Илм фазилатлари (иккинчи қисм: 14 фазилат)

Илм фазилатларининг биринчи тўпламини мана бу линкда ўқишингиз мумкин:

Илм фазилатлари (биринчи қисм: 10 фазилат)

Илм фазилатлари (иккинчи қисм: 11-24 фазилатлар)

11. Ўн биринчи фазилат:

Дин илмида фиқҳ эгаларидан бўлиш (яъни, Ислом илмларини ўрганиб, тўғри англаш) яхшиликларга элтувчи сабабдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

“من يرد الله به خيرا يفقهه في الدين”

“Аллоҳ таоло кимгаки яхшиликни хоҳласа уни Динда фақиҳ қилиб қўяди (яъни, Дин илмларини ўрганиб, тўғри тушуниб, амал қиладиган уламолардан қилади)”.

Муттафақун алайҳи (Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадис).

Имом Ибн Баттол раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“Ҳадис далолат қиладики, Диний илм бўйича фиқҳ аҳлидан бўлиш бошқа барча илмлардан афзал.

Дин илми Аллоҳдан қўрқишга, тоат-ибодатда бўлишга, гуноҳлардан узоқланишга етакласагина унинг буюк фазилати собит бўлади”.

12. Ўн иккинчи фазилат:

Аллоҳ Ўз пайғамбарларига илм берганини алоҳида таъкидлаши илм Аллоҳнинг энг буюк неъматларидан эканлигини кўрсатади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

{وَلَقَدْ آتَيْنَا دَاوُودَ وَسُلَيْمَانَ عِلْمًا ۖ وَقَالَا الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي فَضَّلَنَا عَلَىٰ كَثِيرٍ مِّنْ عِبَادِهِ الْمُؤْمِنِينَ} [النمل: 15].

Маъноси:

 “Дарҳақиқат, Биз Довуд ва Сулаймонга ИЛМ (етук билим ) ато этдик ва улар: «Бизларни кўп мўмин бандаларидан афзал қилиб қўйган зот — Aллоҳга ҳамду сано бўлсин», дедилар”.

(Намл сураси, 15-оят).

13. Ўн учинчи фазилат:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам илмни ёмғирга ўхшатдилар:

“مَثَلُ مَا بَعَثَنِي اللَّهُ بِهِ مِنْ الْهُدَى وَالْعِلْمِ كَمَثَلِ الْغَيْثِ الْكَثِيرِ أَصَابَ أَرْضًا فَكَانَ مِنْهَا نَقِيَّةٌ قَبِلَتْ الْمَاءَ فَأَنْبَتَتْ الْكَلاَ وَالْعُشْبَ الْكَثِيرَ وَكَانَتْ مِنْهَا أَجَادِبُ أَمْسَكَتْ الْمَاءَ فَنَفَعَ اللَّهُ بِهَا النَّاسَ فَشَرِبُوا وَسَقَوْا وَزَرَعُوا وَأَصَابَتْ مِنْهَا طَائِفَةً أُخْرَى إِنَّمَا هِيَ قِيعَانٌ لاَ تُمْسِكُ مَاءً وَلاَ تُنْبِتُ كَلاَ فَذَلِكَ مَثَلُ مَنْ فَقُهَ فِي دِينِ اللَّهِ وَنَفَعَهُ مَا بَعَثَنِي اللَّهُ بِهِ فَعَلِمَ وَعَلَّمَ وَمَثَلُ مَنْ لَمْ يَرْفَعْ بِذَلِكَ رَأْسًا وَلَمْ يَقْبَلْ هُدَى اللَّهِ الَّذِي أُرْسِلْتُ بِهِ” متفق عليه.

Маъноси

“Аллоҳ мени ҳидоят ва илм билан юборишининг мисоли худди ерга ёмғир ёғиши кабидир. Баъзи тоза ерлар сувни қабул қилиб ўсимликлар ўстиради, баъзилари фақат сувни ушлаб туради,  (бу ерларни) Аллоҳ одамларга манфаатли қилади, одамлар сувидан ичишади ва суғоришади. Яна баъзи ерлар сувни на ушлаб туради ва на бирор ўсимлик ўстиради. (Яъни ҳар қанча ёмғир ёғса ҳам бефойда бўлади). Аллоҳнинг динини тўғри англаб, Аллоҳ мен билан юборган ваҳй унга фойда бериб, илм олиб, таълим берган киши ва (бунинг акси – Аллоҳ юборган илм билан) бошини кўтармаган, мен билан юборилган Аллоҳнинг ҳидоятини қабул қилмаган кимса мисоли шундай”.

