2014-02-22: Шайх Обидхон қори ҳаётларидан ибратли лавҳалар (Таҳажжуд намози ва Қуръон тиловатига бўлган муҳаббатлари)

Кириш сўзи

 

Аллоҳ азза ва жаллага чексиз ҳамду санолар, Расулуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳга ва у зотга яхшилик билан эргашиб келаётган барча мўмин авлиёларга салоту саломлар бўлсин.

Аммо Баъд:

Кўпчиликка маълум, устозимиз шайх Обидхон қори Туркистон диёрларининг охирги 30 йил ичида кўзга кўринган энг машҳур имомларидан бири ҳисобланадилар.

Ҳижрий сана 1433 йил 29-Рабиъул-аввал (мелодий 2012 йил 22-феврал) чоршанба  шайх Обидхон қорини таниган мусулмонлар учун оғир мусибат ва имтиҳон сифатида тарих саҳифаларида сақланиб қоладиган кун бўлди.

Зеро, у куни устозимиз шайх Обидхон қорига нисбатан Ислом душманлари томонидан ваҳшиёна суиқасд уюштирилди.

Устозимиз икки йилдан буён Шветсия шифохоналаридан бирида даволанмоқдалар.

Аллоҳ азза ва жалла у кишига тезроқ шифои комил ато этсин.

Устозимиз иншааллоҳ яқин келажакда яна қайтадан Ислом ва мусулмонлар нусрати йўлидаги хизматларини давом эттирадилар деган умиддамиз.

Шайх Обидхон қорининг бизнинг устимиздаги ҳақларидан бири – у киши узоқ йиллар мобайнида умматга тақдим этган илму ҳикмат, мавъиза ва даъватларини бутун дунёга гўзал услублар билан ва турли воситалар орқали тарқатишдир.

Биз устозларимиз ҳақларини адо этишда анчагина сустликка йўл қўймоқдамиз, ҳатто баъзиларимиз ушбу мавзу аҳамияти ҳақида бош ҳам қотирмаган бўлишлари мумкин.

Шайх Обидхон қорининг ҳаётлари ҳақида у кишига яқин бўлган биродарларимиз кўпдан кўп гўзал ва ибратли воқеаларни билишса керак.

Қанийди, ана шу қимматбаҳо бойликларни китоб, рисола, мақола ва аудио-видео филмлар шаклида омма халқга тақдим этилса, бу ҳам Ислом ва мусулмонларга яхши хизмат бўлар эди.

Шу ерда эслаб ўтсак, кимда муҳим илмий ва тарбиявий маълумотлар бўлса, уларни тезроқ китобларга ёзиб, тарих саҳифаларига киритиб қўйишлари тавсия этилади, бу борада “бугунги ишни эртага қўйма” деган насиҳат жуда ҳам зарурдир.

Аллоҳ таоло шундай дейди:

“Ҳеч бир жон эртага нима қилишини билмайди ва ҳеч бир жон қайси ерда ўлишини билмайди” (Луқмон: 34)

Мен ҳам иншааллоҳ ушбу мавзуга оид баъзи бир ёдимда қолган ва ўз кўзим билан кўрганим ва эшитганим ибратли воқеаларни ва улардан олинадиган дарсларни қурбим етганича ёзмоқчиман, шояд устимдаги масъулиятлардан озгинасини бўлса ҳам адо этишга муваффақ бўлсам.

Аллоҳ таолодан барчамизга тавфиқ ва мадад сўраб қоламан.

 

Таҳажжуд намози ва Қуръон тиловатига бўлган муҳаббатлари

Устозимиз шайх Обидхон қорини 80 йиллардан буён яхши танийман.

Аммо катта айбларимдан бири – Қори акадан кўрган ва эшитганларим ҳаётий лавҳаларни ёдда сақлаб қолиш учун ўз вақтида қоғозларга туширмаганим бўлган, шу туфайли бугунга келиб ёдимда сақланиб қолган ибратли воқеаларнинг кўплари аниқ-тиниқ эсимда қолмаган.

Сал кечроқ бўлса ҳам англадимки, ёшлигимизданоқ уламоларимизнинг ҳаётларига оид барча ибратли воқеаларни ёдимизда турган пайт дарҳол қоғозларга битиб олишимиз зарур экан.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳининг шогирдларидан бири ривоят қилишича, у зот бир кечада 10-20 марталаб ётган жойларидан туриб, аввал ёдлаб, кейин хаёлларидан кўтарилиб қолган ҳадислар қайта ёдларига тушган пайт эринмасдан ўринларидан туриб, шамни ёқиб, анашу ҳадисларни қоғозга ёзиб, кейин яна қайтадан шамни ўчириб, жойларига қайтар эканлар.

Шайх Обидхон қорининг қариндошлари ва у кишини яқиндан таниган кўпчилик мусулмонлар у киши доимо Аллоҳ таолога бўлган боғланишлари, илтижо ва таваккуллари жуда кучли бўлганлиги ҳақида кўп ҳикояларни айтиб беришади.

