2013-04-22: Довудхон Назаров: “Ҳақни яшириш энг оғир гуноҳлардандир”
Довудхон Назаров 1986 йил Наманган шаҳрида таваллуд топган. У – таниқли ўзбекистонлик имом Обидхон қори Назаровнинг ўғли.
Довудхон дастлабки диний таълимни оилада бувиси Муҳаррамхон ая тарбиялари остида ва Наманган шаҳридаги бир неча ҳужраларда, сўнгра ўз отаси қарамоғида олган.
1993-2004 йилларда Наманганда, кейинроқ Тошкентда ўрта мактабда ўқиган.
У ўзининг ўқув йиллари отасининг мамлакатдаги диний фаолияти туфайли оила-аъзоларига тинимсиз тазйиқлар авжга олган пайтга тўғри келганини айтади. Бу эса, Довудхонга кўра, бетаъсир қолмаган.
1998 йил отаси Обидхон қори Назаров ўзбек ҳукумати таъқибларидан яширинишга мажбур бўларкан, оила ҳаёти кескин ўзгариб кетади.
Довудхон аввалига Ўзбекистонда, кейинчалик Қозоғистонда ҳеч кимга билдирмаган ҳолда отасининг доимий ҳамроҳи бўлган.
Бу вақт мобайнида Довудхон диний ва дунёвий илмни мустақил равишда олишига тўғри келади.
Айни пайтда Довудхон отасига Қозоғистонда илмий-маърифий китоблар, рисолалар чоп қилишда кўмаклашади.
2004 йил тўнғич акаси Ҳусниддин Назаровни Тошкентда, Обидхон қори оиласига кўра, МХХ томонидан ўғирлаб кетилгандан сўнг ҳаётнинг кейинги машаққатли синовлари бошланган эди.
Довудхон Ўзбекистон ҳукуматининг мусулмонларга, эркин фикрли инсонларга қарши тазйиқлари кескин кучайиши ортидан оила-аъзолари ва ёру-дўстлари қаттиқ жабр кўрганларини айтади. Улардан бир қанчасини қамоққа ташланган, ўғирланган ва қамоқхоналарда қурбон бўлишгани ҳақида ҳам хабарлар бор.
2006 йил БМТнинг қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги ёрдами орқали у отаси билан Швецияга кўчиб келади. Янги юртда уни ҳаётнинг янги босқичи кутаётган эди. Довудхон Назаров шу йилнинг ўзидаёқ бир неча ўқув марказларида тил курсларини якунлаб, жамиятшунослик, техника ва иқтисодиёт соҳалари бўйича таълим ола бошлади.
Обидхон қори Назаровнинг фаолияти бу янги юртда эркин имкониятлар ёрдамида яна қайтадан бошланган эди. Довудхонга кўра, у ҳар доимгидек отасининг дин ва мусулмонлар учун хизматларидаги ҳамроҳи ва ёрдамчиси бўлди.
Довудхон ўзларига нисбатан Ўзбекистон ҳукумати томонидан таҳдид ва ҳужум эҳтимоли ҳеч қачон тўхтамаганини айтади.
2012 йил 22 феврал, чоршанба куни унинг отаси Обидхон Назаров жонига қасд қилинди.
Қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, Ўзбекистон масалаларида мутахассислар айни ҳужум ортида Ўзбекистон ҳукумати турганини урғуладилар.
Довудхон: “Кўз ёшларим билан отамни олган ҳолда шифохонага бордим”, дейди. Обидхон қори Назаров ҳамон шифокорлар назоратида қолмоқда.
Довудхон ўз отасининг маърифат тарқатиш ва ҳақиқат учун кураш йўлини танлагани ва давом этаётганини айтади. “Отамга нисбатан бу оғир жиноят ижрочиларини фош этишга бел боғлаганмиз”, дея қўшимча қилади у.
Би-би-си меҳмони Довудхон Назаров билан суҳбат
Би-би-си: Бу галги Би-би-си меҳмони Швециядан Довудхон Назаров бўладилар. Ассалому алайкум Довудхон, дастуримизга хуш келибсиз.
Довудхон Назаров: Ассалому алайкум, раҳмат.