Муттафақун алайҳи (Бухорий ва Муслим ривоят қилган) ҳадис.

Демак, илм ва ҳидоят қаршисида одамлар 3 турли:

– Биринчи ва энг улуғ тоифадан бўлган киши илм олади, амал қилади ва таълим беради.

– Иккинчи турли одамлар илм олади ва одамларга етказади, аммо ўзи амал қилмасдан илм ва ҳидоят манфаатидан маҳрум бўлади.

– Учинчи турли одамлар энг бадбахт кимсалар: на илм ва даъватни қабул қилади ва на бошқаларга раво кўради.

Аллоҳ азза ва жалла бизларни биринчи тоифа – илм олиб, амал қилиб ва бошқаларга таълим-тарбия берадиган тоифадан қилсин.

14. Ўн тўртинчи фазилат:

Илм аҳли уммат учун раҳбардирлар, одамлар илм эгаларига итоат қилишга буюрилганлар.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

{يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنكُمْ} [النساء: 59].

Маъноси:

“Эй иймон келтирган зотлар, Аллоҳга итоат қилинг, Расулга итоат қилинг ва ўзинглардан бўлган Амр эгаларига (мусулмон раҳбарларга) ҳам”.

(Нисо сураси, 59-оят).

Имом Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“Ҳужжат ва қилич билан жиҳод қилиш Аллоҳ Йўли бўлгани учун саҳобалар ояти каримадаги “раҳбарлар”ни “уламолар ва амирлар”деб тафсир қилишган.  Аллоҳ Йўлидаги ҳақиқий мужоҳидлар анашулардир –  уламолар тиллари (илмлари) билан, амирлар қўллари билан жиҳод қиладилар. Шу боис илм талаб қилиш ва илм ўргатиш Алллоҳ Йўлидаги энг буюк жиҳод турлари қаторида ҳисобланган”.

Аллома шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“Илм эгаларининг раҳбарликлари Аллоҳнинг шариатини баён қилиб, одамларни Аллоҳнинг динига даъват қилишларидадир.  Амирларнинг раҳбарлиги Аллоҳнинг шариатини татбиқ қилишлари ва одамларни Динга итоат қилдиришларидадир”.

15. Ўн бешинчи фазилат:

Малоикалар толиби илмдан рози бўлиб туришлари ҳам илмнинг яна бир фазилатини кўрсатади.

Абуддардо розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

“من سلك طريقا يبتغي منه علما سلك الله به طريقا إلى الجنة، وإن الملائكة لتضع أجنحتها رضا لطالب العلم” رواه أبوداود وصححه الألباني

“Ким илм истаб йўлга чиқса Аллоҳ уни жаннат йўлига бошлайди ва албатта малоикалар толиби илм учун қанотларини пасайтириб турадилар”.

(Имом Абудовуд ривоятлари, Албоний саҳиҳ санаган).

Малоикалар толиби илм учун қанотларини пасайтириб туришларидаги маъноларни баъзи уламолар қуйидагича шарҳлаганлар:

1. Малоикалар илмни улуғлаб, талабалар учун камтарлик қилиб турадилар.

2. Учиб юрган малоикалар толиби илмни кўрганларида қанотларини пасайтириб, ерга қўниб, унинг ҳузурига келиб, илмий суҳбатга қулоқ тутадилар.

3. Малоикалар қанотларини пасайтириб, талабаларга илм йўлида ёрдам берадилар ва илм олишни енгиллатиб турадилар.

16. Ўн олтинчи фазилат:

Илм ўзига мансуб бўлганларни лаънат-қарғишдан сақлайди.

Абуҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Аллоҳнинг зикри ва илмдан холи бўлган дунё лаънатланган:

“الدنيا ملعونة ملعون ما فيها إلا ذكر الله وما والاه وعالم ومتعلم”. رواه الترمذي وحسنه وحسنه الألباني.

