Каҳф сурасидан дарслар силсиласи: “Соҳиби жаннатайн” қиссасидан ибратлар

Ассалому алайкум  …

Азиз ва муҳтрамаб биродарлар …

Каҳф сурасидан ўрганаётган дарсларимизда давом этамиз.

Ўткан ҳафталарда Асҳобул-Каҳф қиссаларидан баъзи ибратларни ўргандик.

Улар ширку хурофотлар, фитна-фасодлар ва зулму туғёнлардан қочиб, бир тоғдаги ғорда беркиниб, Ягона Аллоҳга дуо-илтижолар қилиб нажот топган эдилар.

Уларнинг ҳикояларидан энг асосий оладиган фойдамиз, фитналар кўпайиб, одамлар турли фирқаларга бўлиниб кетган замонларда, қайси жамоат ҳақ устида эканини билолмай қолган киши Тавҳид – Ягона Аллоҳга сиғиниш  ва У Зотга ёлвориб ибодат қилишни лозим тутса, У Зотдан тўғри йўлга бошлашини илтижо қилиб сўраса, худди Асҳобул-Каҳфга насиб бўлгани каби, унга ҳам одамларнинг хаёлига келмаган томондан нажот ва ҳидоят келади, дунё ва Охиратда олий мартабаларга кўтарилади.

Каҳф сурасида зикр қилинган бешта қиссадан иккинчиси: “Соҳиби Жаннатайн” қиссасидир.

“Соҳиби Жаннатайн” дегани икки боғ эгаси дегани.

Бу одамга Аллоҳ таоло имтиҳон сифатида иккита катта боғ ва бир қанча бойликлар берган эди.

Кўпчилик одамларга ўхшаб, бу одам ҳам боғу роғлари ва бойликларига алданиб Аллоҳни ва Охиратни унутиб қўйди.

Аллоҳ таоло ҳеч қачон инсонларни огоҳлантиришларсиз ҳалок қилмайдиган Раҳимли Зот бўлгани учун бу инсонга ҳам у ўзи бир пайтлар яқин дўст бўлиб юрган бир камбағал ўртоғини юборди.

У камбағал мўмин киши бу бой-бадавлат одамнинг олдига келиб тиланчилик қилгани йўқ, “мол-дунёингиздан ёки боғу роғларингиздаги мевалардан менга ҳам озгина беринг” дегани йўқ, балки унга Аллоҳни ва Охиратни ширин сўзлар ва гўзал иборалар билан эслатди, холос.

Дунёсига алданган бу кофир кимса насиҳатларни эшитганидан сўнг, тавба қилиш ўрнига, кундан кунга баттар туғёнга кетаверди ва охир-оқибат Аллоҳнинг барча неъматларидан маҳрум бўлди.

Аллоҳ таоло унинг барча бойликларини бир кечада осмондан бир чақмоқ юбориб куйдириб ташлади, у одам эса мўмин бўлмагани, Ягона Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилмагани, У Зот берган неъматларнинг ҳаққини адо этмагани учун афсус-надоматлар чекканича қолаверди.

Ибратлар:

Қиссадан ўрганишимиз зарур бўлган энг асосий ибрат шуки, ҳақиқий мўмин киши дунё лаззатларига берилиб қолиш хатаридан доимо огоҳ бўлиб туради.

Инсоннинг ҳавои нафси талаблари, эркаклар учун аёллар, аёллар учун эркаклар фитнаси, ширин-ширин фарзандлар, мансаблару тижоратлар ваҳоказо дунёвий имтиҳонларнинг бирортаси Ягона Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилиб яшашдан чалғитиб қўймаслиги лозим.

Дунё матолари инсонларга имтиҳон учун бериладиган, тезда йўқ бўлиб кетадиган ва Аллоҳнинг ҳузурида кичкина пашшанинг бир қанотичалик ҳам қадри йўқ бўлган нарсадир.

Бизнинг ҳақиқий ҳаётимиз ҳали бошланмаган, балки Қиёмат куни бошланади, ўлим фаришталари ҳар лаҳзада жонимизни олишга тайёр турибдилар.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчаларимизни Ягона Ўзининг авлиёларидан бўлиб яшаб ўтишимизга муваффақ қилишини сўраб қоламиз.

Вассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

Улашинг
Leave A Comment