Қотил Жуковский бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилди

Бугун соат 11 да Швециянинг апеллияция суди томонидан эълон қилинган ҳукмда устозимиз Обидхон қори Назаров ҳаётларига уюштирилган суиқасдни ижрочиси деб билинган шахс, Ўзбекистон фуқороси Юрий Жуковский бир умрлик қамоқ жазосига лойиқ деб топилди.

Жуковский 2012 йил 22 феврал куни Обидхон қори ака масжидга кетар пайтлари яширин ҳолда орқаларидан келиб бошларига ўқ узган ва воқеа жойидан дарҳол ғойиб бўлиб, Россияга қочиб кетган эди.

Кейинчалик швед ҳуқуқ тартибот идоралари талаби билан Жуковский Россияда қўлга олиниб 2015 йил август ойида Швецияга топширилган.

Бугунги маҳкама бундан аввалги маҳкаманинг 18 йиллик деб белгиланган қамоқ жазосидан фарқли ўлароқ, содир этилган суиқасд оғир ва мудҳиш жиноят экани ва мамлакат ташқарисидан узоқ муддатли режалар билан мақсад сари амалга оширилган иш бўлганлиги туфайли бир умрлик қамоқ жазоси белгилангани эълон қилинди.

Маҳкама бу жиноят сиёсий экани, аммо унинг ортида ҳали кўп ишлар аниқланиши кераклигини урғулаган ҳолда Ўзбекистон ҳукуматини тилга олмаган.

Аммо биз ҳукмнинг умумий натижаси бизнинг фойдамизга эканини инобатга олсакда, тергов-текширув ишлари ва барча далиллар фақат бир томонга – ўзбек ҳукуматига элтаётганини яна бир бор таъкидлаймиз. МХХ нинг жиноятлари бирин-кетин фош бўлиши ҳали анча муддат давом этишига аминмиз.

Биз бугунги ҳукм бўйича келгуси кунларда батафсилроқ суҳбат юритишга ҳаракат қиламиз.

Улашинг
Leave A Comment