Ақида илмига кириш: Тавҳид ақидасининг аҳамияти, самаралари, хусусиятлари ва манбаси

بسم الله الرحمن الرحيم

Ақида илмига кириш: Тавҳид ақидасининг аҳамияти, самаралари, хусусиятлари ва манбаси

Тавҳид ақидасидан кўзланадиган асосий мақсад Ягона Аллоҳнинг Ўзига сиғиниш, Аллоҳ ва Расули баён қилган соғлом ва саҳиҳ эътиқодга чин қалбдан иймон келтиришдир.

Тавҳид ақидасининг аҳамиятини қуйидаги нуқталарда қисқача изоҳлаб ўтишимиз мумкин:

1. Аллоҳ таоло инсонлару жинларни Ягона Ўзигагина ибодат қилиш учун яратди:

{وما خلقت الجن والإنس إلا ليعبدون} [الذاريات: 56].

(Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим).

{ولقد بعثنا في كل أمة رسولاً أن اعبدوا الله واجتنبوا الطاغوت} [النحل: 36].

(Дарҳақиқат, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва Тоғутдан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) Расул юборганмиз).

Уламолар, муфассирлар айтишадики: “Тоғут” деб Аллоҳдан ўзга ибодат қилинган барча нарсаларга айтилади, энг катта Тоғутлар бешта:

1. Иблис лаънатуллоҳи алайҳи;
2. Бировлар унга сиғинганда, уни ҳаддан ошириб улуғлаб муқаддаслаштириб юборганда рози бўлиб турадиган кимса;
3. Бировларни ўзига сиғинишга чақирган кимса;
4. Ғайб илмини (Аллоҳ махфий қилиб қўйган маълумотларни) биламан деб даъво қилган кимса;
5. Аллоҳнинг буйруқларини қўйиб бошқа ҳукмлар билан ҳукм чиқарадиган кимса.

Демак, инсоният яралишидан кўзланган энг катта ҳикмат Ягона Аллоҳга сиғиниш, Аллоҳ баён қилиб берган соғлом эътиқодга иймон келтириш.

2. Аллоҳ таоло барча элчиларини ва барча китобларини манашу Тавҳид ақидасига даъват қилиш учун юборди:

{وما أرسلنا من قبلك من رسول إلا نوحي إليه أنه لا إله إلا أنا فاعبدون} [الأنبياء: 25].

(Сиздан олдин юборган барча Пайғамбарларга ҳам “Мендан ўзга (ибодатга ҳақли) ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Мен Ўзим Ягона (Ҳақ) Илоҳман, бас Менгагина ибодат қилинглар!” деб ваҳий қилардик).

3. Тавҳид ақидаси энг биринчи бўлиб даъват қилиниши керак бўлган энг катта фарз амалдир, Ислому иймонга даъват қилишнинг пойдевори шу Тавҳид ақидасидир. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада 13 йил фақат шу Тавҳид ақидасига чақирдилар, Аллоҳнинг буйруғига итоат қилган ҳолларида барча одамларни ширку хурофотлардан қаттиқ қайтардилар. Ҳатто Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин ҳам Тавҳид ақидаси барча ўринларда энг биринчи даражада турарди. Вафотлари яқинлашганда Муоз бин Жабал розияллоҳу анҳуни Яман диёрига даъватчи қилиб юборганларида ҳам васият қилиб айтдиларки: “Сен аҳли китоб бўлган (Яҳуд ва Насоро) қавм олдига борасан, уларни энг биринчи ўринда Тавҳидга – “Лаа илааҳа иллаллоҳ – Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ягона Аллоҳнинг Ўзигина Ҳақ Илоҳ, Муҳаммад Расулуллоҳ – Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси”, деб гувоҳлик беришларига чақиргин” дедилар.

4. Тавҳид ақидаси бошқа солиҳ амаллар қабул бўлиши учун биринчи шартдир. Кимдаким ҳар қанча солиҳ амаллар қилса ҳам, бутун умрини яхшилик билан ўтказса ҳам, аммо Тавҳид ақидасида бўлмаса, яъни Ягона Аллоҳга ўзгаларни шерик қилиб қўйса бажарган яхши амалларидан биронтаси ҳам охиратда фойда бермайди. Аллоҳ таоло ҳатто Ўзининг энг улуғ пайғамбарларини ҳам огоҳлантириб айтадики:

{ولقد أوحي إليك وإلى الذين من قبلك لئن أشركت ليحبطن عملك ولتكونن من الخاسرين} [الزمر: 65].

(Дарҳақиқат сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга) ҳам (шундай) ваҳий қилингандир: «Қасамки: агар (Аллоҳ таолога)ширк келитирсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўргувчилардан бўлиб қолурсан!)