“Дунё ва дунё ичидаги нарсалар малъундир, магар Аллоҳнинг зикри, Аллоҳнинг зикрига боғлиқ бўлган нарсалар, олим ва илм олувчи“.

(Имом Тирмизий ривоят қилган ва ҳасан санаган ва Албоний ҳам ҳасан санаган).

Имом Тийбий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Аллоҳнинг зикрига боғлиқ бўлган нарсалар” деган сўзларининг ўзи барча хайрли – фазилатли нарсаларни, Шариат маъқуллаган барча савобли ишларни ўз ичига олади. Шундай бўлсада яна таъкидлаб “олим ва илм олувчи” деб алоҳида зикр қилишлари уларнинг фазилати нақадар буюклигини, уламо ва толиби илмлардан бошқа барча одамларнинг эътибори паст эканлигини кўрсатади”.

“Малъун” дегани Аллоҳнинг марҳаматидан ҳайдалган бахтсиз дегани. Дунё аҳли агар Аллоҳнинг зикридан холи бўлсалар анашундай малъун бўлиб қоладилар.

Имом Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“Аллоҳга олиб борадиган илм ва талаби илм лаънатдан мустаснодир. Шундан ўзга барча нарсалар – модомики Аллоҳдан, Аллоҳ суйган нарсалардан ва Аллоҳнинг динидан узоқ экан – у нарсалар лаънатланган нарсалардир”.

Аллоҳ Ўзи барчамизни лаънатдан ва унинг сабабларидан асрасин. Бунинг учун доимо Аллоҳнинг зикрида, илм ва талаби илм йўлида ҳаракат қилиб яшашимиз зарур.

 

17. Ўн еттинчи фазилат:

Аллоҳ таоло толиби илмни Ўзининг паноҳига олади:

عن أبي واقد الليثي رضي الله عنه أن رسول الله صلى الله عليه وسلم بينما هو جالس في المسجد والناس معه، إذ أقبل ثلاثة نفر، فأقبل اثنان إلى رسول الله صلى الله عليه وسلم وذهب واحد، قال: فوقفا على رسول الله صلى الله عليه وسلم، فأما أحدهما فرأى فرجة في الحلقة فجلس فيها، وأما الآخر فجلس خلفهم، وأما الثالث فأدبر ذاهباً، فلما فرغ رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: ((ألا أخبركم عن النفر الثلاثة؟! أما أحدهم فآوى إلى الله فآواه الله إليه وأما الآخر فاستحيا فاستحيا الله منه وأما الآخر فأعرض فأعرض الله عنه))([38]).

Абувоқид Лайсий розияллоҳу анҳудан ривоят:

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар билан масжидда ўтирган эдилар, уч киши кириб келди. Улардан иккиталари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суҳбатларига қўшилдилар,  учинчи киши эса суҳбатга қўшилмасдан кетиб қолди. Суҳбатга қўшилганлардан бирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг давраларида бўш жой топиб ўтирди, иккинчилари эса суҳбатда ўтирганларнинг орқасига ўтирди. Суҳбат якунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“(Масжидга кириб келган) бу уч кишининг хабарини айтиб берайми? Уларнинг бири Аллоҳнинг паноҳига киргани учун Аллоҳ уни Ўз паноҳига олди, иккинчи одам ҳаё қилгани учун Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди, учинчи одам юз ўгириб кетгани учун Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди”.

(Муттафақун алайҳ).

Имом Муҳаллаб раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“Бу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалардан, Аллоҳни зикр қилинадиган ва илм ўргатиладиган давраларда ўтирадиган киши Аллоҳнинг паноҳида, Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади. Малоикалар шундай мўминларга ўзларининг қанотларини пасайтириб турадилар. Шундай экан, олим киши илм талабида ҳозир бўлиб ўтирган кишини ўзига яқин олиши лозим, чунки у инсон ҳақида “Аллоҳ уни Ўз паноҳига олди” деб айтдилар”.

Имом Ибн Ҳажар ҳам айтадилар:

“Бу ҳадис илм ва зикр давраларининг фазилатини, уламолар ва мавъиза қилувчилар масжидда ўтиришлари афзаллигини кўрсатади”.

