“Суиқасдлар тўхтатилсин!”
2015 йил 11 январ якшанба куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида мингдан зиёд туркиялик ва туркистонликлар, хусусан ўзбекистонлик муҳожирлар ўзбек ҳукуматининг аёвсиз зулмларига қарши ўз норозиликларини изҳор этиб намойиш ўтказдилар.
Тадбир “Туркистан-Дер” халқаро туркистонликлар ҳамкорлик жамияти, “Мазлумдер” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ва Шарқий Туркистон Маориф уюшмаси томонидан уюштирилган.
Намойишда иштирок этган ватандошларимиз ўзбек махфий хизматлари томонидан мусулмонларга қарши олиб борилаётган қатлиом ва халқнинг зиёли инсонлари ҳаётига уюштирилаётган суиқасдларга беэътибор бўлмасликни яна бир бор талаб қилиб чиққанлар.
Мустабид ҳукумат томонидан мамлакат фуқороларига нисбатан узоқ йиллардан буён амалга ошириб келинаётган оғир жиноятларнинг аянчли намуналари сифатида 2011 йил Россияда мухолифат фаоли Фуад Рустамхўжаев отиб кетилиши, 2012 йил Швецияда шайх Обидхон қори Назаровга нисбатан уюштирилган суиқасд ҳаракати ва Туркиядаги сўнги қотилликлар ёдга олинди.
Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда мусулмонларга нисбатан содир этилаётган ноҳақликлар, адолатсизликлар ва ваҳшиёна зулмларга қарши, барча шаръий ва қонуний тартиб-қоидаларга амал қилган ҳолда, ҳар бир инсон ўзининг норозилигини билдириб, адолат ҳукмрон бўлиши учун, қўлидан келганича ҳаракат қилиши лозим, деб биламиз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:
:عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ
.”انْصُرْ أَخَاكَ ظَالِمًا أَوْ مَظْلُومًا قَالُوا يَا رَسُولَ اللَّهِ هَذَا نَنْصُرُهُ مَظْلُومًا فَكَيْفَ نَنْصُرُهُ ظَالِمًا قَالَ تَأْخُذُ فَوْقَ يَدَيْهِ”
.“وفي رواية “تَحْجِزُهُ عَنِ الظُّلْمِ فَإِنَّ ذَلِكَ نَصْرُهُ
رواه البخاري ومسلم
“Биродарингга хоҳ у золим бўлсин, хоҳ мазлум бўлсин ёрдам бергин!”.
Саҳобаи киромлар сўрашди: “Эй Расулуллоҳ, мазлумга ёрдам берамиз, аммо золимга қандай ёрдам берамиз?”.
У зот жавоб бердилар:
“Уни зулм қилишдан манъ этасан …”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Динимиз таълимоти бўйича, мусулмонларнинг ғам-ташвишларини енгиллаштириш, уларни мусибатлардан қутқариш йўлида ҳаммамиз бир тану бир жон бўлишимиз даркор.
Жумладан, Ўзбекистон мусулмонларини зулмдан озод қилиш, ҳанузгача давом этаётган суиқасдлар, қама-қамалар, турли-туман зўравонликларни қандай қилиб тўхтатиш мумкинлиги ҳақида кўпроқ ўйлашимиз, ушбу Исломий ва инсоний бурчни бир-биримизга эслатиб туришимиз ва имкон қадар биргаликда ҳаракатда бўлишимиз зарур.
Қуйида “Туркистон-Дер” Халқаро туркистонликлар ҳамкорлик жамияти Раис ўринбосари Намоз Нормўмин жанобларининг Би-Би-Си радиоси билан бўлган суҳбатини тинглашингиз мумкин.
Аллоҳ таоло барча мазлумларга Ўз даргоҳидан ҳидоят ва нусрат ато этсин. Устоз Обидхон қори акага шифойи комил насиб айласин. Орамизга қайтиб келиб, Ислом ва мусулмонлар хизматида бардавом бўлишларига муваффақ қилсин.
mp3: юклаб олиш
Манба: “Ислом Овози”