2013-12-18: Умматнинг Исломга қизиқиши қандай? Нусрат келишини кутса бўладиган даражадами?
Ўзбек халқининг аксарият қисми кўпроқ нималарга қизиқиб яшамоқда?
Нафақат ўзбеклар, балки кўпчилик мусулмон халқларнинг бугунги кунда Ислом динига бўлган қизиқишлари қай даражада?
Агар шуни била олсак Аллоҳнинг нусрати қачон келишини тахмин қилишимиз мумкин, валлоҳу аълам:
Яқинда ББС ўзбек хизмати Ўзбекистонликлар Фейсбукда энг кўп нимадан баҳслашаётгани ҳақида бир мақола эълон қилди.
Бу мақола ўзбекларнинг Фейсбўкдаги ҳаёти ҳақида бўлса ҳам, аммо у ҳақиқий воқелик қандай ҳолда эканига ишора қилувчи бир мисол бўла олса керак.
Хабарда ўзбеклар ўткан бир йил мобайнида энг кўп қизиққан 10 та мавзу зикр қилинган бўлиб, минг афсуски, у ерда Ислом дини мавзуси биринчи ўринни эгалламаган эмас, балки ҳатто юқори ўнликка умуман кирмаган, Аллоҳул-Мустаъан.
Энг ачинарлиси, бу ўнликка кирган мавзуларнинг баъзилари инсон умрини бекордан бекорга исроф қилиб ташлайдиган бемаъни нарсалардан иборат.
Биз бу хабардан олишимиз лозим бўлган энг асосий ибрат:
Одамларга Ислом динини қандай қилсак қизиқарлироқ ва гўзалроқ суратда етказиш ҳақида чуқур тафаккурлар, маслаҳатлар ва ҳаракатлар олиб боришимиз даркор.
Ислом динини халойиққа энг гўзал суратда етказиш Аллоҳ ва Расули буюрган энг буюк амаллардан биридир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобий киромлар Ислом даъватини энг олий ахлоқ-одоблар асосида ва энг гўзал ва қизиқарли суратда тарқатганликлари туфайли ўша даврларда жуда қисқа муддат ичида дунёнинг аксар халқлари Ислом динини ўз ихтиёрлари билан қабул қилишган ва Исломий жамиятда азизу мукаррам бўлиб яшаган эдилар.
Бугунги аҳвол ҳақида баъзи биродарларимиз балки ўзларининг ва бошқаларнинг руҳиятини кўтариш учун”бу каби хабарлар воқеликда асл ҳақиқат қандайлигини кўрсата олмайди, одамларнинг Исломга бўлган қизиқишлари ва амаллари ОАВ да айтилаётгандан кўра анча яхши” деб айтишлари мумкин.
Албатта, Аллоҳдан умидвор бўлишимиз зарур, лекин шу билан бирга аччиқ ҳақиқатларни ҳам билиб, умматнинг аҳволини тўғри тушуниб, камчиликларимиз жуда ҳам кўплигини эътироф этиб, ўзимизни ҳам, одамларни ҳам ғафлат уйқуларидан уйғотишимиз, Ислом дини учун жон куйдириб яшашимиз биринчи ўринда туриши лозим.
Модомики, умматимизнинг аксар қисми энг кўп қизиқадиган мавзуси ва энг маҳкам ушлайдиган қимматбаҳо қадрияти Ислом дини бўлмас экан, Ислом дини биз учун доимо энг биринчи ва энг юқори даражада турадиган мавзу бўлмас экан, Аллоҳнинг нусрати келишини, халқимиз бахтли ҳаёт кечирадиган бўлишини кутмасак ҳам бўлаверади, Аллоҳ асрасин.
Аллоҳ таоло барча мусулмон халқларимизни дунё ғафлатларидан уйғотсин, ҳаммамизни ҳақиқий мўмин-мусулмонлардан қилиб, икки оламда азизу мукаррам бўлиб яшашимизга муваффақ айласин…