59-”Ақидаи Таҳовия” дарси
Имом Таҳовийнинг қуйидаги сўзларига изоҳ:
“.. وَلَمْ يُكَلِّفْهُمُ اللهُ تَعَالَى إلاَّ مَا يُطِيقُونَ، وَلاَ يُطِيقُونَ إلاَّ مَا كَلَّفَهُمْ، وَهُوَ تَفْسِيرُ “لاَ حَوْلَ وَلاَ قُوَّةَ إلاَّ بِاللهِ”، نَقُولُ: لاَ حِيلَةَ لِأَحَدٍ وَلاَ حَرَكَةَ لِأَحَدٍ وَلاَ تَحَوُّلَ لِأَحَدٍ عَنْ مَعْصِيَةِ اللهِ إِلاَّ بِمَعُونَةِ اللهِ وَلاَ قُوَّةَ لِأَحَدٍ عَلَى إِقَامَةِ طَاعَةِ اللهِ وَالثَّبَاتِ عَلَيْهَا إِلاَّ بِتَوْفِيقِ اللهِ.
وَكُلُّ شَيْءٍ يَجْرِي بِمَشِيئَةِ اللهِ تَعَالَى وَعِلْمِهِ وَقَضَائِهِ وَقَدَرِهِ، غَلَبَتْ مَشِيئَتُهُ الْمَشِيئَاتِ كُلَّهَا، وَغَلَبَ قَضَاؤُهُ الْحِيَلَ كُلَّهَا، يَفْعَلُ مَا يَشَاءُ وَهُوَ غَيْرُ ظَالِمٍ أَبَداً، تَقَدَّسَ عَنْ كُلِّ سُوءٍ وَحَيْنٍ، وَتَنَزَّهَ عَنْ كُلِّ عَيْبٍ وَشَيْنٍ، قَالَ تَعَالَى: {لاَ يُسْألُ عَمَّا يَفْعَلُ وَهُمْ يُسْأَلُونَ} [الأنبياء: 23]”.
Маъноси:
“Аллоҳ таоло бандаларга фақатгина уларнинг тоқатлари етадиган амалларни юклади ва улар Аллоҳ таоло юклаганидан ортиқ амалларни бажаришга тоқатлари етмайди. Манашу “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” (Ҳеч қандай ўзгариш ҳам йўқ, ҳеч қандай куч-қувват ҳам йўқ, магар Аллоҳнинг ёрдам ила) деган маънодаги зикрнинг тафсиридир.
Айтамизки: ҳеч кимда ҳеч қандай ҳийла – чора йўқ, ҳеч кимда ҳеч қандай ҳаракат қилиш имкони йўқ ва ҳеч кимда Аллоҳнинг маъсиятидан четланиш имкони йўқ, магар Аллоҳнинг ёрдами билангина. (Худди шунингдек) Аллоҳнинг тоат-ибодатини қоим қилишга ва анашу тоат устида собит қадам бўлишга ҳеч кимда ҳеч қандай куч-қувват йўқ, магар Аллоҳнинг тавфиқи ила.
Барча нарсалар Аллоҳнинг машиъати – хоҳиши, илми, қазо ва қадари билан жорий бўлади. Аллоҳнинг хоҳиши барча хоҳишлардан ғолибдир. Аллоҳнинг қазо – ҳукми барча ҳийлалар – тадбирлардан устундир. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишни заррача ҳам зулм қилмаган ҳолида бажаради. Барча ёмонлик ва зулм ишларидан ва барча айбу нуқсон ва хуник сифатлардан пок бўлган зотдир.
Аллоҳ таоло айтади:
“У Зот Ўзи қилаётган бирон нарса ҳақида сўроққа тутилмас, улар (яъни, бандалар эса қилаётган ҳар бир иш-амаллари хусусида) сўроққа тутилурлар”. (Анбиё: 23).