54-”Ақидаи Таҳовия” дарси
Имом Таҳовийнинг қуйидаги сўзларига изоҳ:
“وَنَرَى الصَّلاَةَ خَلْفَ كُلِّ بَرٍّ وَفَاجِرٍ مِنْ أَهْلِ الْقِبْلَةِ، وَعَلَى مَنْ مَاتَ مِنْهُمْ، وَلاَ نُنْزِلُ أَحَداً مِنْهُمْ جَنَّةً وَلاَ نَاراً، وَلاَ نَشْهَدُ عَلَيْهِ بِكُفْرٍ وَلاَ بِشِرْكٍ وَلاَ بِنِفَاقٍ، مَا لَمْ يَظْهَرْ مِنْهُمْ شَيْءٌ مِنْ ذَلِكَ، وَنَذَرُ سَرَائِرَهُمْ إِلىَ اللهِ تَعَالىَ.
وَلَا نَرَى السَّيْفَ عَلَى أَحَدٍ مِنْ أُمَّةِ مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِلَّا مَنْ وَجَبَ عَلَيْهِ السَّيْفُ.
وَلَا نَرَى الْخُرُوجَ عَلَى أَئِمَّتِنَا وَوُلَاةِ أُمُورِنَا وَإِنْ جَارُوا وَلَا نَدْعُو عَلَيْهِمْ وَلَا نَنْزِعُ يَدًا مِنْ طَاعَتِهِمْ، وَنَرَى طَاعَتَهُمْ مِنْ طَاعَةِ اللهِ عَز َّوَجَلَّ فَرِيضَةً، مَالَمْ يَأْمُرُوا بِمَعْصِيَةٍ، وَنَدْعُو لَهُمْ بِالصَّلَاحِ وَالْمُعَافَاةِ”.
Маъноси:
“Аҳли Қибладан бўлган имом, хоҳ у яхши инсон (солиҳ ва тақволи) бўлсин, хоҳ фожир (фосиқ, гуноҳкор, чала мусулмон) бўлсин, (мусулмонлар жамоатига имом этиб сайланган экан), унинг ортида (унга иқтидо қилиб) намоз ўқиш шаръий амал деб биламиз, (худди шунингдек) вафот қилган одамга жаноза ўқиш ҳам, (хоҳ у – вафот қилган одам – тақволи солиҳ инсон бўлсин, хоҳ фосиқ чала мусулмон бўлсин, унга албатта жаноза намози ўқилиши лозим деб биламиз). Аммо улардан биронталарини (қиёматдаги ҳукми ҳақида) жаннатий ёки дўзахий деб (қатъий) айтолмаймиз. Уни (бу дунёдаги ҳукми ҳақида ҳам) кофир, мушрик ёки мунофиқ деб гувоҳлик беролмаймиз, модомики ундан (кофир бўлганига, ё мушрик бўлганига, ёки мунофиқ эканига) биронта (очиқ)далил зоҳир бўлмагунга қадар. Уларнинг (барча инсонларнинг махфий ҳолатларини) Аллоҳ таолога топширамиз.
Уммати Муҳаммаддан бўлган (мусулмонлар)нинг биронталарига қарши қилич кўтариш (уларнинг қонларини тўкиш) жоиз деб билмаймиз, магар кимники (Шариъат ҳукмига биноан) қатл қилиш вожиб бўлган бўлса.
Имомларимиз (амирларимиз) ва раҳбарларимизга қарши чиқиш (яъни, уларни ҳукмронликдан йиқитишга ҳаракат қилиш)ни жоиз деб билмаймиз, ҳаттоки улар зулм қилаётган бўлсалар ҳам. Уларни дуоибад ҳам қилмаймиз. Уларга итоат қилишдан бош тортмаймиз. Балки уларга итоат қилиш Аллоҳ азза ва жаллага итоат қилиш ҳисобланади ва буни (бўйнимиздаги) фарз амал деб биламиз, агар улар гуноҳ ишларга буюрмаётган бўлсалар (яъни, агар гуноҳ ишга буюрсалар итоат қилмаймиз). Улар ҳаққига биз дуо қилиб, уларни солиҳ раҳбар бўлишларини, офиятда (иймоний ва жисмоний жиҳатдан соғлом) бўлишларини сўраймиз”.
mp3: юклаб олиш
real: юклаб олиш