МАДАНИЯТ ва ТАРАҚҚИЁТ тушунчаларига чизгилар (биринчи қисм)

Saleh_al-Husayyin

Шайх Солиҳ ибн Абдураҳмон ал-Ҳусаййин – раҳимаҳуллоҳ –

(Ҳарамайн ишлари собиқ раиси, Саудиялик машҳур уламо)

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбарига дуруду саломлар бўлсин.

Машҳур тарихчи Арнолд Тойнби башарият ўз тарихи давомида турли маданият (цивилизация)ларни бошидан кечирганини, аксари инқирозга йўл тутиб, қолганлари ҳам заволга юз тутаётгани ҳақида сўзлаб, инқирозга асосий сабаб – урушлар ва табақачилик эканини таъкидлар экан, таажжуб-ла шундай дейди:

“Кўзимизни очиб қарасак, бизнинг маданият (цивилизация) ҳам бу аянчли оқибатдан омонда эмас экан, ушбу ҳақиқатни қандай қилиб кўрмай юрганимизга ҳайронман”. (Civilization on Trial китоби, 38-бет).

Табиий, башарият тарихида ўтган маданиятлар ҳақидаги маълумотлар бир хил тарзда келган эмас. Баъзилари ҳақида батафсил ва тўлиқ маълумотлар бўлса, баъзиларининг фақат номларигина учрайди, холос. Бошқаларига қараганда етарлироқ тарихга эга бўлган маданиятлар ҳақида сўзлар эканмиз, эллинизм цивилизацияси (қадимги Александр Македонский даврида мавжуд бўлган маданият), фиръавнийлар (кўҳна Миср) маданияти, қадимги Рим цивилизацияси, форслар маданияти, ҳозирги замон цивилизациясини тилга олиб ўтиш мақсадга мувофиқдир.

Мазкур маданиятлардан қай бири идеал, намунали маданият бўлиши мумкин? Идеал деб олишнинг иложи бўлмаса, идеалга яқинроғи қайси бири?

Тўғри, ўқувчи маданиятлар орасида бу каби ҳукмни чиқариш учун маълум бир ўлчов, критерийга суяниши керак. Шубҳасиз, бундай ўлчовнинг нимадан иборатлиги, қандай қолипга тушиши лозимлиги ҳақида одамлар бир тўхтамга келишлари қийин. Лекин, келинг, қуйидаги шартларни ўзида тўплаган маданият – идеал маданият, деб фараз қилиб кўрайлик:

А) Барча мақсадлари, қадриятлари, татбиқларида инсоний бўлмоғи (яъни, эзгу иш ва гаплар фақат қоғозда ва даъво ила бўлмай, амалда ҳам татбиқ этилмоғи) лозим.

Б) Жамият тамойилларини белгилаш, янгилашда жамиятнинг аксар қисми иштирок этмоғи, фақат муайян тоифага хос бўлмаслиги зарур, яъни, фақат бошлиқлар ё сиёсатчилар ёки ҳарбийлар маданиятини ташкил қилиб қолмаслиги керак.

В) Жамиятнинг ҳар бир аъзоси берилган имкониятлардан тўла фойдаланишга, Г) янги имкониятларни яратиб, ҳаётга татбиқ этишга қодир бўлиши лозим.

Д) Емирилиш ва инқирозга юз тутишга қарши туриб бера оладиган чидамли, ўз-ўзидан янгиланиб турувчи хусусиятга эга бўлиши лозим.
Мазкур нуқталарни ўзида жамлаган ўлчовни башарият тарихида ўтган маданият (цивилизация)ларга ҳукм қилишда ишлатсак, фикримча, маданиятларни бир-бирига таққослашда, уларга ҳукм қилишда адолатли йўл танлаган бўламиз.

Маданиятларнинг охиргисини мисол тариқасида олсак-да, юқоридаги бандлар бўйича баҳо бериб кўрсак. Ҳозирги замон дунё маданияти (ғарбий, евро-америка маданияти)да В ва Г бандлари яхшигина йўлга қўйилган, Б банди ҳам нисбий шаклда мавжуд дейиш мумкин.

