнинг иродаси экан, биз шундай ажойиб даъватчи биродаримизни панжара ортида кўриб турибмиз.
Бу хатимни ўқиб, сайт орқали ўз муносабатингизни билдириб, омма мусулмонларга етказсангиз. Улар ҳам журналист биродаримиз ва бошқа шундай ҳукм ўқилиб, ноҳақ қамоқларда ётган диндошларимиз тақдири ҳақида ҳақиқатни билишсин. Сизнинг бу аянчли ҳолатга муносабатингизни билмоқчимиз.
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
У.
“Хайрулла ҳаммамизнинг қалбимизда”
Шоир, журналист, иймонли маърифат соҳиби, ажойиб талант эгаси Хайрулла Ҳамидовнинг озодликдан маҳрум этилиши Ўзбекистон мусулмонлари қатори Ислом Овози таҳририяти ходимлари учун ҳам қайғули хабар бўлди. Биз Ўзбекистон ҳукуматининг биродаримизга қарши уюштираётган фитналарини кузатиб борар эканмиз, бу машаққатларнинг натижаси иншоаллоҳ иймон аҳли учун ғалаба ва ютуқлар олиб келишига ишонамиз.
Хайрулланинг мусибати бизнинг ҳам мусибатимиз, қолаверса ўзбекистонлик барча мусулмонларнинг мусибатларидир. Негаки, агар юртимиз мусулмонларининг устида мусибат бўлмаганда Хайруллага ҳам бўлмас эди, валлоҳу аълам. Бугун Ўзбекистонда нафақат Хайрулла, балки ҳамма халқ баробар маҳбусдир. Уйида яшаётганлар ҳам қамоқдагилар билан бирга азоб тортмоқда. Ҳижратга кетганларнинг қалблари, руҳлари, ўй-фикрлари ҳар куни эртаю кеч уйларини, ватанларини, ёру дўстларини бир неча бор зиёрат қилади. Дуоларда ёд этади. Ҳаммамизнинг ғамимиз, ташвишимиз бир.
Хайрулла ҳақидаги ҳақ сўз шуки, унинг қамоққа ҳукм қилиниши ҳукуматнинг Ислом ва мусулмонлар душмани эканига яна битта кучли далил бўлди. Акс ҳолда Хайрулла қамоққа олинмас эди. Бу воқеадан сўнг золимларнинг ёнини олаётганлар агар виждонлари бўлса уялишлари, тавба қилишлари ва ўз йўлларини тўғрилаб олишлари керак бўлади.
Кўпчиликнинг кузатишича, ёвуз кучлар Хайруллани қамоққа ташламасдан, ортиқча шов-шув қилмасдан унинг овозини бўғишга, йўлидан тўхтатишга кўп уриндилар. Унга йўлтўсар, босқинчи қиёфасида ҳужум қилиб, жароҳатлар етказдилар. (Ўша босқинчи ўзбек ҳукуматининг ҳақиқий тимсоли эди). Аммо барибир иложини қила олмадилар. Охири халқ олдида, дунё олдида ўзларининг иймонга чақирувчилар учун душман эканликларини фош этиб, шармандаликни бўйинларига олиб, уни ҳибс қилдилар.
Бу воқеа Аллоҳнинг улуғ ҳикматларидандирки, каттакон майдонда якка бир йигитнинг мардлигию фосиқлар галасининг шармандалиги намойиш бўлди. Ўн миллионлаб инсонлар икки кучнинг тўқнашувига гувоҳ бўлдилар. Бу ҳикматли ва ибратли тўқнашув туфайли иншоаллоҳ жуда кўп одамларнинг қалбига иймон ва Ислом кириб боражак. Тушунча ва тасаввурлари тўлишажак. Оддий одамлар Ислом ҳаққоний дин эканини, у учун қамалса, қийноққа солинса, ўлдирилса, шаҳид бўлса арзийдиган йўл эканини ўз ҳаётларида кўрдилар, кўрмоқдалар. Хайрулланинг ҳукм қилиниши Аллоҳ жалла жалолуҳу ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатган ҳақ йўлнинг қай даражада мустаҳкам қурилганини англатади.
Биз Хайруллани яратган Аллоҳга ҳамду санолар, ҳаммамизга нурли йўлни қолдириб кетган Расулуллоҳга салоту дуолар, Хайруллани тарбиялаб вояга етказган ота-онасига ташаккурлар айтамиз. Умр йўлдоши ва фарзандларини Аллоҳ Ўзининг ҳимоясида сақласин. Иншоаллоҳ, Хайруллага Аллоҳ ҳақиқат йўлидаги солиҳ амалларини, чиройли ибодатларини, баракали ижодини давомли қилиб қўяжак. Унга ҳам, бошқа мазлумларга ҳам озодлик ато қилажак!
Ислом Овози таҳририяти.
Манба: “Ислом Овози”