Талаби илм одоблари ҳақида бир суҳбат

 

  • Эътиқод илмини ўрганиш ҳақида баъзи маслаҳатлар:

 

– Баъзи толиби илм биродарларимиз ақида илмидан дарс бошлашни илтимос қилган эдилар.

 

– Илм ва амалга ҳарис бўлган барча биродарларимизга Аллоҳдан тавфиқ тилайман, Аллоҳ ҳимматларингизни доимо олий, қалбларингизни ҳақ йўлда мустаҳкам қилсин.

 

– Банданинг эътиқоди соғлом бўлиши шак-шубҳасиз энг муҳим ва энг зарур нарса.

Чунки абадий ҳаётда бахтли бўлишнинг пойдевори соғлом эътиқоддир.

 

– Аллоҳга беҳад ҳамдлар бўлсинки, Ислом динининг соф ақидаси инсон фитрати ва ақлу идрокига муносиб бўлган энг енгил ва равшан эътиқод.

Чунки Аллоҳ таоло бандаларини соғлом фитрат ва тоза ақл билан яратган ва уларга энг бахтли ҳаёт кечиришларига сабаб бўладиган соф эътиқодни ҳам ваҳй қилиб берган.

 

– Эътиқод илмини ўрганишда мутақаддим уламоларнинг мухтасар тарзда ёзган илмий матнларини ёд олишдан бошлаш ва уларнинг шарҳларини такрор-такрор ўқиб туриш катта аҳамиятга эга.

 

– Бошланғич талабалар ёд олишлари ва яхшилаб ўрганишлари зарур ҳисобланган эътиқодий матнларнинг муҳимларини иншааллоҳ вақти-вақти билан зикр қилиб боришга ҳаракат қиламиз.

 

– Аллоҳнинг марҳамати ила анашу матнлардан бири бўлмиш ва ҳанафий мазҳаб кенг тарқалган жойларга жуда ҳам зарур бўлган китоб – Ақидаи Таҳовийядан дарс ўтилиб, бошидан охиригача шарҳлаб чиқилган ва бу шарҳдан фойдаланмоқчи бўлган биродарлар аудио шаклда Талаба сайтидан олиб эшитишлари мумкин:

 

( http://talaba.biz/uzbek/?page_id=2413 )

 

– Имом Муслим Саҳиҳ тўпламларида Яҳё ибн Аби Касир сўзларини ривоят қилиб келтирадилар:    

 

 “Жисмга роҳат берилса илмга тоқат бўлмайди”.    

 

– Қуйида талаби илм ҳақида баъзи насиҳатларни эслаб ўтамиз:  

 

– Толиби илм дунёни кезиб чиқишга мажбур бўлса ҳам имкон қадар кўпроқ уламолардан илм ва одоб ўрганиб яшашга ҳаракат қилади.  

 

– Битта-иккита устозга боғланиб қолиб, анашуларга ўзи билиб-билмасдан мутаъассиб бўлиб қолмайди.  

 

– Ислом оламини айланиб, энг катта уламоларни қидириб топишга ҳаракат қилади.  

 

– Ўнлаб, балки юзлаб уламолардан бевосита дарс олишга, уларнинг одоб-ахлоқлари, илму ҳикматларини ўрганишга ва амал қилиб яшаш жидди-жаҳд билан ҳаракат қилади ва бу йўлда узоқ йиллар сабру сабот билан давом этади.

 

– Балки ўлим келгунга қадар талаби илмни тўхтатмайди. Салафларимиз айтганларидек (Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳнинг сўзлари):

 

 “Сиёҳдон билан қабристонгача (борамиз)”.

 

– Имом Бухорийнинг мингдан зиёд устозлари бўлган. Бошқа барча уламоларнинг ҳам устозлари кўп бўлган.  

 

– Балки умумий бир қоида сифатида “битта олим билан чекланиб қолган толиби илм ҳеч қачон олим бўла олмайди” деб айтсак ҳам хато бўлмаса керак.  

 

– Албатта бундан пайғамбарлар мустаснодирлар, чунки улар маъсум – хатодан омонда бўлган зотлар, уларнинг охиргилари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан дарс ва тарбия олган саҳобий киромлар даражасига ета оладиган уламо ҳеч қачон ҳеч қаерда топилмайди.  

 

– Толиби илмнинг устозлари қанча кўп бўлса ҳақиқатга шунча яқинлашиб боради, агар нияти холис Аллоҳ учун бўлса, албатта.  

 

– Бир олимдан топмаган одобни иккинчи олимдан топади, иккинчидан топмаган ахлоқни учинчидан топади, учинчисидан ўрганолмаган амалга тўртинчисининг қўлида ўрганади, ваҳоказо.  

 

– Ҳақиқий толиби илм бўлиш учун албатта уламоларнинг ҳузурларида чўкка тушиб ўтириб, одоб-ахлоқ билан, уламоларга ҳурмат-эҳтиром билан, уларни ўн йиллаб лозим тутиш керак.  

