Эй меҳрибон Парвардигор! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун биз мусулмонларга ёрдам бер!

Ҳурматли биродарлар!

Барчангизга маълумки, ҳар бир инсон Ислом динига кириб, дунё ва охират саодатига эришиши, дўзахдан нажот топиши учун икки шаҳодат калимасига иймон келтириши фарз:

1. Ягона Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ, Аллоҳ таолонинг Ўзи ибодатга ҳақли бўлган Яккаю Ягона Илоҳдир.

2. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Аллоҳнинг бандаси ва расули – элчисидир. У зотга Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин.

Шундай экан, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳуқуқларини илму ҳикмат асосида ҳимоя қилиш ҳар бир мусулмон учун энг шарафли бурчлардан биридир.

Биз ҳам иншоаллоҳ қўлимиздан келганича, бугунги кунда бутун дунёни ташвишга солаётган жиноят – Аллоҳ таолонинг энг улуғ элчиси бўлган зотни масхара қилиш каби воқеаларга ўз муносабатимизни билдиришга, Ислом ва мусулмонларнинг энг зарур ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида, Ислом уламолари бошчилиги остида ўтказиладиган барча хайрли чора-тадбирларда иштирок этишга ҳаракат қиламиз ва сизларни ҳам тарғиб этамиз.

Маълумларингизким, охирги йиллар халқларни бир-бири билан уруштириб, бутун дунёда нотинчликлар келтириб чиқаришга ҳаракат қилаётган кимсалар “сўз эркинлиги” даъвоси остида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Ислом дини муқаддасотларини масхара қилиб чиқиши ҳолатлари такрор-такрор содир бўляпти.

Ислом умматининг уларга қарши чиқишлари эса етарли даражада таъсир ўтказа олмаяпти.

Бунинг энг асосий сабабларидан бири кўпчилик мусулмон халқлар энг муқаддас, ягона ҳақ дин бўлмиш – Ислом динига ҳаётларининг барча соҳаларида мукаммал равишда амал қилмай қўйганликларидир.

Барча мусулмонлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўрадилар, у зотнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга интиладилар, аммо амалда эса, афсуски, аксарият мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига хилоф ишлар қилиб юрадилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқ-одоблари ва суннатларига амал қилиб яшамайдилар.

Бундай ачинарли аҳволимиздан қутилишимиз учун барчаларимиз Аллоҳ таолога таззарруълар билан, гуноҳ-маъсиятларимиздан тавба қилишимиз ва У Зотга илтижо қилиб, бизларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақиқий умматлари бўлишимизга муваффақ айлашини сўраб яшашимиз даркор.

Зеро Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳуқуқларини ҳимоя килиш биринчи навбатда у кишининг буйруқларини ҳаётга татбиқ этиш билан бўлади.

Биз қуйида ўзбек тилида ёзилган бир қисқача муножотни эълон қилмоқдамиз ва бу муножот билан барча мусулмон биродарларимиз кечалари таҳажжуд намозларида, саждаларда, рўза тутган кунлари саҳарлик ва ифтор вақтлари, азон ва иқомат ораларида, жумъа кунлари, ёлғиз ўзларию, жамоат билан бўлган пайтларида Аллоҳ таолога илтижо қилиб юришларини тавсия этамиз.

“Эй Парвардигор! Сен Ўзинг яккаю ягона илоҳсан, барча ҳамду санолар Сен учун. Эй Парвардигор, Сенинг улуғ банданг ва расулинг Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салоту саломларинг бўлсин. Эй Раббимиз, Сен Ўзинг бизларни ислоҳ қилгин, устимизга тушган зулматлардан қутқариб, Ўз нуринга олиб чиқгин.

Эй Раббимиз, буюк сарваримиз Расули акрам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳуқуқларини ҳимоя қилишимиз учун Ўзинг бизга ёрдам бергин ва бундай улкан шарафга биз ожизу нотовон бандаларингни муваффақ айлагин.

Эй Парвардигор, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улуғ пайғамбар эканликларига иймон келтирмаётган, у зотнинг буюк қадрларини англамаётган инсонларни Ўзинг ҳидоят қилгин, у бечораларнинг ҳам қалб кўзини очгин.

Эй Парвардигор, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тил текизаётган кофиру бадбахтларни хору зор ҳолида ҳалок қилгин.

Эй Парвардигор, биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳуқуқларини етарли даражада ҳимоя қилолмаётганимиз учун гуноҳ-маъсиятларимизни Ўзинг афв этгин.

Эй Парвардигор, биз Сени энг афзал расулинг бўлмиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни чин дилимиз билан, ўз жонимиздан кўра, ота-оналаримиз ва барча халойиқдан кўра кўпроқ яхши кўрамиз. Ушбу муҳаббатимиз тасдиқини амалларимизда ҳам рўёбга чиқаришимизга мададкор бўлгин.

Ўзинг биз хатокор бандаларингга раҳм қилгин.

Омин”.

Манба: “Ислом Овози”

Улашинг
Leave A Comment