Имом Ибн Қаййим айтадилар:

“Толиби илмни Аллоҳ таоло Ўз паноҳига олиши ва ундан юз ўгирмаслиги, шунинг ўзи ҳам етарли фазилат!”

18. Ўн саккизинчи фазилат:

Илм эгаларига ҳавас қилинади:

عن ابن مسعود رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: ((لا حسد إلا في اثنتين: رجل آتاه الله مالاً فسلِّط على هلكته في الحق، ورجل آتاه الله الحكمة فهو يقضي بها ويعلِّمها))([42]).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Ҳасад қилиш фақатгина икки нарсада мумкин (иккита нарсага ҳавас қилиш жоиз, балки афзал): кимга Аллоҳ мол-дунё берган бўлса ва у одам анашу бойликларни ҳақ йўлда сарфлаётган бўлса (анашу ҳалолдан топилган ва ҳақ йўлда сарфланадиган бойликга ҳавас қилиш мумкин), яна кимга Аллоҳ ҳикматларни ўргатган бўлса ва у анашу ҳикмат билан ҳукм чиқараётган ва бошқаларга таълим бераётган бўлса (анашу илму ҳикматларга ҳавас қилиш жоиз)”.

Имом Ибн Баттол раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“Имом Бухорий бу ҳадиси шарифни илм ва ҳикматга ҳавас қилиш бобида келтирганлар. Чунки кимга шундай ҳикматлар берилган бўлса ва у анашу ҳикматларга амал қилаётган бўлса, ана шундай одамнинг ҳолига ҳавас қилиш (ана шундай ҳикматли инсонга ўхшашликни умид қилиш) ва у билан шундай яхши илм ва ҳикматларда мусобақа қилиш лозим бўлади”.

Имом Ибн Ҳажар айтадилар:

“Ҳадис далолат қиладики, ҳавас қилиш фақатгина иккита нарса – илм ва саховатда жоиз бўлади, саховат фақатина илм билан бўлсагина мақтовга сазовор бўлади (яъни, қандай саховат қилишни билиш учун ҳам илм шарт. Демак барча фазилатлар яна илмга боғланади).

19. Ўн тўққизинчи фазилат:

Расулуллоҳ солаллоҳу алйҳи ва саллам аҳли илмларнинг юзлари ёруғ – равшан бўлишини сўраб дуо қилганлар:

عن زيد بن ثابت رضي الله عنه أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: ((نضّر الله امرأ سمع منا حديثا فحفظه حتى يبلغه، فربّ حامل فقه إلى من هو أفقه منه، وربّ حامل فقه ليس بفقيه))([45]).

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Аллоҳ таоло биздан бир ҳадис эшитиб, уни ёд олиб, (бошқаларга) етказган кишини Аллоҳ ёруғ юзли қилсин. Зеро, баъзида (ёки кўп ҳолатларда) фиқҳ – илмни кўтариб юрган (ёд олиб бошқаларга етказадиган) киши ўзидан кўра фақиҳроқ (яхшироқ тушунадиган ва чуқурроқ англайдиган) кишига етказади. Баъзи илмни ёдлаган одамлар уни англамаган бўлади”.

Имом Мунзирий айтадилар:

“Юзи ёруғ бўлсин деб дуо қилишларининг маъноси шуки, у инсонга Аллоҳнинг неъматлари ёғилиб, юзи равшан ва гўзал бўлади, Аллоҳ уни гўзал ва зийнатли инсон қилади. Бу маънодан бошқа маънолар билан шарҳлаганлар ҳам бор”.

Имом Ибн Қаййим яна айтадилар:

“Илм фазилатларидан мана шу фазилатнинг ўзи етарли буюк фазилат, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у зотнинг сўзларини эшитган, англаган, ёд олган ва илм аҳлларига етказган одамнинг ҳаққига дуо қилдилар”.