 

– Имом Аҳмаднинг шогирдлари имом Яъқубдан ривоят:  

 

“Имом Аҳмаднинг суҳбатларини 13 йил давомида лозим тутдим, бирорта ҳадисни ёзиб олиш учун эмас, балки одоб-ахлоқларидан, юриш-туришларидан ўрганиб ибрат олиш учун фақат”.  

 

 – Яъни, узоқ йиллар давомида имом Аҳмаднинг илмларини олиб бўлганларидан кейин яна 13 йил одоб-ахлоқларини ва амалий татбиқларини ўрганиб юрганлар.

 

 – Илмий китобларни ўқиб чиқиш, шаръий масалаларни назарий шаклда тушуниб етиш, балки ҳатто Қуръони каримни ва ҳадиси шарифларни ёд олиш билангина толиби илм олим бўлиб қолмайди.    

 

– Ўрганган илмларини уламолар кузатувлари остида турли майдонларда узоқ муддатли тажрибалардан ўтказиши, илмни оммага етказишнинг амалий татбиқларини ўрганиб бориши лозим. Бу узоқ муддатли босқич жуда ҳам зарур.  

 

– Инсон ҳаёти давомида илми зиёда бўлган сари ўзининг нақадар жоҳил эканлигини чуқурроқ англаб боради.  

 

 – Толиби илм бир масаланинг ҳукмини далиллари билан аниқ билгани билан уни қачон, қаерда, қандай суратда, қандай иборалар билан, кимларга баён қилиши кераклигини яхши тушуниб етди, дегани эмас.  

 

– Даъват ва насиҳатни эшитаётган одамларнинг аҳволини ҳам яхши билиш, замон ва макон ҳолатларига ҳукм чиқаришда тўғри тасаввурга эга бўлиш ва ҳоказо, буларнинг ҳар бири алоҳида аҳамиятга эга бўлган бўлган масалалардир.  

 

– Имом Моликдан ривоят қилинади, у киши дедилар:  

 

“Етмишта олим сен фатво беришга ҳақли бўлдинг деб гувоҳлик беришмагунга қадар фатво беришга журъат қилолмаганман”.    

 

– Аллоҳ таоло гуноҳларимизни кечирсин, толиби илм деган номга ҳақиқатан ҳақли бўлишга муваффақ қилсин, билиб-билмасдан гапириб юборишлик балосидан Ўзи қутқарсин .

 

– Биз ҳақиқий толиби илм бўлишимиз учун, катта-катта уламолар эҳтиёт бўлиб турадиган мураккаб масалаларда қатъий ва кескин суратда фикр билдиришга умуман шошилмаслигимиз керак, Аллоҳдан жуда қаттиқ қўрқишни ўрганишимиз керак, уламоларнинг одобларидан кўпроқ ўрнак олишга ҳаракат қилишимиз лозим.  

 

– Салафи солиҳларимиз баъзи нарсаларнинг ҳукми ҳаром эканига қаноат ҳосил қилишган бўлсалар ҳам, Китобу Суннатда очиқдан очиқ баёни келганини билмасалар “бу ҳаром” деб ҳукм чиқаришдан тақво қилиб, “шу нарсани мен ёқтирмайман” деганга ўхшаш ибораларни қўллашарди.  

 

– Худди шунингдек бир нарсани ҳалол деб ёки бошқа нарсадан афзал деб ҳукм чиқаришда ҳам “манабу нарса менга суюклироқ” деган сўзга ўхшаш эҳтиётли ибораларни танлашар эдилар.  

 

– Бу эса уларнинг Аллоҳдан тақво қилишлари, Аллоҳ таолога бўлган одоблари нақадар буюк эканини кўрсатади.    

 

– Улар доимо Қуръону Ҳадис далиллари ва Шариат асослари ва қоидаларига таянган ҳолларида ҳукм чиқарсалар ҳам ўзларининг фатволарини “Бу Аллоҳнинг ҳукми ёки Расулуллоҳнинг ҳукмлари ёки Ислом ҳукми манашундай” деб айтмасдилар.  

 

– Бундай буюк тақво ва одобни аввало Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг васиятларидан ўрганамиз.  

 

– У зот ғазотга юборилаётган қомондон саҳобийларга насиҳат қилиб айтардиларки (маъноси) :  

 

” … Бирор қалъа аҳлини қамал қилганингда улар Аллоҳнинг ҳукмига асосан сулҳ қиламиз ёки аҳдлашамиз, деб талаб қилишса сен уларга Аллоҳнинг ҳукмига асосан деб аҳд – ваъда бермагин, ўзингни ҳукминг (яъни Қуръону Суннатдан тушуниб етганинг) асосида сулҳ қилишга ваъда бергин, чунки сен ҳақиқатан Аллоҳнинг ҳукмига мувофиқ ҳукм чиқара оласанми ёки йўқми, билмайсан …”

 

(Имом Муслим ривоятлари).

 

Вассаламу алайкум вараҳматуллоҳи вабаракатуҳ.

 

Улашинг
Leave A Comment