Би-би-си: Тингловчиларимизга эслатиб ўтамиз. Довудхон – ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қори Назаровнинг ўғли. Маълумки, ўтган йилнинг феврал ойида Обидхон Назаровга қуролли ҳужум қилинган, оғир яраланган таниқли имом ҳозир ҳам шифокорлар назоратида қолмоқда. Довудхон, сизга савол йўллаган мухлисларимизнинг аксарияти отангиз Обидхон қори Назаровнинг тезроқ соғайиб кетишларини тилаб қолишган. Илк бор Истанбулдан Равшаннинг мактубини ўқиб берсам: “Ассалому алайкум Довудхон Назаров, сўзимнинг бошида Аллоҳ таолодан Обидхон қори ака Назаровга тез кунларда шифо беришини ва Ислом умматига яна хизматини давом эттиришини сўраб дуо қилиб қоламан…Отангизнинг ҳозирги аҳволи қандай? Шу ҳақда қисқача маълумот берсангиз”. Марҳамат, Довудхон.
Довудхон Назаров: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сўзимнинг аввалида Аллоҳга ҳамду санолар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга салоту саломлар йўллайман. Сўнг бундай фойдали учрашувни уюштирган радио ходимларига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Саволлларга жавоб беришга ўтишдан аввал савол эгаларига ва барча тингловчиларга самимий тилакларим ва саломларимни, хайрли дуоларимни, улар билдирган ҳамдардликлари учун чексиз ташаккурларимни изҳор қиламан. Дадамлар учун Аллоҳдан шифо тилаб ёзаётган мўмин-мусулмонлардан Раббимиз Ўзи рози бўлсин ва дуоларини Ўз даргоҳида қабул айласин. Уларнинг саволлари бошидаги саломларига жавобим: Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳ!
Дуоларингиз учун катта раҳмат. Аллоҳ ижобат қилсин. Бизнинг ҳам умидимиз ёлғиз Аллоҳдан. Дадамларнинг ҳаётларини сақланиб қолишини ирода қилган зот Ҳакиймдир. Ишончимиз комилки, улар яна албатта орамизга соппа-соғ ҳолда қайтадилар.
Уларнинг ҳолатлари кундан-кунга яхшилашиб боряпти. Етказилган жароҳат оғир бўлганлиги учун даволаниш муддати ҳам вақт талаб қилар экан. Бу суиқасднинг устида ҳозирги кунда кенг майдонда олиб борилаётган текширув ишлари уларнинг соғликларига ҳам боғлиқ жиҳатлари борлиги учун, улар ҳақларида батафсил маълумотлар чиқиши сал қийинлашяпти.
Би-би-си: Оврўподан Оятулло ҳам отангизнинг тезда соғайиб кетишларини тилаб, бу ишнинг ортида ким тургани борасида нима деб ўйлашингиз билан қизиққанлар. Марҳамат.
Довудхон Назаров: Бу суиқасдга кўмаклашганликда гумонланган ўзбекистонлик икки шахс қўлга олинган эди. Уларнинг биринчи маҳкамалари ҳам бўлиб ўтди. Улар бу ишга ёрдам берганликларини уларга қарши тўпланган далиллар асосида исботланган. Аммо, маҳкама уларнинг бу ишга ўзлари билмаган ҳолда аралашиб қолган, деган фикр билан қўйиб юборган эди. Аммо, прокурор томон бу ҳукмни нотўғри деб, ҳозир ишни юқори маҳкамага топширилган. Уларнинг маҳкамаси яна бўлиб ўтиши кутиляпти. Айнан жиноятни ўз қўли билан содир қилган шахсни ҳам ким эканлиги ва яна бу ишга ёрдамлашган бошқа одамлар ҳам борлиги аниқланган. Бу суиқасд МХХ томонидан бажарилганлигида заррача шубҳа йўқ.
Би-би-си: Суиқасд ортида Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати турганини айтаяпсиз. Бу даъвонгизда қандай асос бор? Бирон-бир далил-исбот борми бундай айблов қўйишга?