Имом Мулла Али Қори айтадилар:

“Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуоларини ижобат қилди, шунинг учун ҳам аҳли ҳадисларга қарасангиз, уларни одамлар ичида энг гўзал юзли ва кўринишлари жуда чиройли ҳолда кўрасиз, Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади, у киши айтади:  ҳадис талабида юрган кишилар доимо ёруғ юзли, хоҳ маънавий бўлсин, хоҳ ҳиссий бўлсин, шод-хуррам бўладилар”.

20. Йигирманчи фазилат:

Аллоҳ таоло малоикаларга қарата толиби илмларни кўз-кўз қилади:

عن معاوية رضي الله عنه أن رسول الله صلى الله عليه وسلم خرج على حلقة من أصحابه فقال: “ما أجلسكم؟” قالوا: جلسنا نذكر الله ونحمده على ما هدانا للإسلام ومنّ به علينا، قال: “آلله ما أجلسكم إلا ذاك؟” قالوا: والله ما أجلسنا إلا ذاك. قال: “أما إني لم أستحلفكم تهمة لكم ولكنه أتاني جبريل فأخبرني أن الله عز وجل يباهي بكم الملائكة”. رواه مسلم والترمذي والنسائي

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни саҳобий киромларнинг суҳбат давраларига чиқиб сўрадилар:

“Сизларни бу суҳбатга нима жам қилди?”

Саҳобалар жавоб беришди: “Аллоҳни зикр қилиб, У Зот бизни ушбу Ислом динига ҳидоят қилгани, чексиз неъматлар бергани учун ҳамдлар айтиб ўтирибмизки”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Аллоҳнинг номи билан сўрайман: ростдан ҳам сизлар шу мақсадда жамланиб ўтирибсизларми?”

Саҳобалар жавоб бердилар: “Аллоҳга қасам, биз фақатгина мана шу мақсадда жамланиб ўтирибмиз”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Мен сизлардан шубҳаланиш туфайли қасам ичтирганим йўқ, лекин менга Жибрил келиб хабар бердики: Аллоҳ малоикаларга қарата сизларни кўз-кўз қиляпти“.

(Муслим, Тирмизий ва Насоий ривоятлари)

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“Аллоҳ малоикаларга қарата сизларни кўз-кўз қиляпти” деганлари, яъни: сизларнинг фазилатларингизни, қилаётган амалларингиз гўзаллигини уларга изҳор қиляпти ва сизларни мақтаяпти, деган маънода”.

21. Йигирма биринчи фазилат:

Аҳли илмларни диний мартабаларда бошқалардан устун қўйилади.

عن أبي مسعود البدري رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: ((يؤمّ القوم أقرؤهم لكتاب الله، فإن كانوا في القراءة سواء فأعلمهم بالسنة، فإن كانوا في السنة سواء فأقدمهم إسلاماً أو سناً)). رواه مسلم.

Абумасъуд Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Жамоатга Аллоҳнинг китобини тиловат қилишда энг яхши қори бўлган киши имом бўлади, агар қорилар баробар бўлишса, Суннатни энг яхши билган киши (имом бўлади), агар Суннатда ҳам баробар бўлсалар, энг аввал Исломга кирган ёки ёши улуғроқ бўлган киши (имом бўлади)”. (Муслим ривояти).

Имом Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“Имомликка ўтишда Исломга биринчи бўлиб кириш ва биринчи бўлиб ҳижрат қилишдан кўра илми кучлироқ бўлиши биринчи ўринда эътиборга олинди … Бу эса илм ва илмнинг фазилати улуғлигини, илм аҳллари диний мартабаларда олдинги сафда бўлишга ҳақли эканликларини кўрсатади.

22. Йигирма иккинчи фазилат:

Илм пайғамбарлик меросидир.

عن أبي الدرداء رضي الله عنه قال: سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول: ((إن العلماء ورثة الأنبياء، وإن الأنبياء لم يورِّثوا ديناراً ولا درهماً، إنما ورَّثوا العلم، فمن أخذه أخذ بحظ وافر)). رواه الترمذي وابن ماجه وصححه الألباني.

Абуддардо розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Албатта уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидирлар, пайғамбарлар ўзларидан кейин дийнору дирҳамларни мерос қилиб кетмаганлар, балки илмни мерос қилиб кетганлар. Кимки бу меросни олса дарҳақиқат у жуда кўп (ва улкан) насиба олган бўлади”.

