Салафлар ихлосидан намуналар
(Шайх Сайфуллоҳ Носир)
Маълумингизки, ихлос (амалларни фақат Оллоҳ учун, холисан лиллоҳ бажариш) банда амалининг негизини ташкил қилади.
Ихлос йўғрилмаган иш, дунё илинжларидан бири қўшилиб қолган амал нечоғли улкан ва залворли, одамлар кўзига жуда ажойиб ва ёрқин кўринса-да, Оллоҳ ҳузурида фойда бермайди, тарози босмайди.
Хўш, ўтганларимиз нималар қилар эдилар, амаллари ихлосли бўлиши учун нима чоралар кўрардилар?
Келинг, шу ҳақда келган ривоятлардан баъзиларига кўз ташлаб ўтайлик.
Имом Зайнул обидин (обидлар зийнати) лақабини олган Али ибн Ҳусайн кечаси алламаҳал бўлганида елкасига қоп ортиб, камбағаллар эшиги олдига билдирмасдан нон, таом тарқатиб чиқарди.
Амр ибн Собит шундай дейди:
Али бин Ҳусайн вафот этганида уни ювувчи кишилар елкасида қора чуқур изни кўрдилар. “Бу нима?” деб ҳайрон бўлишганида у кишини таниган баъзилар “кечалари қопда ун, бошқа таомлар тарқатиб, камбағал оилалар ҳовлилари оралаб изғиб юрар эди” деб жавоб беришди.
Салафлардан бири кечаси туриб (нафл) намоз ўқир эди. Бомдод маҳали бўлганда худди энди турган кишидек томоқ қириб, овозини кўтариб уйидагиларни уйғотар эди.
Имом Довуд ибн Абу Ҳинд (вафоти 139-ҳижрийда) қирқ йил билдирмай (нафл) рўза тутган бўлиб, унинг рўзадорлигини уйдагилари сезмаган экан! Касби кўнчи (тери ошлаб, ундан турли анжомлар тикиб сотадиган харроз)лик бўлиб, уйдан чиқаётганда тушлигини уйдагилари қўлига тутқазишар, бироз юргач, камбағалларга бериб, бориб ишини қилар, кечқурун уйга қайтгач, уйдагилари билан кечки овқатни ер экан.
Абдуллоҳ ибн Муҳайриз бир куни кўйлак олиш учун бир дўконга кирди. Дўконда ўтирганлардан бири у кишини таниб қолиб, “бу киши Ибн Муҳайриз бўладилар, тузуклаб (яъни, арзонроқ) сотинг” деди. Қўлидаги кўйлакни қайтариб қўяр экан, Ибн Муҳайриз хийла ғазабланган эди. У “Биз пулимизга мол оламиз, динимизг эмас” дея дўконни тарк этди..
Айюб Сахтиёний пайғамбар ҳадисларини ривоят қилганда кўнгли юмшаб кетса, билдирмаслик учун тезда томоғини қириб, “тумов қаттиқ текканга ўхшайди” деб қўярди.
Авн ибн Абдуллоҳ шогирдларига уқтирар эди:
“Мискин-бечорага бир нарса берсанг, сенга “Оллоҳ барака берсин” деб дуо қилса, сен ҳам “Оллоҳ барака берсин” дегинки, шояд берганинг Оллоҳ учун холис бўлса”.
Муҳаммад ибн Юсуф Исфаҳоний кундалик нонини бир новвойдан сотиб олар, у таниш бўлиб бошласа, бошқа нотанишга қатнай бошлар эди, токи бу туфайли унга арзонроқ ёки нон яхшисини бериб қолмасин деб.
Мутарриф ибн Абдуллоҳ “Кечани уйқу билан ўтказиб, тонгда афсус-надомат билан уйғонишим тунни ибодатда ўтказиб, саҳар бунга мағрур бўлишимдан афзал” дер эди.
Бишр ибн Ҳорис шундай дер эди:
“Охират ҳаловатини одамларга танилишни истаган одам топа олмайди”.
Салафлардан бу каби ҳикоялар талайгина ривоят этилган.
Ихлос моҳиятини, унинг заруратини англаш учун юқоридагилар кифоя бўлса керак.
Муҳими – биз ўзимиз ҳам ихлосли бўлишга интилишимиз, яхши амаллар кушандаси бўлмиш риёкорлигу хўжакўрсинга иш қилишлардан узоқ бўлишга ҳаракат қилмоғимиз лозим.
Оллоҳ таоло барчамизни ихлосли бандаларидан қилсин, турли қалб офатларидан, жумладан, риёкорликдан паноҳ берсин, омин.