Довудхон Назаров: Бунга жуда кўп кучли далиллар ҳам мавжуд. Швециянинг расмий идоралари ҳам, ҳатто маҳкама ҳам бунга шубҳа йўқлигини тасдиқлаяпти. Ўйлайманки, мазкур жиноят ортида турганлар бу сафар осонликча қутила олмайдилар. Улар бу гал иккита катта муваффақиятсизликка йўлиқишди, деб айтиш мумкин. Биринчиси, улар дадамларни йўқ қилиш режасини узоқ йиллар қилиб келганлар ва бунга кўп уринганлар. Бу ҳам сўнги уриниш эди. Аммо, улар хоҳишларига эриша олмадилар. Аксинча, Аллоҳнинг хоҳлагани бўлди. Иккинчиси, улар ҳар доим диндорларга ва мухолифат вакилларига қарши суиқасдлар уюштиришганда ёки уларни ўғирлашганда ишни силлиқ ва изсиз қиламиз, деб ўйлашади. Аммо, бу галги жиноятларида бундай хомхаёллари пучга чиқди. Ҳаммаси фош бўляпти ва бу ҳали бошланиши бўлса керак, деб ўйлайман.
Би-би-си: Лондондан Адҳам: “Қадрли Довудхон, Қори ака ўзбек халқининг жонкуяр фарзанди эканига шубҳа йўқ, лекин катта ўзгаришларни биргина шахс амалга ошира олмаслиги маълум. Масалан, Абдували қори ўғирланганда унинг атрофидагилар қандай фалаж ҳолатига тушган бўлса, Қори акага суиқасд қилинганда шогирдлари шундай карахт бўлиб қолганларига шоҳид бўлдик. Балки, кузатувчиларга шундай туюлади. Бу ҳолатдан чиқиш учун бирон ташкилот тузилса, маъқул бўлмасмикан?” деб ёзибдилар.
Бухородан савол йўллаган Шухрат ҳам: “…ҳозирги қийин шароитга қарамай, Швециядан ташқаридаги ўзбек мусулмонлар учун ҳам қандайдир даъват ёки амри маъруфни ўйлаяпсизларми? Қандайдир ташкилот тузиш вақти келмадимикан?” саволларни йўллаганлар. Марҳамат Довудхон.
Довудхон Назаров: Инсонга оғир бир мусибат етганда ҳар хил қийинчиликларга учраши табиий. Иншоаллоҳ, ҳақиқат барибир ғалаба топади. Аллоҳ мўмин инсонларни мақтаб бундай деган: “Улар шундай зотларки, агар зулмга дучор бўлсалар албатта ғолиб бўлурлар”. (Шуро – 39). Мен ҳам жуда орзу қилган бўлар эдим, худди сиз айтгандай жонкуяр холис инсонлар кўпроқ бўлишларини. Чунки, шулар туфайли динимизга ҳам, халқимизга ҳам Аллоҳнинг нусрати келажак. Шундай инсонлар, иншоаллоҳ, йўқ эмас. Парвардигорим Ўзи уларнинг сонини кўпайтирсин.
Дадамларнинг фаолиятилари, амри-маъруфлари энг биринчи ўринда Ўзбекистонлик мусулмонлар учун бўлиб келган, албатта. Улар имкон қадар Ўзбекистон ичкарисида оғир қийинчиликлар орасида ана шу омма халққа хизмат қилдилар. Кейинчалик, бу хизматларини қайси жойда бўлишларидан қатъий назар қўлларидан келганича давом эттиришга ҳаракат қилдилар ва иншоаллоҳ қиладилар. Каримов ҳукумати дадамларни ва дадамларга ўхшаган инсонларни тинимсиз таъқиб остига олиб келаётганлиги, шундай холис инсонлар очиқ, қўрқмасдан қилган даъватларининг таъсирини кўрсатади. Агар бу холис инсонлар фақат махфийлик билан юришганда, ўзбек МХХ агентлари уларни ўғирлаб кета олмасди, қамоққа ташлай олмасди, отиб кета олмасди, деб ўйлайман. Ташкилот тузиш масаласида, муҳит ва вазиятни мендан кўра яхшироқ биладиганлар ва бундай ишлар бўйича тажрибаси кўпроқ одамлар гапиришгани тўғрироқ бўлса керак. Аммо, зулмга қарши курашиш, ҳақ сўзни айтиш ҳар бир мусулмон учун ҳар қандай ҳолатда зарурлиги ҳаммага маълум, деб ўйлайман. Сизга Ислом Овози вебсаҳифасига кириб танишишни тавсия қилган бўлар эдим. У ерда ҳамма ўзбеклар учун фойдали ёзув ва аудио-видео шаклдаги жуда кўп яхши маълумотлар топилади.
