МАДАНИЯТ ва ТАРАҚҚИЁТ тушунчаларига чизгилар (иккинчи қисм)

saleh-al-hosayyin

Шайх Солиҳ ибн Абдураҳмон ал-Ҳусаййин – раҳимаҳуллоҳ –

(Ҳарамайн ишлари собиқ раиси, Саудиялик машҳур уламо)

Келинг, шу ўринда исломий маданият ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлиб, мавзуга бетараф ёндашган зиёлиларнинг баъзи сўзларини келтириб ўтайлик, юқоридаги қўйилган саволларга жавоб чиқиб қолса ажаб эмас:

Муҳаммад Асад (Леополд Вайс) шундай ёзади (Islam at the Crossroads, 33-34-бетлар):

“Исломнинг дастлабки давлати билан қадимги Рим империяси орасида ҳеч бир жиҳатдан муштараклик йўқ, иккиси ҳам турли диёр ва ўлкаларни эгаллаб, ҳар хил миллат ва элатлар устидан ҳукмронлик қилгани бундан мустасно. Чунки ҳар иккиси ўзининг ҳукмронлиги даврида мотив ва мақсадлар жиҳатидан бир-биридан тамомила фарқ қилар эди, ҳар бирининг амалга оширмоқчи бўлган бутунлай ўзгача ғоялари бор эди.
Шунингдек, иккиси давлат ҳудудлари кенгайиши борасида ҳам бир-биридан фарқ қилади. Қадимги Рим империяси ўзининг кенг жуғрофий ва сиёсий нуфузига эришиши учун тақрибан минг йил ўтган бўлса, дастлабки ислом давлати учун саксон йил кифоя қилди, холос. Икки давлатнинг кучсизланиш босқичига келсак, орадаги фарқ янада равшанроқ кўринади. Негаки, Ҳун (Гун) ва Готлар ҳужуми билан барҳам берилган Рим империясининг қулаши бир аср ичидаёқ рўй берган, баъзи айрим адабий ва меъморий меросни ҳисобга олмаганда, унинг маданияти ҳам бутунлай йўқ бўлиб кетган эди. Рим империясига меросхўр саналмиш Византия империяси эса бор-йўғи бир неча минтақаларнигина мерос сифатида олган бўлиб, ижтимоий инфратузилмаларининг, сиёсий низомининг Рим империясига айтарли алоқаси йўқ эди.
Аммо халифалик тимсолида қад кўтарган мусулмонлар давлатига келсак, тўғри, ўзининг узоқ ҳукмронлик даврида турли ўзгаришлар ва сулолалар алмашинувини бошдан кечирган бўлса-да, бироқ, унинг асосий тузилмаси ўзгармай, барқарор турди. Ҳатто улар бошига келган ташқи қаттиқ ҳужумлар ҳам (мўғуллар қилган ҳужум Рим империясига қилинган Ҳун (Гун) ва Готлар ҳужумига қараганда анча ваҳший бўлганини таъкидлаб ўтмоқ жоиз) мусулмонлар давлатининг ижтимоий тизимини, сиёсий вужудини силкита олган эмас. Лекин, шубҳасиз, кейинги асрларда иқтисодий ва маданий соҳаларда қолоқлик вужудга келиши учун асосий омиллардан бўлган эди.
Шундай қилиб Рим империяси бир йилда қулаб битган бўлса, ислом давлати қулаши учун тақрибан минг йилга яқин вақт керак бўлди, унгача секинлик билан емирилиб борди, охири, бу нарса Усмонлилар халифалигининг йиқитилганини эълон қилиш ила якун топди, ортидан, ижтимоий дезинтеграция (парчаланиш) рўй бердики, оқибатлари барчангизга кўриниб турибди.
Икки империя орасида яна бир фарқ бор: Ислом империясида бир миллатнинг иккинчи миллатга ортиқлиги бўлмай, куч фақат бир эътиқодни ёйишга қаратилган бўлиб, эгалари буни “улуғ диний ҳақиқат” санар эдилар. Рим империясининг асосий ғояси эса – “ягона Она Ватан” учун, “олий табақа” фойдасига бошқа халқлардан фойдаланиш бўлиб, ўша муайян табақага фаровон ҳаёт таъминлашни асосий мақсад қилиб олган эдилар. Зўровонликнинг чеки кўринмас, золим қўлини тутиб, “бас” дейдиган одам йўқ эди. Машҳур “Рим адолати” фақат римликлар учун эди. “Адолат”нинг бундай йўналиши ҳаёт ва маданиятга тамомила бегона олий табақа мантиғига йўғрилиб, улар дидларига мос сайқалланган, лекин диний қадриятлардан узоқ бир моддий тушунча устига қурилгани кундек равшан эди”. Иқтибос тугади.

