Бу Каъба – Байтуллоҳ
Биз Каъбатуллоҳга сиғинмаймиз, Ягона Аллоҳ таолонинг Ўзига сиғинамиз. Аллоҳ Ўзи бизга У Зотга қандай сиғинишимизни ўргатган.
Жумладан ушбу муқаддас Каъбани тавоф қилиш асносида Ягона Аллоҳнинг Ўзига илтижо қилишимизга буюриб, дуоларимизни қабул этишга ваъда берган.
Шунинг учун миллиард-миллиард мусулмонлар ушбу муқаддас уйни ҳаж қилиш йўлида жонларини фидо қилишга ҳам тайёр турадилар.
Минг йиллардан буён ҳаж, умра ва тавоф қилиш тўхтамаган ва қиёматга қадар тўхтамайди. Баъзида сон жиҳатидан камайиб қолиши мумкин, лекин бутунлай тўхтаб қолиши мумкин эмас, асло.
Тўхтаб қолса демак Қиёмат соати бошланган бўлади, дейдилар уламолар.
Аллоҳ таоло ушбу Масжидул ҳаромни дунёдаги энг муқаддас жой, энг улуғ макон қилди. Мусулмоннинг жонини эса ундан ҳам улуғроқ мақомга кўтарди.
Ислом душманлари, айниқса ботиний тоифалар тарих давомида Каъбатуллоҳни бузиб, мусулмонларни қириб ташлашга ҳаракат қилиб келганлар.
Нубувват асридан уч юз йил ўтиб, Қарматийлар тоифаси пайдо бўлган эди. Улар ҳаж мавсумида Каъбатуллоҳга бостириб келиб, ўн минглаб ҳожиларни қириб ташлаб, Ҳажарул асвадни ўзларининг пойтахтларига олиб кетган эдилар.
Орадан 20 йилча ўтгандан сўнг Аллоҳ таоло уларни мағлуб этган ва Ҳажарул асвад яна қайта Каъбага олиб келинган.
Биз ҳозир 1438 ҳижрий сана муҳаррам ойида (милодий 2016-10-29) турибмиз.
Шу кунларда ҳозирги замон ботиний тоифаларидан бири тақрибан 1000 км узоқликдан, Яман диёридан туриб мана ушбу энг муқаддас шаҳар – Маккаи мукаррамага ракета отгани ва у ракета ҳавода уриб туширилгани айтилмоқда.
Ботинийларнинг бундай ҳужумини ҳатто очиқ кофирлар ҳам уюштиришга журъат қила олгани йўқ.
Шунинг учун ҳам ислом уламолари ботинийларнинг хатари очиқ кофирларнинг хатаридан ҳам ёмонроқ деб огоҳлантириб келадилар.
Макканинг исмларидан бири Бакка.
Бакка парчалаб ташлайдиган деган маънони билдиради.
Яъни Маккаи мукаррамага, Каъбатуллоҳга ҳужум қиладиган золиму кофирлар узоққа бормай ҳалок бўлиши муқаррар.
Юқорида айтилган қарматийлар тоифаси ҳам узоққа бормай йўқ бўлиб кетган.
Бугун ҳам муқаддас диёрларга ҳужум қилаётган тоифалар узоққа бормай йўқ бўлиши аниқ. Ҳар қанча кучли бўлсалар ҳам, Аллоҳ таоло Ўзи уларни яқинда ҳалок қилиши муқаррардир.
ЛЕКИН БИЗЧИ?
Биз мусулмонлар ҳам агар муқаддас динимизнинг қадрига етмайдиган бўлсак, биз ҳам хор бўлиб, ҳалок этилишимиз мумкин, Аллоҳ асрасин.
Аллоҳ Ўзининг динини ҳимоя қилмайдиганларни кетказиб, уларнинг ўрнига ҳақиқий мўминларни пайдо қилиб турадиган Зот.
{وإن تتولوا يستبدل قوما غيركم ثم لا يكونوا أمثالكم} . [سورة محمد، الآية: 38].
“Агар сизлар юз ўгириб кетсангиз, У зот сизлардан бошқа қавмни ўрнингизга келтирур, улар эса сизларга ўхшаган бўлмаслар”.
(Муҳаммад сурасининг охирги ояти).
Эй Парвардигор Ўзинг бизларни ҳақиқий мўмин бандаларингдан қилгин.
Абадий бахт-саодат диёри бўлмиш жаннатингга етиб олгунимизга қадар барчаларимизни иймону исломда собитқадам айлагин.
Ислом душманларини Ўзинг тез кунларда шармандаларча мағлуб этгин. Мазлум халқларни уларнинг фитнаю қатағонларидан озод қилгин…
Омин.