Би-би-си: Тошкентдан Бобур: Ассалому алайкум. Биз тинч жойларга чиқиб олдик, қолганларга Аллоҳ Ўзи ёрдам берсин, деб фақат беш вақт намозу болалар тарбияси билан машғул бўласизларми ёки зулмга қарши қўлларингиздан келгунча курашасизларми? Қандай шаклда, аниқроқ айтсангиз, олдиндан раҳмат”, дея сўрабдилар.
Довудхон Назаров: Бу саволга мен тўлиқ жавоб бера оладиган шахс эмасман. Ҳар бир инсон қаерда бўлмасин, ўз имкониятларини тўғри баҳолаган ҳолда, зулмга қарши қўлидан келганича курашиши керак, деб ҳисоблайман. Мендан кўра илмлироқ инсонлар батафсил жавоб бера оладилар, деган умиддаман. Ундан ташқари, биз жуда ҳам тинч жойларга чиқиб олганимиз йўқ. Золим зулмини шу ерга келиб ҳам бажариб кетяпти.
Би-би-си: Қибрайдан Дилшод: “Ассалому алайкум Довудхон, мен Қори аканинг эски мухлисиман, Тошкентда Қори ака шогирдларида бироз ўқиганман. Қори ака Швецияга кетмасларидан олдин биродарлар билан яқин алоқада эди, қаерда бўлсак ҳам бир-биримиздан хабар олар эдик. Афсуски, Швецияга кўчганларидан кейин у киши атрофидагилар билан узоқлашиб кетдик. Нима учун олдингидек меҳр-оқибат йўқ, Швециядагилар билан фақат Швецияда яқин бўлиш мумкин холосми, хавфсизлик чорасими бу?” мактуб йўллабди.
Косондан Олимжон ҳам: “Ҳурматли Довудхон, аввало, Қори акага шифои комил ва сизларга сабр тоқат тилайман. Нима учун, Қори ака жамоатчиликдан вақтинча узилишлари у кишининг шогирдларини ўлик сукунат ҳолатига етаклади? Наҳотки, ҳамма нарса битта Қори акага қараб қолган бўлса? Қори ака Қозоғистонда юрганларида Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисидаги ўзбек биродарлари билан алоқалари анча яқин ва сафлар жипс эди, ҳозир эса, Швеция ташқарисидагилар гўё унутилгандек”, дея сўраган. Бошқа бир қатор тингловчиларимиз ҳам худди шу мазмунда хат йўллашган.
Довудхон Назаров: Қозоғистонда яширин яшаб юрган пайтларимизда ҳам биродарларимиз ёрдамида ҳаракатларимизни тўхтатмасликка уринганмиз. Аммо, Ўзбекистондаги ва Қозоғистондаги ўша биродарларимизнинг жуда кўпчилиги МХХ томонидан ўғирлаб кетилди ва узоқ йилларга қамаб юборилди. Бу нарса ҳозиргача давом этяпти. Швецияга келишимиз ўша ўз юртларимизда динимиз буюрган ишларни бемалол қилишга имкон қолмаганилигидандир. Лекин, бу географик узоқликка қарамасдан дадамлар ҳар доим хизматларини кенг қилишга ҳаракат қилиб келяптилар, деб ўйлайман. Улар иложи борича алоқа учун очиқ бўлишга ҳаракат қилиб келдилар ва яқинлик, меҳр-оқибат йўлларини кўпайтириш мақсадида ҳам сайт ташкил қилинган. Одам боласида қандайдир камчиликлар бўлиши табиий. Умид қиламанки, бошимизга тушаётган мусибатлар бизларни янада ривожлантиради, кучайтиради, бирлашиш йўлидаги имкониятларимиз ва меҳр-оқибатларимиз такомиллашиб боради.
Би-би-си: Ўзларини Қишлоқдан дея Шокир исми билан хат йўллаган тингловчимиз: “Швецияда мусулмонларга шароит қандай? Ўзбекистондагидек тазйиқ йўқми, агар бемалолгарчилик бўлса, интернет орқали аёллар учун дарслар уюштирилса бўладими?” деб сўрабдилар.
Довудхон Назаров: Бу ерларда динига амал қиламан деган инсонлар учун имкониятлар бемалол, алҳамдулиллоҳ. Сиз айтган таклифларни амалга оширса бўлса керак, деб ўйлайман. Ўзбекистон ичкарсидагилар учун ҳақиқатдан ҳам жуда оғир.