Машҳур инглиз тарихчиси ва адиби Герберт Уэлс ўзининг “Outlines of The History” номли китобида ёзади (326-бет):

“Муҳаммад Ислом динини келтирганида кўпчилик эътиборини ўзига жалб қилган энг муҳим нарса – ягона Илоҳ (Аллоҳ) туйғуси бўлиб, бу нарса улар қалбидаги ички онгга хитоб эди. Улар Ислом ва унинг йўлини ихлос ила қабул этишлари биланоқ – иймонсизлик, олчоқлик, қалбакилик, ирқий бўлинишларга тўла бўлган дунёда – рўпараларида кенг, улуғ инсоний биродарлик учун йўл очилди. Фақат руҳонийлар, олий табақа соҳиблари, подшолар учун мўлжалланган эмас, балки ушбу динга тобе бўлган барча кишилар ўртасида тенгликни таъминловчи Фирдавс учун эшиклар ҳеч бир тилсимотсиз, хурофий анъаналарсиз, руҳонийча тараннумларсиз ланг очилган эди. Муҳаммад бундай ахлоқий тизимларни башарият қалбига тақдим эта олди, Ислом истибдод, ижтимоий жабру жафодан озод бўлган шундай жамиятни вужудга келтирдики, илгари бирор жамият бу даражага етган эмас эди”.

Яна шундай дейди: “Ислом атрофга ёйилиб, ҳукмронлик қилди, негаки, у инсон учун дунёда тақдим этилиши мумкин бўлган энг афзал сиёсий ва ижтимоий тизимни келтирган эди. Бу низом ҳозирга қадар ер юзида татбиқ этилиши мумкин бўлган энг кенгқамровли, энг покиза, энг тоза сиёсий тушунчани ўзида мужассам этади”. Иқтибос тугади.

Уилям Дюрант ўзининг “The Story of Civilization” (131-133-бетлар) китобида қуйидагиларни ёзади:

“Яқин Шарқдаги яҳудийлар ўз ҳокимлари ўтказган жабру зулмдан озод қилган арабларни хурсандлик билан қаршилаган… кундалик ҳаётларида, диний ибодатларини адо этишда тўла эркинликка эришган эдилар… Илгари насронийлар ҳукми остида бой бўлмаган бўлсалар, Ислом соясида Осиё, Миср ва Испанияда жуда бойиб кетдилар. Насронийлар Ғарбий Осиёда, араблар ярим ороли ҳудуди ташқарисида ўз диний ибодатларини эмин-эркин бажариб юрар эдилар. Тарихчиларнинг бизга сўзлашича, Ислом диёрида халифа Маъмун даврида 11 000 черков, шунингдек, кўплаб яҳудий ибодатхона (синагога)лари, бутхона (храм)лар мавжуд эди. Насронийлар байрамларини эркин, ошкора нишонлар эдилар, зиёратчилари тўп-тўп бўлиб, барча нарсадан омонда Фаластиндаги насроний қадамжоларни зиёрат қилишга келар эдилар… Қустантиния (Константинополь), Ўршалим (Иерусалим), Искандария (Александрия) ва Антокия патриархлари қўли билан турли жабру зулмларни ўтказган Византия давлати черковига қарши чиққан насронийлар Ислом фатҳидан сўнг мусулмонлар ҳукмронлиги остида ҳақиқий маънода эркин, хотиржам бўлиб олган эдилар. Ҳатто мусулмонлар насронийларни ҳимоя қилишда бундан-да илгарилаган бўлиб, милодий тўққизинчи асрда Антокия ҳокими турли насроний тоифалар бир-бирларини ўлдириб қўйишининг олдини олиш мақсадида махсус қўриқчи қўшин ташкил қилган эди, монастирлар кўпайиб, насронийлар экин ерларда деҳқончилик қилишда, қўриқ ерларни ўзлаштиришда фаол қатнашар эдилар…
Дастлабки мусулмонлар йўл тутган диний бағрикенглик натижаси ўлароқ кўплаб насронийлар, деярли барча зардуштий ва бутпарастлар бу янги динни қабул қилдилар, мусулмон бўлмаганлар ҳам араб тилини ўз тиллари қилиб олиб, арабча кийимларни кийишга ўтдилар, сал ўтмай улар ҳам Қуръон шариатига эргашиб, Ислом динини қабул қилдилар. Ҳолбуки, мазкур ўлкаларда Эллинизм (юнон маданияти) минг йил ҳукмронликдан сўнг ҳам ўз пойдеворини ўрната олмаган, Рим имерияси кўпсонли қўшинлари билан ҳам ерли худоларни ўзгартиролмаган эди. Византия давлатининг расмий черковга қарши турли насроний оқимлар ўсиб-улғайган жойларда ҳам исломий эътиқод ва урф-одатлар тарқалди. Ерли халқлар янги динга иймон келтириб, унинг асосларини ихлос ва сидқидилдан шундай маҳкам тутдиларки, озгина фурсат ичида аввалги худоларини эсдан чиқардилар. Хитой, Индонезия, Ҳиндистондан тортиб, Марокаш, Андалус (қадимги Испания) қадар Ислом дини юзлаб халқларнинг қалбини эгаллади, фикру хаёлини банд этди, ахлоқлари устидан ҳукмрон бўлди, ҳаётларини янги қолипда қурди, уларга ҳаёт аччиғини, машаққатларини енгиллатувчи орзуларни ҳадя этиб, ифтихор ва ғурур-ла бошни тик тутиш туйғусини инъом қилди.. Ораларида қанчалик ихтилофлар, сиёсий бўлинишлар бўлмасин, бу Дин уларни бирлаштириб, ягона бир Миллат қилиб келди”. Иқтибос тугади.

Роналд Бодли (Ronald Boodley) эса “The Messenger” китобида (136-бет) шуларни ёзади:

“Мусулмонлар забт этган ерларида бошқа дин вакилларидек бузғунчилик қилмасдилар, қаерга келишса, ўша ерни олдингидан афзалроқ ҳолда қолдириб кетар эдилар. Улар бамисоли ёғинли булут каби эдилар: бошқалар қаҳатчилик ва харобазорга айлантирган ерларни кўкаламзор қилиб кетардилар”.

Юқоридаги иқтибос эгаларининг исломий маданият борасидаги маълумотларига, бетарафликларига ишончимиз миқдори қанча бўлишидан қатъи назар, буларни мавзуга қатъий далил сифатида қабул қилиш ниятимиз йўқ. Мавзуга қатъий далил бўлган нарса – тарихий воқеликни ўз ҳолича кўра олишимиздир. Шундай экан, маданият босиб ўтган воқеликни тўғри кўра олишга имкон топа оламизми?

(Давоми бор).

Шайх Солиҳ ибн Абдураҳмон ал-Ҳусаййин (раҳимаҳуллоҳ)

Шайх Сайфуллоҳ Носир ҳафизаҳуллоҳ таржимаси

Мақоланинг арабча матни манбаси:

http://rowaq.org/?p=14

Улашинг
Leave A Comment