Арафа куни рўзасининг фазилати ва яна баъзи масалалар ҳақида эслатма

Ассалому алайкум …

Муҳтарам диндошлар!

Биз ҳозир энг улуғ кечалардан бири бўлмиш Арафа кечасида турибмиз, бир неча соатдан кейин йилнинг энг улуғ куни – Арафа кунининг кундузи бошланади.

Ушбу муносабат билан сиз азизларга Арафа кунининг рўзасини эслатиб ўтмоқчимиз.

Ҳаж сафарига мушарраф бўлганлардан ташқари, яна бошқа баъзи бир шаръий узрлар туфайли рўза тута олмайдиган биродарларимиз ва опа-сингилларимиздан ташқари, рўза тутишга қодир бўлган барча биродарларимизни ушбу кеча тонг отишдан олдинроқ саҳарлик таомини еб, рўзага ният қилиб олишларига даъват этамиз.

  • Арафа кунининг рўзаси икки йиллик гуноҳларни ўчиради:

Арафа кунининг фазилатлари ва бу кунда рўза тутиш буюк фурсат экани ҳақида бир қанча ҳадиси шарифлар собит бўлган.

Жумладан, имом Муслим саҳиҳ тўпламларида ривоят қилган ҳадиси шарифда Расули акрам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:

“صيام يوم عرفة أحتسب على الله أن يكفر السنة التي قبله والسنة التي بعده”. رواه مسلم (ح/1162).

“Арафа кунининг рўзаси ўзидан олдинги бир йилни ва ўзидан кейинги бир йилни (яъни, ушбу икки йил ичида қилинган гуноҳларни) ўчириб юборишини Аллоҳ таолодан умид қиламан …”. (1162 ҳадис).

Яна бир ривоятда Арафа кунининг рўзаси ҳақида саҳобаи киромлар савол беришади.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бериб айтадилар:

“Ўтган бир йилни ва келаётган бир йилни ўчириб юборади”.

Ҳадиснинг шарҳида имом Нававий айтадилар:

“Уламолар ҳадисда ишора қилинган гуноҳлардан мурод кичкина гуноҳлардир, деб айтишган. Агар кичкина гуноҳлари кечириб юборилган киши бўлса катта гуноҳларини енгиллаштиришига умид кучаяди. Агар катта гуноҳлари йўқ киши бўлса (жаннатдаги) даражалари баландроқ мақомларга кўтарилади”.

Уламолар “бу каби ибодатлар кичкина гуноҳларни ўчиради”, деб шарҳлашларига сабаб, чунки катта гуноҳларни қилиб қўйган инсон у гуноҳларнинг жазосидан қутилиши учун албатта алоҳида тавба-тазарруъ қилиши лозимлигига далолат қилувчи ояту ҳадислар бор.

  • Арафа куни жума кунига мувофиқ келса ҳам рўза тутилаверади:

Бу йилги Арафа куни жума кунига тўғри келганлиги туфайли баъзи биродарларимиз “жума кунининг ўзида рўза тутишдан қайтарилган-ку, икки кун кетма-кет рўза тутишга эса баъзиларимиз қийналиб қоламиз, шунинг учун фақат жума куннинг ўзида рўза тутсак қандай бўлади?”, деган маънода сўраб қолишади.

Бу масала ҳақида ҳам – алҳамду лиллаҳ – уламолар ҳадиси шарифлар бир-бирига зид эмаслигини баён қилиб беришган.
Жума кунининг ўзини хослаб рўза тутишдан қайтарилганлиги сабаби, одамлар “шу кунда рўза тутишнинг ўзига хос фазилати бор экан” деб ўйлаб қолишмаслиги учун бўлган.

Шунинг учун, бугун – пайшанба куни – рўза тутмаган бўлсангизлар ҳам, эртага жума куни Арафа куни бўлганлиги учун Арафа рўзаси деб ният қилган ҳолингизда рўза тутаверишларингизга тарғиб этамиз.

Шанба куни эса Айидул-Азҳо кунига тўғри келаётгани учун рўза тутилмаслиги маълум, ҳайит куни рўза тутиш ҳаром қилинган.

  • Қалб касалликлари ҳам катта гуноҳлар қаторига киради:

Ўрни келганда, юқорида ишора қилиб ўтилган катта гуноҳлар ҳақида яна бир нуқтани эслаб ўтамиз:

Баъзи одамлар “катта гуноҳлар” деганда фақат бир неча зоҳирий гуноҳларни тасаввур қиладилар.

Аслида яна бир қанча кўзга кўринмайдиган, аммо жуда ҳам хатарли ва улкан гуноҳлар борки, у гуноҳлар ўзларини “биз тақволи мўминлармиз” деб ўйлайдиган анча-мунча мусулмонларда ҳам топилади.

Мисол учун, қалб касалликларидан ҳисобланадиган кибр, ҳасад, чуқур ғафлатга ботиш, қилаётган солиҳ амаллари билан мағрурланиб қолиш, риёкорлик, мусулмонларни ғийбат қилиш, чақимчилик, асоссиз ёмон гумонлар, гина-кудуратлар, кичкина гуноҳларга эътиборсиз назар билан қараб, уларни қайта-қайта такрорлайвериш … ваҳоказо.

  • Мўмин киши доимо қўрқув ва умид орасида яшайди:

Ушбу ва бошқа барча гуноҳлардан ҳаммамиз доимо тавба-тазарруълар қилиб юришга муҳтожмиз.

Тавбаларимиз холис бўлаяптими, йўқми, Аллоҳнинг ҳузурида ҳусни қабул бўлаяптими ёки йўқми, бу ҳақда ҳам ҳеч ким бизга аниқ-тиниқ хабар бера олмайди.

Шундай экан, ҳар биримиз бир томондан шу нарсаларни эслаб Аллоҳдан янада кўпроқ қўрқиб турамиз, иккинчи томондан Аллоҳнинг марҳамати чексиз эканлигини ҳам ёд олиб, мана бундай буюк мавсумлар келганда рўзалар тутиб, солиҳ амаллардан кўп-кўп бажариб олиб, Аллоҳнинг буюк ажр-мукофотларидан умидвор бўлиб турамиз.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчаларимизни Ўзининг тоат-ибодатига муваффақ айлаб, Ўз даргоҳида ҳусни қабул айлашини сўраб қоламиз.

Омин.

Манба: ”Ислом Овози”

Улашинг
Leave A Comment