Лекин, мақола бошида Арнолд Тойнби таъкидлаганидек, емирилишга қарши туриб бера олувчи чидамлиликка эга эмас, яъни, Д бандида келган хусусият бунда йўқ. Шунингдек, инсон учун моддий ҳаётда анча енгилликлар тақдим этганига, турли (озодлик, тенглик, инсон ҳуқуқлари каби) ахлоқий тамойилларни, қадриятларни олдинга сурганига қарамай, бу маданиятга “инсоний” деб васф бериш қийин бўлиб турибди.

Ҳозирги ғарб маданиятидаги бу ахлоқий тамойилларнинг нечоғли татбиқ этилаётганидан қатъи назар, иккиланмасдан айтиш жоизки, бу маданият ҳаётни чин маънода бахтли қилиб қўйгани йўқ. Буни ҳатто ўша маданият келиб чиққан ерларда ҳам тан олишмоқда. Бу маданият билан таъсирланган инсон яхши ҳаётдан кўра бахтсиз ҳаётга, руҳий хотиржамликдан кўра руҳий изтиробга яқинроқ бўлиб турибди.

Боз устига, мазкур маданият қанчадан-қанча бало-мусибатларнинг, зулму зўровонликнинг сабабчиси бўлди, ер юзида бузғунчилик ўтини алангалатиб, саноқсиз инсон ҳаётига зомин бўлди. Ушбу маданиятнинг ўтган асрда 25 йил мобайнида қўзғатган иккита жаҳон уруши оқибатида 70 миллион тинч аҳолининг ёстиғини қуритганини ёддан кўтармаслик лозим.
Зотан, фақат интиқом ва ўч олиш нияти билан бир кечанинг ўзида 100 минг кишини қириш, Олмониянинг Дрезден шаҳрини ер билан яксон қилиб юборишни маданият, ақл тақозоси, инсонийлик, зиё деб аташ жуда қийин бўлса керак. Бу маданиятнинг ҳозирги янги 21-асрни қайси урушлар билан бошлаганини эса эслатиб ўтиришга ҳожат йўқ.

* * *

Энди Ислом маданияти ҳақида сўз юритсак. Ислом маданиятичи? “Ислом маданияти” деган ном билан сўзга олинаётган маданият ҳақиқатда воқеликда бўлган маданиятми? Ёки бу фақат даъвоми?
Ҳақиқатда мавжуд бўлган маданият, деб фараз қилиб кўрайлик. Мазкур исломий маданиятни ривожланиш ва тараққиёт майдонида юқорида зикри ўтган беш маданиятга, жумладан, ҳозирги ғарб маданиятига таққослаб бўладими?
Бироз олдинроқ кетайликда, қуйидаги саволни ташлаб кўрайлик: айтилган ўлчов бўйича мазкур маданият юқоридаги беш маданиятдан кўра устун бўлиши мумкинми?

Янада илгариласакда, ўртага энг муҳим саволни қўйсак: ўша айтилган ўлчовнинг барча бандлари мазкур маданиятга тўғри келиши, натижада, энг намунали, идеал маданият деб ҳукм этилиши мумкинми?

* * *

Исломий ҳазорат (урбанизация) ҳақида сўзлаган кишиларнинг қайсисини ўқиманг, хоҳ мусулмон бўлсин, хоҳ бетараф номусулмон, ёзишларида исломий маданиятнинг “дорул ҳикма”, “байтул ҳикма” каби илм марказларига, Форобий, Розий, Ибн Сино, Ибн Рушд каби шахсиятларига, “Ҳамро қасри”, “Тожмаҳал” сингари обидаларига ишораларни топасиз. Гўё, исломий маданият фақат шу нуқталардангина иборату, худди археологлар узундан-узоқ изланишлардан сўнг саноқли қазилмаларни топганлари сингари тадқиқотчилар ҳам юқоридаги мисолларни зўрға топгандек. Чиндан ҳам шундайми ёки бу мисоллар кенг, оламшумул маданиятнинг баъзи намуналарими?

