“Асҳобул-Каҳф”дан бир дарс
– Бугун муборак ва улуғ Жумъа куни.
– Жумъа куни Каҳф сурасини ўқиш фазилати ҳақида баъзи муҳаддис уламолар саҳиҳ санаган “Каҳф сураси жумъадан жумаъгача нур бўлади” деган маънода ҳадиси шариф бор.
– Яна бир неча саҳиҳ ҳадисларда Каҳф сурасининг бошқа фазилатлари собит бўлган, жумладан бир ҳадисда Каҳф сурасининг аввалги ёки охирги 10 оятини ўқиш Дажжол фитнасидан сақлаши башорат берилган.
– Каҳф сураси Асҳобул-Каҳфнинг ибратларга тўла бўлган қиссалари туфайли ушбу ном билан номланган.
– Каҳф дегани тоғдаги ғор деган маънода.
– Қиссанинг хулосаси шуки, ўз қавмларини Ягона Аллоҳга сиғиниб яшашга даъват қилган бир неча йигитни кофир қавм ўлдириб юбормоқчи бўлишганда, бу йигитлар фитналар билан тўлган ва ҳақ Динга душман бўлган бу жамиятдан ҳижрат қилиб кетишга мажбур бўлишади.
– Борар жой тополмасдан вақтинча бир Каҳф – ғорда беркиниб дам олмоқчи бўлишганда Аллоҳ Ўз раҳмати ила уларни уч аср ухлатиб, дам олдиради ва фитналардан омонда сақлайди.
– Қамарий ҳисоб бўйича 309 йилдан кейин Аллоҳ Ўзи уларни уйғотиб, ўша пайтдаги янги авлодга буюк авлиёларини қандай асраганини изҳор қилади ва яна уларни Ўзининг ҳузурига чақириб олади.
– Уламолар бу қиссадан олинадиган жуда ҳам кўп ибратлар ва фойдаларни тафсир китобларида батафсил баён қилишган.
– Биз ҳозир фақат битта фойда билан кифояланамиз:
– Мўмин киши ҳақ йўлга даъват қилганидан сўнг бошига турли мусибатлар келишига тайёр турмоғи лозим.
– Вазият ҳатто шу даражада оғирлашиб кетиши мумкинки, баъзи жамиятларни умуман ислоҳ қилиш имкони қолмагандан сўнг ҳаммадан узоқ бўлиб, бир чекка жойда якка ўзи ёлғиз қолиб кетиб, Ягона Аллоҳга сиғиниб, халватда илоҳий муножотлар билан роҳат олиб яшашига тўғри келиб қолиши ҳам мумкин.
– Нима бўлган тақдирда ҳам, турли-туман мусибатлар рўй берса ҳам, бу алғов-далғов фитналар билан тўлган дунё ҳаётида ёлғиз қолиб кетса ҳам, инсон Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиб, Ягона Ўзига ибодат қилиб, имтиҳонлардан иймону ислом билан эсон-омон қутулиб олиши даркор.
– Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчаларимизни Ягона Ўзининг авлиёларидан бўлиб яшаб ўтишимизга муваффақ айлашини сўраб қоламиз.