2013-10-14:Ҳаж ва умрага оид муҳим масалалар (6-қисм: Маҳзуротул-эҳромнинг жазолари ва бошқа баъзи муҳим нуқталар)

–          “Маҳзуротул-эҳром” – Эҳромда ман қилинган нарсаларни қилиб қўйган киши уч хил ҳолатдан бирига дохил бўлади:

1. Ҳеч қандай узри ва зарурати бўлмасдан қилиб қўйган киши: Бу одам албатта гуноҳ иш қилган бўлади, тавба-тазарруъ қилиш билан бирга фидя тўлаши вожиб бўлади (фидя ҳақида кейинроқ батафсил баён қилинади)

2. Жуда ҳам муҳтожлик ва бирон бир касаллик туфайли қилиб қўйган киши: Бу одам гуноҳкор бўлмаса ҳам аммо фидя тўлаши вожиб бўлади.

 3. Билмасдан ёки мажбурланиш туфайли қилиб қўйган киши: Бу одам ҳам гуноҳкор бўлмайди аммо фидя тўлаши масаласида ихтилоф бор.

(Бугун манашу мавзунинг баъзи тафсилотлари билан танишиб чиқамиз иншааллоҳ)

“Маҳзуротул-эҳром” – Эҳромда ман қилинган нарсаларнинг аҳкомлари:

Биринчиси ва энг хатарличи: Фидяси жуда оғир бўлган гуноҳ : Жимоъ (эркак-аёл бир-бирига яқинлик қилиши).

– Агар бу гуноҳни ҳажда “биринчи таҳаллул”дан олдин (яъни, ҳайит куни соч олишидан олдин) қилиб қўйса унинг зиммасида бешта ҳукм пайдо бўлади:

  1. Қилаётган ҳажи фосид бўлади;

 2. Фосид бўлса ҳам ҳаждан тўхтамасдан охиригача бажариб қўйиш фарз бўлади;

 3. Келаси йил бошқаттан ҳаж қилиши фарз бўлади;

4. Фидя тўлашда Маккада туя сўйиши вожиб бўлади (ва бу туяни Маккадаги фақирларга тарқатиш лозим, ўзи унинг гўштидан ейиши жоиз эмас);

5. Қилган гуноҳидан тавба-тазарруълар қилиши фарз бўлади;

 – Агар бу гуноҳни “биринчи таҳаллул”дан кейин, “иккинчи катта таҳаллул”дан олдин (яъни, ҳайит куни соч олиб бўлган аммо ҳали Тавофул-ифозани адо этмаган пайт) қилиб қўйса, ундай ҳолда:

1. Ҳажи фосид бўлмайди, ноқис бўлади

2.  Фидясини тўлашда қўй сўйиши вожиб бўлади,

3. Қилган гуноҳидан тавба-тазарруълар қилиши ҳам фарз бўлади.

Иккинчиси:

Ҳаж ва умранинг вожиботларидан бўлган вожиб амални тарк қилиш фидяси:  

 – Кимки ҳаж ёки умранинг вожиб амалларидан биронтасини тарк қилиб қўйса унинг жазоси қуйидагича:

1. Тавба қилиш;

2. Фидяси учун қўй сўйиши вожиб бўлади

3. Агар қўй сўйишга қодир бўлмаса 10 кун рўза тутиб бериш вожиб бўлади (3 кун Маккада, 7 кун ватанига қайтганда.

4. Агар Маккада тутиб беролмаса ватанига қайтганда 10 кун тутиб бериши вожиб

 5. Бу фидя учун сўйиладиган қўй албатта Маккада сўйилиши ва Маккадаги фақирларга тарқатилиши лозим, ўзи ундан истеъмол қилиши мумкин эмас.

