Шайх Абдулкарим Зайдон Ироқий 93 ёшларида Охиратга риҳлат қилдилар

“Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиун”

1435 ҳижрий сана, 25 Рабиъул-Аввал (2014-01-27) душанба куни Яман пойтахти Санъо шаҳрида Ислом оламида таниқли машҳур аллома шайх Абдулкарим Зайдон фоний дунёдан боқий оламга риҳлат қилдилар.

Шайх Абдулкарим Зайдон умрини Ислом хизматига тиккан буюк уламолардан бири эдилар.

Zaydan

Олимнинг таржимаи ҳоли

Шайх Абдулкарим Зайдон 1921 йил Ироқ пойтахти Бағдод шаҳрида таваллуд топганлари айтилади.

Ёшлик чоғида ўрта мактабда таҳсил олганларидан кейин Бағдод университетининг Ҳуқуқшунослик факултетида, сўнг Миср пойтахти  Қоҳиранинг “Шариати Исломийя” институтида таҳсил олганлар.

Шу йўсинда илмий мартабаларини оширишда давом этиб, 1962 йил Қоҳира университетида олий баҳо билан докторликни ёқлаганлар.

Сўнг ватанига қайтиб таълим-тарбия ишларини кучайтирганлар. Бироқ Ироқ диёрининг собиқ диктатори Саддам Ҳусайн 1979 йил ҳукуматни эгаллаб, кўпдан кўп уламолар қатори шайх Абдулкарим Зайдонни ҳам таъқиб остига олган.

Шайх Абдулкарим Зайдон таъқиблардан қочиб, Яман диёрига ҳижрат қилиб, ўша ерда таълим-тарбия соҳаларидаги хизматларини ва илмий фаолиятларини давом эттирганлар.

 

Шайх мударрислик қилган олий даргоҳлар:

 – Бағдод университетининг ҳуқуқшунослик, адабиёт ва “Исломий Тадқиқотлар” факултетларида Шариати Исломийя фанидан дарс берганлар;

– 80 йиллардан бошлаб то вафотларига қадар Яман диёридаги Иймон университетида Фиқҳ ва Усули Фиқҳ фанларидан дарс берганлар.

Илмий асарлари:

Шайх Абдулкарим Зайдон турли исломий фанларда илмий тадқиқотлар юритиб, долзарб мавзуларда бир қатор китоблар ёзганлар, шулардан баъзиларини санаб ўтамиз:

1-    Ақидаи Таҳовийя мухтасари;

2-    Ислом диёрида зиммийлар ва омон берилган (кофир)ларнинг аҳкомлари;

3-    Шариати Исломийяни ўрганиш учун муқаддима;

4-    Даъват асослари (бу китоб бир қанча Исломий университетларда илмий қўлланма сифатида қабул қилинган).

5-    Шариатда шахслар ва давлат масаласи;

6-    Ислом шариатида аёлларнинг батафсил аҳкомлари (11 жилддан иборат улкан илмий мавсуъа (энциклопедия). Бу китоб Қирол Файсал мукофотига сазовор деб топилган).

7-    Ислом шариатининг фиқҳий қоидаларига енгил шарҳ;

8-    “Йигирма асосга ироқий шарҳ” китоби;

9-    “Назарот фий Шариати Исломийя” китоби;

10-                       Топилдиқ аҳкомлари;

11-                       Топилдиқ боланинг аҳкомлари;

12-                       Ислом шариатида зарурат ҳолати;

13-                       Ислом шариати ва умумий ҳалқаро қонун ўртасида;

14-                       Исломда ихтилофлашиш аҳкомлари;

15-                       Қазо ва қадар эътиқоди ва унинг шахслар ҳаётига таъсири;

16-                       Исломда жазо аҳкомлари;

17-                       Ислом диёрида фуқаролар ҳуқуқи;

18-                       Ислом шариатида умумий манфаатни сақлаш учун шахсий ҳуқуқларга киритилган чекловлар ҳақида;

19-                       Ислом шариатида қозиёт (маҳкама) низоми;

20-                       Қул қилиш масаласига Ислом шариатининг муносабати;

21-                       Ислом шариатида эмизиш масалалари;

Юқорида зикр қилинган китоблар номидан ҳам кўриниб турибдики, шайх Абдулкарим Зайдон ҳаётларини Ислом ва мусулмонлар хизматида ўтказиб, уларнинг турли илмий ва ҳаётий муаммоларини ҳал қилиб бериш учун бор куч ва вақтларини сарф этиб келганлар.

Баъзи шогирдлари ҳикоя қилишларича, шайх Абдулкарим Зайдон раҳимаҳуллоҳ Саддам Ҳусайн туғёни сабаб Ироқдан ҳижрат қилиб кетганларидан кейин ҳам Ироқ аҳли билан бўлган алоқалари тўхтаб қолмаган, балки доимо телефон ва мактублар орқали Ироқлик мусулмонларнинг саволларига жавоб бериб, муаммоларини ҳал қилишда ўз маслаҳатларини тақдим этиб келар эдилар.

Аллоҳ таоло шайх Абдулкарим Зайдонни Ўз раҳматига олиб, Фирдавс жаннатида олий мартабаларга кўтарсин ва Ислом умматида яна буюк алломалар етишиб чиқишини насиб айласин.

Омин.

Улашинг
Leave A Comment