2014-02-18: Обидхон Назаровга қарши содир этилган суиқасд муносабати билан ўтказиладиган норозилик пикети
ПРЕСС-РЕЛИЗ
2014 йилнинг 21 феврал куни Швецияда яшовчи ўзбек диаспораси вакиллари “Ўтюраклар клуби” билан ҳамкорликда бундан икки йил олдин Стрёмсунд шаҳрида таниқли имом Обидхон қори Назаровнинг ҳаётига суиқасд уюштирилгани сабаби билан норозилик пикети ўтказади.
Устозимизга қарши содир этилган бу мудҳиш воқеага икки йил тўлар экан, афсуски ҳанузгача ушбу жиноятни бажарган, унга ёрдам берган ва бу ишга буйруқ бериб, уни молиявий таъминлаган кимсаларнинг бирортаси ўз қилмишига жазо олгани йўқ.
Уюштириладиган тадбирга қуйидаги ҳолатлар сабаб бўлди:
1. Суиқасд ижросига бевосита ёрдам берган Ўзбекистон фуқаролари Нодира Аминова ва Баҳодир Пўлатовлар прокуратура томонидан тақдим этилган очиқ-ойдин фактларни инобатга олинмай иккала маҳкамада ҳам озод этилгани;
2. Асосий гумонланувчи Юрий Жуковскийнинг Россияда қамоққа олингани ҳақидаги хабарлар оммавий ахборот воситаларида чиққанига бир йилдан ошганига қарамай, швед расмий идораларининг бу тўғрида ҳамон сукут сақлаб келаётгани;
3. Баъзи Европа давлатларининг бу ва яна бошқа кўплаб жиноятларни содир этган Каримов режимини дастаклаши ва у билан ҳамкорлик қилиши.
Асосий талабларимиз:
• Имом Обидхон Назаров ҳаётига қилинган суиқасд жиддий текширилсин!
• Жиноятчилар қўлга олинсин ва жазолансин!
• Бу ишда адолат сиёсий манфаатлар қурбонига айланмасин!
• Швед ҳукумати сиёсий қочқинларнинг хавфсизлигини таъминласин!
• Ўзбекистон диктатори Ислом Каримов Европа ҳудудига киритилмасин!
• Ўзбекистон қамоқхонларида тутқунликда ушланиб турган маҳбусларга нисбатан ноинсоний муносабат ва қийноклар буткул тўхтатилсин!
• Эътиқоди сабабли ноҳақ қамалган диндорлар, журналистлар ва мухолифат вакиллари Ўзбекистон қамоқхонларидан озод этилсин!
Бу ишда адолат қарор топишига бефарқ бўлмаган барча журналистлардан воқеани ОАВда ёритишни илтимос қиламиз.
Обидхон қори ака бугун ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қодир эмаслар. Шу боис, биз у кишини ҳурмат қилган барча инсонларни бу тадбирларда иштирок этиб, қори аканинг инсоний ҳақларидан бирини адо этишга чақирамиз.
Тадбир жорий йилнинг 21 феврал куни соат 10.00 дан 13.00 гача Стокголм шаҳри Швед парламенти (Sveriges riksdag) қаршисидаги Мюнтторйет (Mynttorget) майдонида бўлиб ўтади.
Алоқа учун: Абдулазиз.
Тел. +46 (0) 70 402 70 61
18 Феврал 2014 йил
Ташаббус гуруҳи