2013-10-12: Ҳаж ва умрага оид муҳим масалалар (4-қисм: ҳаж ва умра амаллари ҳақида)

 

–          Ҳаж ва умра амалларини уч даражага тақсимланиши мумкин:

 

  1. РУКНЛАР: яъни, энг зарур ва энг катта фарз амаллар, агар РУКН даражасидаги амаллардан биронтаси бажарилмай қолса, у ибодат хоҳ ҳаж бўлсин, хоҳ умра бўлсин, бажарилган ҳисобланмайди.
  2. ВОЖИБОТЛАР: бу амаллар ҳам фарз амаллар, аммо РУКН даражасида эмас. Вожиботлардан биронтаси бажарилмай қолса ибодат бажарилган ҳисобланади, аммо албатта бажарилмай қолган амал туфайли ибодатнинг ноқислигини тўлдириш учун қўй сўйиш вожиб бўлади

(Бу масаланинг тафсилотлари бор ва ўз ўрнида баён қилинади иншааллоҳ)

  1. СУННАТЛАР: бу амалларни бажариш ибодатни мукаммал суратда адо этишга киради ва олий даражаларга кўтарилишга сабаб бўлади. Суннатларни тарк қилиш эса макруҳ ҳисобланади. Уларни узрсиз тарк қиладиган одамни гуноҳкор деб ҳисобланмаса ҳам, бепарволиги учун албатта маломат қилинади ва ибодатларни мукаммал бажаришга тарғиб этилади.

 

Энди ҳар икки ибодатнинг анашу амалларини зикр қилиб ўтамиз:

 

  • Умра амаллари:

–          Умранинг РУКНЛАРИ:

  1. Ният қилиш; (Эҳромга кириш, деб ҳам айтилади ва бу ерда эҳром деганда эҳром кийими эмас, балки қалби билан умра қилишга қатъий ният қилиш кўзда тутилади. Бизнинг мазҳабимизда бу рукнни шарт деб айтилади).
  2. Тавоф қилиш; (Каъбатуллоҳни етти марта умранинг тавофи деган ниятда айланиш).
  3. Саъй қилиш; (Сафо ва Марва тоғи орасида етти марта бориб келиш. Ҳар бир тарафга бориш бир марта ҳисобланади).

 

–          Умранинг ВОЖИБОТЛАРИ:

  1. Мийқотдан ўтиб кетмасдан ният қилиш;
  2. Эҳромда ман қилинган нарсалардан сақланиш

(Эҳромда ман қилинган нарсалар ҳақида кейинроқ тўхталамиз иншааллоҳ)

  1. Тавоф ва саъй қилиб бўлгандан кейин сочини қириш ёки қисқартириш

 

–          Умранинг СУННАТЛАРИ:

(Суннатларни иншааллоҳ кейинчалик фурсат топилганда баён қилинади иншааллоҳ)

 

  • Ҳаж амаллари:

–          Ҳажнинг РУКНЛАРИ:

  1. Ният қилиш; (Эҳромга кириш, деб ҳам айтилади ва бу ерда эҳром деганда эҳром кийими эмас, балки қалби билан ҳаж қилишга қатъий ният қилиш кўзда тутилади. Бизнинг мазҳабимизда бу рукнни шарт деб айтилади).
  2. Арафот ҳудудида бўлиш; (9-зулҳижжа куни пешиндан кейин то ҳайит кунининг бомдод вақти киришидан олдинги лаҳзагача бўлган муддат ичида энг камида бир лаҳза бўлса ҳам Арафот ҳудудига ҳаж рукнини адо этиш нияти билан кириш)
  3. Тавофул-Ифоза; (Ҳаж тавофи, Зиёрат тавофи ҳам деб айтилади. Бу тавофнинг вақти ҳайит куни бомдод вақти киргандан кейин бошланади. Каъбатуллоҳни ҳаж тавофи деган ниятда етти марта айланиш).
  4. Саъй қилиш; (Сафо ва Марва тоғи орасида етти марта бориб келиш. Ҳар бир тарафга бориш бир марта ҳисобланади. Бу саъйнинг ҳам вақти ҳайит куни киради. Бизнинг мазҳабимизда саъй ҳукмининг даражаси вожиб, рукн эмас. Жумҳур уламолар эса рукн деб айтишган).

 

–          Ҳажнинг ВОЖИБОТЛАРИ:

  1. Мийқотдан ўтиб кетмасдан ният қилиш; (агар Макка аҳли ёки мутаматтиъ бўлса Маккадаги турган жойидан ҳажга ният қилаверади)
  2. 2.       Эҳромда ман қилинган нарсалардан сақланиш;

(Эҳромда ман қилинган нарсалар ҳақида кейинроқ тўхталамиз иншааллоҳ)

  1. 3.       Арафа куни кун ботгунга қадар Арафот майдонида бўлиш;
  2. Муздалифа майдонида тунаш; (Ҳайит кечаси Арафадан Муздалифага келиб, Муздалифада тунаш)
  3. Жамарот тошларини отиш; (“Мутаъажжил” бўлса ҳайит кунидан бошлаб, 12-зулҳжжагача ҳар куни, “Мутааххир” бўлса ҳайит кунидан бошлаб 13-зулҳижжагача ҳар куни Жамарот майдонидаги махсус жойга тош отиш)
  4. Мутаматтиъ ёки Қорин ҳожи бўлса ҳадйни сўйиш (ёки сўйдириш. Бунинг ҳам вақти ҳайит кунидан бошланади)
  5. Сочини қирдириш ёки қисқартириш; (бунинг ҳам вақти ҳайит кунидан бошланади)
  6. Тавофул-Ифозани ташриқ кунларидан кечиктирмаслик
  7. Саъйни тавофдан кейин ва Сафо тоғидан бошлаш;
  8. Тавофул-Вадоъ; (Маккадан чиқиб кетадиган ҳожиларга чиқиб кетиш пайти Каъбатуллоҳни тавофул-вадоъ қилиб кетиш);

(Яна бошқа амаллар ҳам бор, уларнинг вожиб ёки суннати муаккада эканида  уламолар ўрталарида ихтилоф бор. Масалан ташриқ кунлари Мино водийси ҳудудига кириб тунаш, тош отиш соч олишдан олдин бўлишлиги, ташриқ кунлари тош отиш пешин вақти киргандан кейин бошланишлиги … Улар ҳақида кейинчалик фурсат топилганда иншааллоҳ баён қилинади).

 

–          Ҳажнинг СУННАТЛАРИ:

(Суннатларни иншааллоҳ кейинчалик фурсат топилганда баён қилинади иншааллоҳ)

 

Улашинг
Leave A Comment