Каҳф сурасидан олинадиган дарслар силсиласи: Асҳобул-Каҳф итларидан икки дарс

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

 Ассалому алайкум вараҳматуллоҳи ва баракотуҳ

Азиз ва қадрдон биродари азизлар

Бугун муборак Жумъа куни.

Каҳф сурасидан олинадиган дарсларни яна давом эттиришга ҳаракат қиламиз.

Бугунги суҳбатимизда Асҳобул-Каҳфга ҳамроҳ бўлган ит қиссасидан ибрат оламиз.

Маълумки, Асҳобул-Каҳф куфру туғёнга ботган қавмдан қочиб, ҳижрат қилиб кетишаётганда йўлда уларга бир ит ҳам эргашиб олади ва шу туфайли Асҳобул-Каҳфга ёғдирилган Аллоҳнинг баракотидан анашу ит ҳам насибадор бўлади.

Бу ит доимо Асҳобул-Каҳф билан бирга қиёматгача мақтов билан зикр қилиниб, уни ёдга олган ояти карималар тиловат ва тафсир қилиб юрилади.

Бу ит Асҳобул-Каҳфга эргашиб олгани учун Аллоҳ таоло уни Ўзининг энг буюк китоби бўлмиш Қуръони каримда бир неча марта “КАЛБУ-ҲУМ” деб такрор-такрор Асҳобул-Каҳфга нисбат бериб зикр қилди.

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ тафсир китобларида ушбу итнинг ҳолидан фойда олиб айтадиларки:

“Бу Ахёр – солиҳ инсонларга ҳамроҳ бўлишнинг фойдасидир …”

Яъни, солиҳ инсонларга ҳамроҳ бўлиш ҳеч кимнинг эътиборини жалб қилмайдиган, балки ҳамма жирканадиган махлуқни ҳам улуғ мақом-мартабаларга кўтарди.

Тасаввур қилинг, сизни Аллоҳнинг каломи – Қуръони каримда мақтов ўрнида қайта-қайта зикр қилинса, нақадар буюк бахт!

Баъзи ривоятларда келишича, бу ит Асҳобул-Каҳфнинг бирларига овчи ит бўлган экан.

Овчи итни эса Аллоҳ таоло Қуръони каримда оддий итлардан юқори даражага кўтариб, Моида сурасининг тўртинчи оятида у овлайдиган ҳайвонни бизга ҳалол қилиб берган.

Демак, биз Асҳобул-Каҳф итидан иккита буюк фойда олдик:

1-      Илмнинг фазилати;

Чунки бу ит Аллоҳ унга ўргатган илм туфайли Асҳобул-Каҳф аҳли ҳақ эканликларини билди ва уларга эргашиб илмига амал қилди.

2-      Солиҳ инсонларга ҳамроҳ бўлиш фазилати;

Хусусан илмига амал қиладиган, Ёлғиз Аллоҳга сиғиниб яшайдиган аҳли илмларга ҳамроҳ бўлиш бандани разилликлардан қутқариб, энг юқори мартабаларга кўтаради, ҳаттоки ўзи аҳли илм бўлмаса ҳам.

Ҳадиси қудсийда зикр аҳлига қўшилиб қолган, ўзи аслида ундай нияти бўлмаган одамнинг гуноҳларини зикр аҳлининг гуноҳлари билан бирга мағфират қилганини Аллоҳ таоло хабар бериб айтадики:

“Бу қавм (зикр аҳли) шундай қавмдирки, уларга суҳбатдош бўлган киши улар туфайли бахтсиз бўлмайди”.

Аллоҳ азза ва жалла барчаларимизни доимо илм ва уламоларга ҳамроҳ бўлиб яшашимизни муяссар айласин, икки оламда ҳақиқий бахтли ҳаёт кечиришга муваффақ қилсин.

Омин.

Улашинг
Leave A Comment