Би-би-си: “Ассалому алайкум Довудхон. Ҳурматли қори акамизга Аллоҳдан шифо тилаб қоламиз. Худо хоҳласа, тез кунларда бағрингизга қайтиб, биз мусулмонларни дарслари билан баҳраманд қилиб, яна Исломга, мусулмонларга хизматларини насиб этсин. Юқорида Обидхон қори ака Қозоғистонда пайтида сиз баъзи илмий асарларда кўмаклашибсиз, дейилибди. Бу нима асарлар? Уларни китоб шаклида чиқариш ният- режаларингиз борми?” деб ёзади ўзига Бўстон дея исм қўйган тингловчиларимиздан бири.
Довудхон Назаров: Дуо ва тилакларингизни тез кунда ижобат бўлишини умид қилиб қоламиз.
Қозоғистонда яшаган пайтимизда дадамлар бошчиликларида бир неча рисола ва китоблар устида ишлаганмиз. Уларнинг баъзиларини босмадан ҳам чиқаришга муваффақ бўлинган. Бу ишларда жуда кўп холис инсонларнинг хизматлари бўлган. Ҳаммаларидан Аллоҳ рози бўлсин. Босиб чиқарилган китоблардан энг асосийлари Нававийнинг “Қирқ Ҳадис” китобларини ўзбекча шарҳи ва ёш болалар учун мўлжалланган бир неча китобчалар. Масалан, ”Мусулмон боланинг китобчаси” деб номланган китобни ўзбек, қозоқ ва рус тилларида босиб чиқарилган. Буларнинг баъзилари Ислом Овози вебсаҳифасига ҳам кўйилган. Бу китобларда дадамлар муаллиф сифатида бошқа тахаллус билан номланар эдилар, босмахоналарда ва ўқувчиларнинг қўлида хавф бўлмаслиги учун. Яна шу каби амалга ошиши керак бўлган бир қанча режаларимиз бор, албатта. Сизларнинг дуоларингиз бу ишларда кўп ёрдам бўлади, иншоаллоҳ.
Би-би-си: “Ҳурматли Довудхон, келажакда қандай режаларингиз бор, Ўзбекистонга қайтишни истайсизми? Қори ака бошқа қарашдагиларга тоқатли инсон, бироқ нима учун атрофидагилар ҳам шундай эмас?” сўрабдилар Тошкентдан Эркин. Татаристондан Аркон исмли тингловчимиз эса, дуои саломларини йўллаб: “Агар сизда Ўзбекистонга боришга имконияти бўлганда Обидхон қори устозга ўхшаб ҳаққа қандай даъват қилган бўлардингиз? Бугунги зулмларни минбардан туриб айта олармидингиз? Катта раҳмат. Аллоҳ сиздан ва оила аҳлингиздан рози бўлсин ва сабр берсин. Обидхон қори устозимизга шифо ато этсин”, деб ёзганлар.
Довудхон Назаров: Инсон ўз келажагини асло Ўзи белгилай олмайди ва оқибат кандай бўлишини ҳам билолмайди. Буни фақат Аллоҳ билади. Ҳар бир ўзбекистонликда ўз юртига, Ўзбекистонга кайтиш нияти бўлса керак. Бу жуда яхши хислат, деб ўйлайман. Ҳар кимни ўз фикр ва қарашлари бўлади. Ҳаммамиз бир-биримизга нисбатан сабр-тоқатли бўлишлигимизни мен ҳам жуда хоҳлайман. Атрофидагилар деганда айнан кимларни назарда тутаётганингизни билмадим. Бошқалар учун мен баҳо бера олмайман. Ҳар биримиз ўзимизни ислоҳ қилиш йўлида кўп ишлашимиз, кўпроқ илм олишимиз ва чиройли хулқларни Ўзимизга касб қилишимиз зарур, деб биламан.
Мен илм ва тажриба жиҳатдан жуда ёшман. Олимларимиз доим бор бўлишсин, биз уларни қадрларига етадиган одам бўлайлик. Биринчи ўринда оғир аҳволда қолаётган мазлум биродарларимиз ҳақида кўпроқ ўйлашимиз керак. Қамалганлар ва ўғирланганларни озод этилишини талаб қиламиз. Бунинг учун олим бўлиш ҳам талаб қилинмайди ва қаерда бўлишингизни катта фарқи ҳам йўқ. Энг муҳими Динингизга бемалол амал қилиб ва ҳақ сўзни айта олишингиздир.