Учинчиси:

“Маҳзуротул-эҳром” (эҳромда ман қилинган нарсалар)дан биронтасини қилиб қўйса (Жимоъ ва никоҳдан ташқари) :

 “Фидяту Азаа” (енгил азият фидяси)ни тўлаши вожиблиги:

– Эҳромда бўла туриб сочига ёки тукларига тиғ текизиш, тирноқларини олиш, хушбўй ҳид суриш, шаҳват билан аёлини ўпиш, кийим шаклда тикилган кийимни кийиш, бошини ёпиш, қўлқоп кийиш, аёллар ниқоб тақиши каби эҳромда ман қилинган нарсалардан биронтасини қилиб қўйса “фидяту азаа” тўлаши вожиб бўлади ва бу фидяда унга 3 та жазодан бирини танлашга ихтиёр берилади:

1. Маккада Макка фақирларига қўй ёки эчки сўйиб тарқатади

  2. Ёки Маккадаги фақиру мискинлардан олти кишига бир кунлик таомларини олиб беради

   3. Ёки қаерда бўлса ҳам уч кун рўза тутиб беради.

–  Манашу турдаги нарсаларни ўз ихтиёри билан қилса шундай “фидяту азаа” деб айтилган жазо бўлади.

– Агар бирор узр ёки муҳим ҳожат ёки касаллиги сабаб бўлса унинг ҳукми енгилроқ бўлади, тафсилотида ихтилоф бор, ҳар эҳтимолга қарши ва ихтилофдан чиқиш учун бу енгил жазони тўлаб қўйишлик афзал, валлоҳу аълам.

 – Бу “фидяту азаа” жазосидан Жимоъ масаласи мустасно, чунки унинг жазоси энг оғир жазолигини айтиб ўтдик.

– Яна бу жазодан никоҳ ўқиш ҳам мустасно, чунки унинг ҳукми енгилроқ:

Агар эҳромда бўла туриб ўзига ёки бошқа одамга никоҳ ўқиса, у фақат тавба қилиши фарз бўлади, фидя тўлаш жазоси айтилмаган.

Валлоҳу аълам.

Тўртинчиси:

Эҳромга ният қилгандан кейин ҳаж ёки умра амалларини бажаришдан тўсилиб қолган ёки Маккага етолмаган кишининг фидяси:

  – Кимки Арафот майдонига ўз вақтида етиб бора олмаса ҳажга улгурмаган ҳисобланади.

  – Бундай ҳолда ниятини умрага айлантириб, умра қилади ва ҳадй сўйиши вожиб бўлади ва келаси йил ҳаж қилиб бериши лозим бўлади, агар фарз ҳажни адо этмаган бўлса.

– Агар оғир касал бўлиб, ёки маркабдан айрилиб қолиб, ёки йўллар тўсилиб, Маккага етиб боролмай қолса, қаергача етиб борган бўлса ўша жойда ҳадй сўйиб, анашу атрофдаги мусулмонларга тарқатади ва сочини олиб эҳромдан чиқади.

 Агар ҳадй топа олмаса 10 кун рўза тутиб беради.

  – Агар манашундай ҳолатлар рўй бериб қолса “эҳромдан чиқаман” деб шарт қўйиб олган бўлса ҳеч қандай ҳадй сўймасдан ва сочини ҳам олмасдан эҳромдан чиқади, деган уламолар ҳам борлар. Валлоҳу аълам.

Бешинчиси:

Ҳарам ҳудудида ёки эҳром асносида овлаш мумкин бўлмаган ёвойи ҳайвонларни овлаш ва ҳарамда ўзи ўсиб етилган дарахтларни қирқиш фидяси:

(Бу масалани келажакдаги суҳбатларга қолдирамиз)

Энди ҳажда сўйиладиган ҳайвонларнинг гўштларига оид баъзи масалалар ҳақида озгина тўхталамиз иншааллоҳ

  • Ҳожи ҳажда сўядиган ҳавонларидан ўзи ейиши мумкин бўлмаганлари уч хил:

  1. “Маҳзуротул-эҳром”ни қилиб қўйиб, фидясини тўлаш учун сўйган ҳайвонлари;

 2. Овлаш мумкин бўлмаган ҳайвонни овлагани ёки кесиш мумкин бўлмаган дарахтни кесгани туфайли, фидясини тўлаш учун сўйган ҳайвонлар;

 3. Ҳажга боролмаганлиги туфайли сўйган ҳайвонлар;

– Ушбу уч турли сўйилган ҳайвонларни “даму жуброн” (ноқисликни тўлдириш қонлари) деб айтилади ва уларни сўйган ҳожи ўзи истеъмол қилиши жоиз бўлмайди.