Шуни мулоҳаза этиш лозимки, тарих борасида тадқиқот олиб борувчилар исломий маданият ҳақида изланганларида мукаммал ва ўзаро уйғун бир низомнинг тўлақонли кўринишига эътибор қаратмайдилар-да, баъзи жузъий воқеаларни, масалан, Умар ибн Хаттоб (р.а.)нинг бир яҳудий қарияга: “Сендан ёшлигингда жизя олиб, қариб ожиз бўлганингда ташлаб қўйсак, инсоф йўқ экан бизда” деб унга ойлик тайинлагинини ёзиб юрадилар, холос. Бу ҳикоянинг Исломдаги бағрикенгликка далил бўлишини айтиб хурсанд бўладилар. Ҳолбуки, бу бир кишининг ўзидан қилган биргина бағрикенглиги бўлмай, бутун бошли бир низомнинг айни тақозоси эканига, бой меросимизда бундай мисоллар кўплигига, тарихимизда мусулмонларнинг аҳли зимма (мусулмонлар диёрида яшовчи номусулмон кишилар)га қилган аҳдномалари сақлаб қўйилганига эътиборни кам қаратадилар. Масалан, Холиб ибн Валид (р.а.) Ироқ аҳлига ёзган аҳдномасида қуйидигилар келади: “Мен улар учун (яъни, Ироқ диёрида яшайдиган номусулмонлар учун): қайси бир кекса ишга ярамай қолса, ё бир мусибат туфайли ногирон бўлиб қолса ёки камбағал бўлиб қолса, диндошлари унга садақа қила бошласа, унга белгиланган жизя олиб ташлансин, модомики ҳижрат ва Ислом диёрида яшар эканлар, байтулмолдан унга ва оиласига нафақа белгилансин, агар Ислом диёридан чиқиб кетсалар, мусулмонлар устида уларга нафақа бериш мажбурияти йўқ, деб белгиладим”. Абу Юсуф (вафоти 182ҳ/798м), “Харож” китоби, 144-бет.

Бу нарса муайян кишилар ёки жойларга чекланган бўлмай, балки халифа Умар ибн Абулазизнинг ўз волийларига жўнатган умумий фармони билан бутун дорул ислом (ислом диёри)да яшовчи ҳар бир аҳли зиммага тааллуқли эди. Фармонда шундай дейилади: “Атрофингда яшовчи аҳли зиммага қараб чиқ: ёши ўтиб, заифлашиб, бирор касб бошини тутиш қўлидан келмай қолган бўлса, унга мусулмонлар байтулмолидан аҳволини дуруст қилар даражада нафақа ажрат”. Қосим ибн Саллом (вафоти 224ҳ/838м), “Амвол” китоби, 45-бет.

Мазкур мисолларни мусулмонлар билан номусулмон аҳли зиммалар алоқасидаги доимий, одатий (типик) банд бўлгани учун айтиб ўтмоқдаман. Дарвоқеъ, ушбу мисолларни келтирган китоблар жуда қадимда – иккинчи ҳижрий асрда ёзилган.

Исломий низом ҳукм сурган пайтлардан олинган бу намуналар – бирор шахс ёки муайян замонга тегишли (баъзан учраб қолувчи) шахсий мисоллар эмас, балки мусулмонлар татбиқ этган умумий низом эканига, Исломнинг ўзгармас ҳукмларидан бири эканига далолат қилади. Шунинг учун фиқҳ уламолари буни асосий нуқталардан бири ўлароқ қайд этадилар.