Би-би-си: Швециядан Зайнаб исмли мухлисимиз: “Айрим мусулмонлар демократияни куфр дейишади. Демократик тузумга нисбатан сизнинг муносабатингиз қандай?” деб сўрабдилар.
Довудхон Назаров: Айтиб ўтганимдай, менинг Ислом илмлари бўйича билимим чуқур эмас. Бу масаладаги жавобим мукаммал бўлмаслиги мумкин. Аммо менинг билишим бўйича “демократия” нима ўзи, деган нуқта устида ҳали бир хиллик йўқ. Ҳамма жамиятларда ҳар хил талқин қилинади. Ҳатто ғарб мамлакатларининг қонунлари ҳам бу борада бир-биридан катта фарқ қилади. Агар демократияни биз ўзимизча таърифлаб ва шунга биноан уни қабул қилишга ёки рад қилишга даъват қилсак кўпчилик тўғри тушунмаслиги аниқ.
Энг асосий гап даъвода эмас. Ҳозирги кунда демократияни даъво қилаётганларнинг жуда кўпчилиги, килаётган ишлари адолатсизлик ва диктатурадан бошқа нарса эмас. Менинг ожизона тушунчам бўйича бизга ва барча халқларга энг зарур нарсалардан бири адолат ва адолат учун курашиш. Адолат бўлган жойдагина эркинлик ва тараққиёт бўлади. Бу энг зарур қадриятлардан бўлганлиги учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг жуда кўп оятларида шунга буюрган. Мисол учун, Нисо сурасида, 135 оятининг аввалида ҳам марҳамат қиладики: “Эй Иймон келтирган зотлар, адолат билан турингиз, Аллоҳ учун (тўғри) гувоҳлик берувчилардан бўлингиз”. Шунинг учун ҳам, айтамизки, биз одиллик билан бошқариладиган адолатли жамиятни хоҳлаймиз.
Би-би-си: “Ассалому алайкум Довудхон. Мен аввалом бор, Обидхон қори жанобларини тезроқ соғайиб кетишларини тилар эдим. Айтингчи, нима сабабдан кўп мусулмон давлатлар камбағал? Сизнингча, Ўзбекистондек давлатда дин қандай рол ўйнаши керак? Ҳозир сиз яшаётган давлатдаги тартиб қоидаларни Ўзбекистонда қўллашни хоҳлаган бўлармидингиз? Раҳмат”, дея мактуб ёзган Жўрабек исмли тингловчимиз.
Довудхон Назаров: Тилакларингизни Аллоҳ қабўл этиб, тез кунда руёбга чиқарсин.
Қайси мамлакат бўлмасин у ердаги сиёсат холис, кенг бағирли, ҳаммага баробар, фитна ва макр-ҳийлалардан холи бўлсагина ўша мамлакатда тотувлик ва ҳар томонлама барқарорлик юзага келади. Аммо ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг теппасига ўтириб олган золим, қонхўр, ҳаромхўр, манфаатпараст ва порахўрлардан яхшилик кутиб бўлмайди ва яхшилик кутиб ўтириш жоиз ҳам эмас. Аллоҳ уларни яқинда хор қилишига ишонамиз.
Мусулмонлар учун уларнинг динлари ҳамма вақт, ҳар қандай ҳолатда катта аҳамиятга эга. Халқнинг манфаатларини қондириб беришлик ўша юртдаги ҳукуматнинг вазифаси.
Ҳар хил давлат ва миллатларнинг эришган яхши ютуқларини мусулмонлар ўзлаштириши, тадбиқ қилишлари мумкин, балки зарур. Аммо, Исломдан ўзга йўллардан қабўл қилинадиган нарсалар ақида, ахлоқ, аҳком ва ибодатга оид йўл-юруқлар бўлмаслиги керак. Бундай нарсалар Исломда тўла-тўкис баён қилиб берилган ва улар ўзгармасдир. Доимий ривожланишда бўладиган, ўзгариб турадиган ҳар-хил фойдали дунёвий нарсаларни эса кимдан бўлса ҳам ўрганилиши мумкин, валлоҳу аълам.
