53-”Ақидаи Таҳовия” дарси
Имом Таҳовийнинг қуйидаги сўзларига изоҳ:
“وَأَهْلُ الْكَبَائِرِ مِنْ أُمَّةِ مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي النَّارِ لاَ يُخَلَّدُونَ إِذَا مَاتُوا وَهُمْ مُوَحِّدُونَ وَإِنْ لَمْ يَكُونُوا تَائِبِينَ بَعْدَ أَنْ لَقُوا اللهَ عَارِفِينَ مُؤْمِنِينَ.
وَهُمْ فِي مَشِيئَتِهِ وَحُكْمِهِ، إِنْ شَاءَ غَفَرَ لَهُمْ وَعَفَا عَنْهُمْ بِفَضْلِهِ، كَمَا ذَكَرَ عَزَّ وَجَلَّ فِي كِتَابِهِ: {وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَنْ يَشَاءُ}[النساء: 48].
وَإِنْ شَاءَ عَذَّبَهُمْ فِي النَّارِ بِعَدْلِهِ ثُمَّ يُخْرِجُهُمْ مِنْهَا بِرَحْمَتِهِ وَشَفَاعَةِ الشَّافِعِينَ مِنْ أَهْلِ طَاعَتِهِ ثُمَّ يَبْعَثُهُمْ إِلَى جَنَّتِهِ.
وَذَلِكَ بِأَنَّ اللهَ تَوَلَّى أَهْلَ مَعْرِفَتِهِ وَلَمْ يَجْعَلْهُمْ فِي الدَّارَيْنِ كَأَهْلِ نُكْرَتِهِ الَّذِينَ خَابُوا مِنْ هِدَايَتِهِ وَلَمْ يَنَالُوا مِنْ وِلاَيَتِهِ.
اللَّهُمَّ يَا وَلِيَّ الإِسْلاَمِ وَأَهْلِهِ، ثَبِّتْنَا عَلَى الإِسْلاَمِ حَتَّى نَلْقَاكَ بِهِ”.
Маъноси:
“Уммати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан гуноҳи кабираларга кириб қолган одамлар дўзахда абадий қолиб кетмайдилар, модомики улар муваҳҳид ҳолларида (Ягона Аллоҳга иймон келтириб, ширки акбар қилмасдан) ўлган эканлар, ҳатто (қилиб қўйган гуноҳи кабираларидан) тавба қилмасдан ўтган бўлсалар ҳам, Аллоҳ таоло ҳузурига У Зотни эътироф этган ва мўмин бўлган ҳолларида борсалар (жаҳаннамда абадул-абад азобланиб қолмайдилар).
Бундай гуноҳкор мусулмонлар Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси ва ҳукми остида бўладилар, агар Аллоҳ хоҳласа Ўзининг фазли (ва раҳмати) ила уларни кечириб, афв қилиб юборади, Аллоҳ Ўзининг Китобида хабар берганидек: “(Ширкдан) бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечиради“. (Нисо сураси, 48-оят)
Бўлмаса, Ўзининг адолатли ҳукми ила уларни дўзахда азоблаб, сўнг Ўзининг раҳмати ила ва У Зотга тоат-ибодатли бўлиб ўтган зотлардан бўладиган шафоатчиларнинг шафоатлари билан бу гуноҳкор мусулмонларни дўзахдан чиқаради ва Ўзининг Жаннатига юборади.
Чунки Аллоҳ таоло У Зотни эътироф этган (мўмин)ларни Ўзига дўст тутган Зотдир, икки оламда ҳам уларни Аллоҳ таолога кофир, У Зотнинг ҳидоятидан маҳрум, У Зотга дўст бўлиш шарафи уларга насиб бўлмаган кимсалар каби қилиб қўймайди.
Ислом ва мусулмонларнинг дўсти ва мавлоси бўлган Зот Эй Аллоҳ, бизни то Сенинг ҳузурингга Ислом дини билан етиб боргунимизга қадар бу динда собит қадам қилгин!
Шарҳ:
Бу ерда имом Таҳовий гуноҳи кабиралар қилиб қўйган гуноҳкор мусулмонларнинг ҳукмини баён қилиб, Хавориж ва Мўътазила каби адашган тоифаларга рад бераяптилар.
Мавзунинг хулосасини қуйидаги учта нуқтада зикр қилиб ўтамиз:
Биринчи нуқта: қайси гуноҳлар гуноҳи кабира деб айтилади?
“Дунёда муайян бир жазоси белгиланган гуноҳлар, Аллоҳ ва Расулининг ғазабини келтириши хабар берилган гуноҳлар, иймондан айриб қўйиши билан огоҳлантирилган гуноҳлар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан безорликларини эълон қилган гуноҳларнинг барчаси ГУНОҲИ КАБИРАЛАР деб айтилади“.
Иккинчи нуқта: гуноҳи кабиралар қилиб қўйган мусулмонларнинг дунёдаги ва охиратдаги ҳукми;
Учинчи нуқта: Исломда собит қадам яшаб вафот бўлишни сўраб дуо қилишнинг зарурлиги.
mp3: юклаб олиш
real: юклаб олиш