Шунингдек, тадқиқотчилар халқнинг ҳукуматга мухолафат сифатида туришига, фикр эркинлигига далил қилиб аёллар маҳри борасида Умар ибн Хаттоб р.а.га қарши фикр билдирган аёл ҳикоясини такрорлайдилар-да, мазкур халифа даврида юз берган муҳим ва ҳал этувчи воқеани ёддан чиқарадилар. Бу воқеа сабабли саҳобалар иккига: Умар ибн Хаттоб р.а. ва у кишини ёқлаганлар, Билол ибн Аби Рабоҳ р.а. ва у киши тарафдорларига бўлинган эди. Халифа ва унинг тарафдорлари билан мухолафат ўртасида можаро (бу можаро ерларни қандай тақсимлаш борасида бўлган эди, хулосаси: Умар р.а. қўлга киритилган ерлар фотиҳларга бўлинмасдан давлат ҳисобида қолишининг тарафдори эдилар, у киши Исломнинг умумий тамойилларига суянган ҳолда шу қарорга келган эдилар, Билол р.а. эса бу ҳақда келган баъзи ҳадисларга таянган ҳолда фатҳ этилган ерлар фотиҳларга бўлиниб беришини ёқлаб чиққан эдилар) қизигандан қизиб, аҳвол шу даражага етгандики, халифа Умар ибн Хаттоб р.а. охири “Эй Аллоҳим, Билол ва унинг ёнидагиларга ўзинг бас келгин” деб дуо қилишгача борганликлари баъзи тарихий манбаларда келади. Можаро охирида Умар ибн Хаттоб р.а. фикрлари ютиб чиққан эди.

Тарих бизга ютиб чиқиш тафсилотларини зикр этмайди, лекин бунинг асосий сабаби – ғолиб тарафдорлари кўпчилик бўлганидан бошқа бир омил кўзга ташланмайди. Ана шу ерда муҳим бир сиёсий тамойилни кўрамиз: Исломда ҳокимга итоат мутлақ, доимо эмас, балки яхши ишларда эканини, ҳоким буйруғи муҳокама остига олиниши мумкинлигини, иш ўзаро шўро-маслаҳат билан эканини англаб оламиз.
Мазкур ғалаба натижаси ўлароқ, Ислом низомида яна бир муҳим тамойил ўрнатилди – иқтисодий низомнинг энг зарур қоидаларидан бири йўлга қўйилдики, бу низом асрлар бўйи давом этди. Ушбу низом асосида иқтисодда жамоавий йўналиш (умумий мулкчилик) билан (зеро, давлат бу низомга кўра Ислом диёридаги экинга яроқли ерларнинг 95 %ига эга бўлар эди) хусусий йўналиш (хусусий мулкчилик) (негаки, Ислом хусусий фойда кўришга рағбатни ошириб, муҳофаза қилган эди) орасида ўзаро уйғунлик юзага келтирилган, натижада, исломий иқтисод асосларига путур етмаган ҳолда ишлаб чиқариш имкониятлари ошган, коэффициенти юқорилаган эди.

Эслатма: Исломий иқтисод асослари асосан қуйидагилар:

1 – Мол (капитал) кишилар ҳаётини тутиб турувчи унсур бўлмоғи.

2 – Фақат бойлар ўртасидагина қўлма-қўл бўлмаслиги.

3 – Ўзаро олди-бердида зулм бўлишига йўл қўймаслик.

4 – Кишилар ўртасида ижтимоий адолат кафолат этилиши.

Энди яқин тарихга бир қур назар ташлайлик: башарият охирги икки юз йил ичида, яъни, Адам Смит давридан бошлаб то ҳозирга қадар ҳам иқтисод ўсишини таъминлаб, ҳам барчага адолатни бирдек кафолатловчи сиёсат юритиб, айни пайтда жамоавий йўналиш (давлат мулкчилиги) билан хусусий йўналиш (хусусий мулкчилик) орасини уйғунлаштира олган йўлни топишдан ожиз бўлиб келмоқда.

(Давоми бор)

Шайх Солиҳ ибн Абдураҳмон ал-Ҳусаййин (раҳимаҳуллоҳ)

Шайх Сайфуллоҳ Носир ҳафизаҳуллоҳ таржимаси

Мақоланинг арабча матни манбаси:

http://rowaq.org/?p=14

Улашинг
Leave A Comment