Би-би-си: “Довудхонга қуйидагича саволим бор эди. Айтингчи, ўзбек мусулмонлари орасидаги сиёсий сустликнинг сабабини нимада, деб ўйлайсиз ва нега Ислом дини ўзбек мусулмонларини йирик сиёсий курашларга чиқишларига тўсқинлик қилади? Гап шундаки, қайси бир ватандошим билан суҳбатлашсам, у мусулмон эканлигини ва фақат Оллоҳдангина сўраб дуо қилишини айтади. Агарда биргина дуо билан муаммолар ҳал бўлиб кетаверса, арабларнинг Исроил босиб олган ерлари қачонлар озод қилинган бўларди”, дея хат йўлланган Тўлқин Қораев Швециядан мухолифат фаоли ва мустақил журналист Тўлқин Қораев
Довудхон Назаров: Исломга тўла амал қилмаган мусулмонларга қараб Исломни муайян шаклда тасаввур қилиб олиш нотўғри. Ислом дини ҳеч қачон мусулмонларни сиёсий курашларга чиқишларига тўсқинлик қилмайди. Қайсики инсон ўз динига тўла ишонч билан, Парвардигорига дуо-илтижолар билан ҳаракат қилса, унинг таъсири бутун оламга тарқаши аниқ. Бунга оддий мисол Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам битта ўзлари бошлаган Ислом даъвати мана бутун оламга тарқалиб, деярли Ислом етиб бормаган жой қолмаган. Дуо агар холис, тўғри ва жиддий ҳаракат билан бирга бўлмаса сиз айтган мисолга ўхшаш воқеалар такрорланаверади.
Би-би-си: Ўшдан Одилжон Маҳдумий: “Муҳтарам Довудхон жаноблари, Ўзбекистонда мусулмонларнинг бугунги давлат томонидан яратилган диний шароитларига қониқмай, ҳеч масжиду мадрасаларга ибодат ва илм учун йўл очилганини инобатда олмай, Исломдаги васатия йўлидан оғиб, шаръий асосда ҳижрат қилишлиги вожибми?” деб сўрабдилар.
Довудхон Назаров: Ўзбекистонда мусулмонларга қўйилган тўсиқлар улар учун берилган диний шароитлардан кўра камида ўн баробар кўп. Бунга сон-саноқсиз мисоллар келтириш мумкин. Сиз Ўзбекистонда ўрта ҳолда, динингиз буюрган ишларни бажариб, қайтариқларидан тийилиб, чиройли амал қилган ҳолда яшайман десангиз, албатта тўсиқларга дуч келасиз. Инсон ҳаётга бир марта келар экан, унда ҳақни ҳақ, ёлғонни ёлғон деб, очиқ айта олмаса бу қандай ҳаёт бўлиши мумкин? Ваҳоланки, ҳақни яшириш энг оғир гуноҳлардандир. Ундан ташқари, сиз Ўзбекистонда неча минг масжиду-мадрасалар бор дебсиз. Қани айтингчи, мустақилликдан кейин то бугунга қадар уларнинг сони кўпайдими ёки камайдими? Қанчадан-қанча масжид ва мадрасалар ёпиб ташланди, уларнинг имомлари қамаб юборилиди. Ҳозирги кунда нисбат умуман тўғри эмас. Мусулмон эркаклар бемалол соқолларини кўйиб юра олмасалар, муслима аёллар рўмоллари учун ўқув юртларидан ҳайдалсалар, хоҳлаган ерингизда, хоҳлаганингизча Куръон ва ҳадислардан дарс қила олмасангиз, буни қандай шароит дейилади? Ўз фикрларингизни бемалол айтсангиз, зулмга, порахўрликка қарши курашсангиз, мазлумларга ёрдам берсангиз, сиз албатта жиноятчи бўласиз ва энг камида қамоққа ташланасиз. Ваҳоланки, Ислом зулмга кўз юмиб яшашга, ҳукумат нима деса, ўшани қилишга буюрмайди. Оят ва ҳадислардан жуда кўп далиллар келтириш мумкин.
Би-би-си: Би-би-си билан суҳбатга рози бўлганингиз учун катта раҳмат, тингловчиларимизга тилакларингиз бўлса, марҳамат.
Довудхон Назаров: Сизларга ҳам катта раҳмат. Ҳамма мусулмон биродарларимиздан дуоларда ва хайрли ҳаракатларида собитқадам бўлишларини сўраб қоламиз. Аллоҳ ҳаммамизни Ёлғиз Ўзига ибодат қилишда ва халқимизга холисона хизмат қилиб, зулм ва ноҳақликларни бартараф қилиш йўлида собитқадам қилсин.
Манба: Би-би-си