• Ҳожи ўзи сўйган ҳайвонлардан ўзи ҳам ейиши жоиз бўлган ҳадй ҳайвонлари эса қуйидагича:  

1. Умра қилгани учун ҳадй қилган ҳайвонлари,

2. Уч хил турли ҳаж учун ҳадй қилинган ҳайвонлар,

3.  Макка аҳли ва ҳожиларга ҳадя қилиш учун сўйдирган ҳайвонлари (ўзи ҳаж ёки умра қилмаган бўлса ҳам).

 Буларни баъзи уламолар “даму шукрон” деб ҳам айтадилар (яъни, ибодатларни бажо этишга муваффақ бўлгани учун шукрона айтиб сўйиш, деган маънода).

(Уч хил турли ҳаждан иккитасини, яъни “Ҳажжи Қирон” ва “Ҳажжи Таматтуъ”ни бажаргани учун сўйиладиган чорва ҳайвонларининг ҳукми вожиб. Ҳожининг зиммасидаги вожиб ҳайвон бўлган бўлса ҳам гўштидан ейиши жоиз бўлади, манашу ҳолатларда.

 “Ҳажжи Ифрод” учун сўйиладигани эса нафл ибодат ҳисобланади ва унинг гўштидан ейиши ҳам жоиз.

Валлоҳу аълам.

 • Макка ҳарами ҳудудидан ташқарига олиб кетиш жоиз бўлган ёки ман қилинган гўштлар масаласи:  

– Юқорида зикр қилинган “даму жуброн” учун сўилган ҳайвонлардан Маккада сўйилганларини Макка ҳарами ҳудудидан ташқаридаги фақирларга олиб бориш жоиз эмас.

 – “Даму жуброн” учун сўйилган бўлса ҳам, аммо Маккадан ташқарида сўйилган бўлса, яъни ҳажга бора олмасдан йўлда тўхтаб қолган ҳожилар “Даму жуброн” сифатида сўядиган ҳайвонларни ўша сўйилган жойдаги фақирларга тарқатиш афзал.

Бошқа жойларга олиб кетиб тарқатиш ҳам жоиз. (Сўйган ёки сўйдирган киши эса ўзи ейиши мумкин эмас).

  – “Даму шукрон” учун сўйилган ҳадй ҳайвонларни эса, яъни “Ҳажжи Таматтуъ” ва бошқа турли ҳажларни бажаргани учун сўйиладиган ҳадй ҳайвонларини Маккадан ташқаридаги ҳожиларга олиб боришлик жоиз.

– Ҳозирча шу ерда тўхтаймиз ва иншааллоҳ кейинчалик имкон топиб келажак учун ҳаж ва умра аҳкомларини мукаммалроқ ва батафсил ўрганишга ҳаракат қиламиз.

– Аллоҳ таолодан тавфиқ ва мадад тилаб қоламиз.

– Бу суҳбатлар шошилинч устида ёзилгани туфайли баъзи бир хатоларга йўл қўйилган бўлиши мумкинлигини эътиборингиздан соқит қилмасликларингизни илтимос қиламиз.

– Аллоҳ Ўзи барчаларимизнинг гуноҳларимизни кечирсин.

 – Ўзимга ҳам биродларимга ҳам васийятим имкон қадар ва ҳар доим уламоларга мурожаат қилиб, Ислом аҳкомларини мустаҳкам ўрганиб борайлик ва битта олим билан чекланиб қолмасдан, қанча кўп уламоларни лозим тута олсак, ҳамма-ҳаммаларининг илмларидан баҳра олиб юрайлик ва доимо илму амал, тақво билан яшайлик.

  – Барча ҳожи биродарларимизни Аллоҳ таоло Ўзи “Ҳажжи мабрур”га муваффақ айласин, гуноҳларидан покланиб янги туғилган чақалоқдек оппоқ ва мусаффо бўлиб қайтишсин.

 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Хажжи мабрур учун фақатгина Жаннат мукофот бўла олади” деган маънодаги муборак ҳадиси шарифлари билан суҳбатимизга якун ясаймиз.

Вассаламу алайкум …

Валҳамду лиллаҳи Роббил-ааламийн

Улашинг
Leave A Comment