(1) Эътиқодий масалалар
- Кириш сўзи;
- Мусулмон ҳолда ўлган одам албатта жаннатга киради;
- Ислом мукаммал дин, бидъатлар рад этилади;
بسم الله الرحمن الرحيم
Кириш сўзи
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Расулуллоҳга, аҳли-оилаларига, саҳобаи киромларга ва уларга яхшилик билан қиёматга қадар эргашиб борадиган зотларга салоту саломлар бўлсин. Аммо баъд.
Таҳририятимизга анчадан буён турли тоифалар, ҳаракатлар ва уларга қандай муносабатда бўлишимиз лозимлиги ҳақида саволлар келиб туради.
Аслида бу мавзу жуда узун, уни устозларнинг ҳузурларида ўтириб илмий дарс сифатида ўрганиб чиқиш лозим бўлган алоҳида бир фан.
Бундай мавзуларни инсон ўзи мустақил равишда китоблардан ўқиб ёки мухтасар савол-жавоблар орқали ўрганиб олишга ҳаракат қилгани билан барибир тўла тасаввурга эга бўла олмайди.
Шундай бўлсада, биз иншоаллоҳ бу рисолада баъзи масалаларни Қуръону Суннатда собит бўлган далиллари билан мухтасар шаклда зикр қилиб ўтишга ҳаракат қиламиз, шояд фойдадан холи бўлмас.
Сўзларимиз ҳақиқатга мувофиқ бўлса, бу фақатгина Аллоҳнинг тавфиқи ила, хато қилиб қўйган жойларимиз бўлса ўзимизнинг айбу нуқсонимиз туфайлидир.
Ягона Аллоҳ ва Унинг Расулининг сўзлари барча айбу нуқсонлардан пок, мусаффо ва муқаддас бўлган ҳаққу ростдир.
Парвардигор Ўзи гуноҳларимизни кечирсин, барча ишларда Қуръону Суннатга мувофиқ бўлишимизни насиб айласин. Омин.
Мусулмон ҳолда ўлган одам албатта жаннатга киради
Маълумки, инсон шаҳодат калимасига иймон келтириши билан Исломга киради ва агар шу иймон билан собитқадам ҳолда, ширки акбар ва куфри акбар бўлган амалларни қилмасдан вафот этса, албатта, охир-оқибат жаннат аҳлидан бўлади.
Ширки акбар ва куфри акбардан кичкина бўлган гуноҳларни қилиб қўйган мусулмон киши тавба қилмасдан ўтиб кетган бўлса, дўзахга тушиб, гуноҳларидан покланиб, кейин жаннатга кириши мумкин бўлади, Аллоҳ унинг гуноҳларини дўзахга тушишидан олдин кечириб юборишни хоҳласа жаннатга тўғри кириб кетиши ҳам мумкин.
Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 48 ва 116 оятларида марҳамат қилади:
{إِنَّ اللَّهَ لاَ يَغْفِرُ أَن يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَن يَشَاء}
“Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсани) шерик қилинишини кечирмайди. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечиради”.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“من لقي الله لا يشرك به شيئاً دخل الجنة، ومن لقيه يشرك به شيئاً دخل النار”. (رواه مسلم).
“Кимки Аллоҳга ҳеч қандай ширк келтирмаган ҳолда йўлиқса жаннатга киради. Кимки Аллоҳга бирон нарсани ширк келтирган ҳолда йўлиқса дўзахга киради”. (Имом Муслим ривоятлари).
Ислом мукаммал дин, бидъатлар рад этилади
Аллоҳ таолога чексиз ҳамдлар бўлсинки, Исломни мукаммал дин қилиб юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг ваҳйларидан бир дона ҳарфини ҳам яширмасдан умматларига етказдилар. Вафотларидан олдин видолашув ҳажида Аллоҳ таоло жума куни Арафот майдонида қуйидаги ояти каримани нозил қилди:
{الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ الْإسْلامَ دِينًا}. (المائدة: 3).
“… Бугун Мен сизлар учун динингизни комил қилдим, Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим …”. (Моида: 3).
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“من أحدثَ في أمْرِنَا هذا ما ليسَ منه فهو رَدٌّ”. (متفق عليه).
“Кимки, бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, бас у рад этилади”. (Муттафақун алайҳ – Бухорий ва Муслим ривоятлари).
عن العرباض بنِ ساريةَ قال: صلى بنا رسولُ اللهِ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّمَ ذاتَ يومٍ، ثم أقبل علينا، فوعظنا موعظةً بليغةً، ذرفت منها العيون، ووجِلت منها القلوبُ. فقال قائلٌ: يا رسولَ اللهِ! كأن هذه موعظةُ مُودِّعٍ، فماذا تعهد إلينا؟ فقال: أوصيكم بتقوى اللهِ والسمعِ والطاعةِ وإن عبدًا حبشيًّا، فإنه من يعِشْ منكم بعدي فسيرى اختلافًا كثيرًا، فعليكم بسنتي وسنةِ الخلفاءِ المهديّين الراشدين تمسّكوا بها، وعَضّوا عليها بالنواجذِ، وإياكم ومحدثاتِ الأمورِ فإنَّ كلَّ محدثةٍ بدعةٌ، وكلَّ بدعةٍ ضلالةٌ”. (رواه أبو داود وصححه الألباني).
Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга шундай бир ваъз қилдиларки, ундан кўзлар ёш тўкди, қалблар қўрқувга тушди. Шунда бир киши: “Эй Расулуллоҳ, бу видолашаётган одамнинг мавъизасига ўхшайди, бас бизга нимани васият қиласиз?” деди. Расулуллоҳ дедилар: “Сизларга Аллоҳдан тақво қилишни, (мусулмон раҳбар) агар ҳабаший қул бўлса ҳам қулоқ тутиб, итоатли бўлишни васият қиламан. Сизлардан кимки ҳаёт бўлса, яқинда кўп ихтилофларни кўради. Бас, сизлар менинг суннатим ва ҳаққа ҳидоят қилинган, тўғри йўлга бошловчи халифаларнинг суннатларини лозим тутинг, уларни маҳкам ушлангиз, (Динда) янги пайдо қилинган нарсалардан четланинг, зеро ҳар бир янги пайдо қилинган нарса бидъатдир ва ҳар бир бидъат адашишдир”. (Имом Абу Довуд ривоятлари, саҳиҳ).
(Давоми бор)
“Ислом Овози” таҳририяти