Тўхтабой жомеъ масжидига жонбозлик кўрсатиб хизмат қилган шафёрлардан бири раҳматли Абдисаттор ака Обидхон қори акада кўрган таассуротлари ҳақида ҳикоя қилиб айтгандилар:

“Қори аканинг Қуръони каримга бўлган ҳурматлари жуда ҳам баланд эди. Қори ака оғир ҳолатларда ҳам, сафарларда юрган пайтларимиз жуда қаттиқ чарчаб турган бўлсалар ҳам, Қуръони каримни тиловат қиладиган бўлсалар бутун вужудлари билан эътибор бериб тиловат қилардилар ва чарчоқларини унутиб юборар эдилар”.

Обидхон қорининг фарзандларидан бири ҳикоя қилади:

“Отам кечалари таҳажжуд намозлари ва Қуръон тиловатлари билан ибодат қилаётганларини кўп кўрар эдим”.

Бундай ҳикояларни эшитганимдан сўнг қори аканинг “Обид қори” деган исм билан машҳур бўлишлари ҳам бежиз эмас экан, деганман.

Зеро, бу икки сўз араб тилидан олинган бўлиб, “обид” дегани ибодат қилувчи, “қори” дегани Қуръон тиловат қилувчи деган маъноларни англатади.

Обидхон қори ибодат ва тиловат соҳасида бундай олий мақомларга етишларининг асосий сабабларидан бири муборак оналари Муҳаррамхон ая -раҳимаҳаллоҳ-нинг гўзал тарбиялари бўлган бўлса ажаб эмас.

Қори аканинг фарзандлари яна ҳикоя қилади:

“Бувим отамга, бошқа фарзандлари ва набираларига тез-тез насиҳат қилиб турар эдилар.  Айниқса отамга насиҳат қилганларида баъзан бизга ҳам эшиттириб айтардилар:

“Ўғлим, сиз даъват ишлари, мавъиза ва дарсларингиз кўпайиб кетганлиги туфайли кечалари ўқиладиган таҳажжуд намозларидан ва Қуръони каримни хатм қилиб туришдан тўхтаб ёки сусайиб қолманг, ибодатларингиз заифлашадиган бўлса даъват ва дарсларингиз бефойда бўлиб қолади”.

Айни насиҳатларни Қори ака кейинчалик ўғиллари катта йигит бўлиб, уларга ҳам масъулиятлар юкланадиган пайт келганда, муаммолар кўплигидан, масъулиятлар оғирлигидан шикоят қилиб оталарига мурожаат қилганда уларга:

“Ўғлим, сен авваламбор ўзингни ислоҳ қилгин, масъулиятлар оғир деб қўрқишдан кўра ўзингнинг гуноҳларингдан қўрқгин, ибодатларингда мустаҳкам бўлгин, кечалари Аллоҳга кўп ёлворгин, дуо ва зикрларни канда қилмагин, каттаю кичик гуноҳлардан узоқ бўлгин, ўзингни устингда кўп ишлашинг керак, доимо ўзингнинг айбларингни тузатишга ҳаракат қилиб юришинг керак, шунда Аллоҳ ишларингга баракот ёғдиради …” деган маънолар билан қайта-қайта насиҳатлар қилиб турар эканлар.

Бу насиҳатлар нақадар зарурлигини мен Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунаввара диёрларидаги баъзи буюк алломаларнинг ҳаётларида ҳам кўрдим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошлаб, ҳозирги давримизгача Ислом уммати улуғлаб келадиган барча уламоларнинг ҳаётларига қарасак улар албатта фарз ва нафл ибодатларда барчага гўзал намуна бўлиб келганликларига гувоҳ бўламиз.

Замонамиз уламоларидан бири “кечалари ўқиладиган таҳажжуд намозлари илм ва даъват ишларининг асосий пойдеворидир” дейдилар.

Расулуллоҳдек энг улуғ пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечалари оёқлари шишиб кетгунга қадар таҳажжуд намозларидан тўхтамас эдилар.

Ҳатто аёллари оналаримиз уммаҳотул-муъминин розияллоҳу анҳун- у зотга раҳмлари келиб айтардиларки:

“Аллоҳ таоло сизнинг аввалгию охирги гуноҳларингизни кечириб юборган бўлса ҳам шундай қиласизми?”

Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб берардилар:

“Аллоҳ таолога кўпдан кўп шукроналар айтадиган банда бўлмайманми?!”.

Аллоҳ азза ва жалла барчамизни Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломнинг ҳақиқий умматлари бўлишимизга муваффақ қилсин, устозимиз шайх Обидхон қори акага шифои комил ато эстин, бундай қиммат баҳо насиҳатларга холисона амал қилишни барчаларимизга насиб айласин .

Улашинг
Leave A Comment