(Тирмизий ва Ибн Можаҳ ривоятлари, Албоний саҳиҳ санаган).

Имом Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“Бу фазилат аҳли илмларнинг энг буюк фазилатларидан бири, чунки пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг энг улуғ бандаларидирлар, шундай экан уларнинг меросхўрлари улардан кейинги даражада турадиган энг улуғ зотлар бўладилар…”.

23. Йигирма учинчи фазилат:

Денгизу уммонлардаги китлар ҳам, бошқа барча махлуқотлар ҳам толиби илмлар учун Аллоҳдан мағфират сўрашлиги илмнинг яна бир буюк фазилатини кўрсатади.

عن أبي الدرداء رضي الله عنه قال سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول: “وإن طالب العلم – وفي رواية وإن العالم – ليستغفر له من في السماء والأرض حتى الحيتان في الماء”. رواه الترمذي وابن ماجه وغيرهما وصححه الألباني

Абуддардо розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Албатта толиби илм учун осмондагилар ҳам, ердагилар ҳам, ҳатто сувдаги китлар ҳам истиғфор айтадилар”.

(Имом Тирмизий ва Ибн Можаҳ ривоятлари, Албоний саҳиҳ санаган).

Имом Хаттобий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“Аллоҳ таоло уламоларнинг илмлари туфайли китлар учун ҳам, бошқа турли-туман ҳайвонлар учун ҳам бир қанча манфаату фойдалар насиб қилади. Чунки уламолар Ислом илмларига биноан ҳатто ҳайвонларга тааллуқли барча аҳкомларни одамларга ўргатадилар, уларга раҳм-шафқат билан муомала қилишга буюрадилар, ҳалол ва ҳаром тафсилотларини баён қиладилар, уламоларнинг илмларидан ҳайвонотлар ҳам фойдаланиб туради. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳайвонларни ҳам уламоларга истиғфор айтиб турадиган қилиб қўйган”.

24. Йигирма тўртинчи фазилат:

Ислом даъвати фақат илм билан муваффақиятга эришади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

{قُلْ هَـٰذِهِ سَبِيلِى أَدْعُو إِلَىٰ ٱللَّهِ عَلَىٰ بَصِيرَةٍ أَنَاْ وَمَنِ ٱتَّبَعَنِى وَسُبْحَانَ ٱللَّهِ وَمَا أَنَاْ مِنَ ٱلْمُشْرِكِينَ} [يوسف:108].

“Айтинг (эй пайғамбар): “менинг Йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан. Мен ва менга эргашганлар аниқ ҳужжатга (илмга асосланган ишончга) эгамиз!(Ҳар қандай шерикдан ва барча айбу нуқсондан) Аллоҳни поклайман! (Зеро), мен мушриклардан эмасман”.

قال ابن القيم: “وإذا كانت الدعوة إلى الله أشرف مقامات العبد وأجلها وأفضلها فهي لا تحصل إلا بالعلم الذي يدعو به وإليه، بل لا بدّ في كمال الدعوة من البلوغ في العلم إلى حدٍّ يصل إليه السعي، ويكفي هذا في شرف العلم أن صاحبه يحوز به هذا المقام، والله يؤتي فضله من يشاء”([57]).

Имом Ибн Қаййим айтадилар:

“Модомики, Аллоҳга даъват қилиш банданинг энг улуғ, энг шарафли, энг афзал мақом – мартабаси экан, бу нарса фақатгина илм билан – нима асосида, нимага даъват қилаётганини аниқ – тиниқ билиш билангина амалга ошади. Даъват мукаммал бўлиши учун илмда олий мартабага етиши керак, унинг учун барча саъй-ҳаракатларини сарфлаши керак. Илм соҳиби шундай буюк мартабани эгаллашининг ўзи етарли шарафдир. Аллоҳ таоло Ўзининг фазлу марҳаматини хоҳлаган бандасига берадиган Зот”.

Валлоҳу аълам. Ва соллаллоҳу ва саллам ало Набиййина Муҳаммад ва олиҳи ва асҳобиҳи ажмаъин.

Вассалому алайкум вараҳматуллоҳи ва бараотуҳ.

Улашинг
Leave A Comment