(2) Эътиқодий масалалар
- Уммат 73 фирқага бўлиниб кетиши ҳақидаги ҳадис;
- Бидъатларнинг умумий тақсимоти;
- Адашишлар турли даражада;
بسم الله الرحمن الرحيم
Уммат 73 фирқага бўлиниб кетиши ҳақидаги ҳадис:
Инсон Қуръони карим, саҳиҳ ҳадислар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаи киромларнинг сийратлари асосида ҳаёт кечиришдан узоқлашгани сари ҳақ йўлдан адашиб кетиш хатари кучайиб боради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг ваҳйи ила келажак воқеалар ҳақида хабар бериб айтдилар:
“…تفترقُ أمَّتي على ثلاثٍ وسبعينَ ملَّةً، كلُّهم في النَّارِ إلَّا ملَّةً واحِدةً، قال: مَن هيَ يا رسولَ اللَّهِ؟ قالَ: ما أَنا علَيهِ وأَصحابي…”
“Умматим етмиш уч фирқага бўлиниб кетади, уларнинг барчаси дўзахга тушади, магар бир тоифа (жаннатга киради)”. У (жаннат аҳли бўладиган тоифа) ким, эй Расулуллоҳ, деб сўралганда жавоб бериб дедилар: “Мен ва асҳобларим (юрган) йўл(ни маҳкам тутган тоифа)”. (Абудовуд, Тирмизий, Ибн Можа ва Ҳокимлар ривоят қилишган, саҳиҳ)
Бидъатларнинг умумий тақсимоти:
Уламолар инсонни ҳақ йўлдан адаштириб юборадиган бидъатларнинг даражасини умумий тақсимланганда икки қисмга бўладилар:
1- Куфри акбар ва ширки акбар деб ҳисобланадиган бидъатлар;
2- Куфр ва ширкдан кичкинароқ бўлган бидъатлар.
(Маорижул-қабул китоби, Ҳофиз Ҳакамий)
Адашишлар турли даражада:
Ислом уламолари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаи киромлар тутган йўлдан адашиб кетган 72 фирқа ҳақида, балки ҳатто Исломдан бутунлай чиқиб кетган тоифалар ҳақида мусулмонларни уларнинг адашган йўлларидан огоҳлантириш учун кўпдан кўп китобларни ёзганлар.
Бидъатларга кириб кетган тоифаларнинг номларини, адашиб кетиш даражаларини тайинлашда илмлари етганича ижтиҳод қилганлар ва умматга ўз насиҳатларини тақдим этганлар.
Ислом оламида пайдо бўлган баъзи оқимлар мусулмонликни даъво қилса ҳам, улар Ислом динидан бутунлай чиқиб, кофиру мушрик бўлиб кетган. Ундай тоифалар ҳадисда ишора қилинган 72 фирқадан деб ҳисобланмаган.
Имом Бухорий ўзларининг “Халқу афъолил-ибод” китобларида ана шундай тоифалардан бири – Жаҳмийялар ҳақида салафи солиҳларнинг сўзларидан ривоят қилиб келтирадилар.
Ривоятлардан бирида имом Вакийъ ибн Жарроҳ бундай дейдилар:
“أَحْدَثُوا هَؤُلاءِ الْمُرْجِئَةُ الْجَهْمِيَّةُ، وَالْجَهْمِيَّةُ كُفَّارٌ… وَعَلِمْتُمْ كَيْفَ كَفَرُوا، قَالُوا: يَكْفِيكَ الْمَعْرِفَةُ، وَهَذَا كُفْرٌ، وَالْمُرْجِئَةُ يَقُولُونَ: “الإِيمَانُ قَوْلٌ بِلا فِعْلٍ”، وَهَذَا بِدْعَةٌ…” (رواه البخاري في خلق أفعال العباد)
“Жаҳмий муржиалар (динда) янги нарсаларни пайдо қилдилар. Жаҳмийялар кофирдирлар … Улар қандай кофир бўлганлигини билдинглар. Улар: “Билиб қўйишинг ўзи етади” деб айтдилар. (Яъни, Аллоҳнинг илоҳ эканини билиб қўйсанг бўлди, иймон шу, бундан ортиғи шарт эмас, деган куфрий бидъатни пайдо қилдилар). Бу куфрдир. Муржиалар эса: “Иймон фақат сўздир. Амал эмас” (яъни, амаллар шарт эмас, инсон иймон келтирганини тили билан айтса бўлди), деб айтадилар. Бу бидъатдир! …” (”Халқу афъолил-ибод” китоби, 15-бет)
Худди шунингдек бошқа уламолар ҳам эътиқодда адашган тоифалар ҳақида ёзилган илмий китобларда Ислом умматини каттаю кичик бидъатлардан огоҳ этганлар ва баъзи тоифаларнинг туғёни ҳаддан ошиб, бутунлай кофир бўлиб кетишгача борганлигини баён қилганлар.
Аллоҳ таоло Ўзи бизларни залолат йўлларидан саломат сақласин.
(Давоми бор)