Ҳаётларида Аллоҳ таолога заррача ҳам ширк келтирмасликлари аниқ бўлган Аллоҳнинг энг улуғ бандалари – Пайғамбарларни ҳам Аллоҳ таолога ширк келтириб қўйишдан Аллоҳ Ўзи қаттиқ огоҳлантириб турсаю, Ўзининг энг улуғ каломи Қуръони каримда Тавҳид ақидасини қайта қайта таъкидлаб турсаю, баъзи бир ўзларини авлиёлар қаторида ҳисоблайдиганлар Тавҳид ақидасидан гапирсангиз сизга ғазаб қилса, сизни ҳар хил туҳматлар билан айбласа, бу жуда ҳам ачинарли ҳолат, Тавҳид ақидасидан малолланадиганларни Ягона Аллоҳ таолонинг Ўзига шикоят қиламиз.

Аллоҳ азза ва жалла барчаларимизни Ягона Ўзигагина сиғинадиган, У Зотга заррача ҳам билиб-билмасдан ширк келтириб қўймайдиган, ҳеч қайси бир бандани ўз ҳаддидан ошириб улуғлаб юбормайдиган, Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатига зарар келтириб қўймайдиган ҳақиқий мўминлардан қилсин.

Тавҳид ақидасининг самара ва фойдалари:

Тавҳид ақидасининг дунё ва охиратдаги самаралари жуда ҳам кўп ва чексиздир. Шулардан баъзилари қуйидагича:

1. Дунёда энг бахтли инсонлар Ягона Аллоҳнинг Ўзига сиғинадиган Тавҳид ақидасида бўлган мўминлардир. Зоҳиридан кимлардир уларни бахтсиз деб ўйласа ҳам, аммо уларнинг қалблари тасвирлашдан ожиз қолинадиган даражада жуда ҳам буюк лаззатлар ичида яшайди. Билол розияллоҳу анҳу арабистоннинг жазирамали иссиқ кунларида, кофирлар қўлида қизиб турган тошлар остида қийноққа тутилганларида Ягона Аллоҳга иймон келтирганликларини қайта қайта такрорлаб турардилар. Кейинчалик Ислом ва мусулмонлар азиз бўлган даврларда тобеъинлар “сиз бунчалик қийноқларга қандай сабр қилгансиз?” деб сўрашганда айтардиларки: “Қалбимда Ягона Аллоҳга бўлган муҳаббат лаззати у азобларни босиб кетарди” деган маънода жавоб қилардилар.

2. Тавҳид ақидасида вафот қилган киши албатта жаннатга кириб абадул-абад неъмату лаззатлар ичида бўлади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

“ما من عبد قال لا إله إلا الله ثم مات على ذلك إلا دخل الجنة” متفق عليه

“Қайсики банда “лаа илаҳаа иллаллоҳ – Аллоҳдан ўзга ибодатга ҳақли ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақатгина Аллоҳнинг Ўзи ибодатга Ҳақли Ягона Илоҳдир” деб гувоҳлик бериб, шу шаҳодат устида вафот қилса у албатта жаннатга киради”.

3. Тавҳид ақидаси дўзахдан нажот топишга сабаб бўлади. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

“فإن الله حرّم على النار من قال لا إله إلا الله يبتغي بذلك وجه الله” متفق عليه.

“Албатта Аллоҳ “ла илааҳа иллаллоҳ” деб айтганда, Ягона Аллоҳнинг Юзини кўзлаб (яъни, холис ният билан) айтган кишини дўзахга ҳаром қилган”.

4. Тавҳид ақидаси гуноҳлар мағфират қилинишига сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат бериб айтадилар:

“قال الله تعالى: يا ابن آدم؛ لو أتيتني بقراب الأرض خطايا ثم لقيتني لا تشرك بي شيئاً لأتيتك بقرابها مغفرة”

“Аллоҳ таоло айтдики: Эй одам боласи, агар сен бутун ер юзига тўла гуноҳлар билан келсанг ҳам аммо Менга ҳеч нарсани шерик қилмасдан келсанг, Мен сенга бутун ер юзига тўла мағфират билан келаман” Яъни: “барча гуноҳларингни мағфират қилиб – кечириб юбораман”. (Ҳадиси Қудсий).

Тавҳид ақидасининг тафсилотини қаердан ўрганамиз?

Тавҳид ақидаси – Ягона Аллоҳнинг ўзигагина ибодат қилиш, Аллоҳ ваҳий қилган барча хабарларга иймон келтириш, Аллоҳнинг буйруқларига амал қилиш билан бўлади. Бу нарсаларни қаердан ўрганамиз? Албатта Қуръону карим ва Саҳиҳ ривоятлар билан собит бўлган ҳадиси шарифлардан ўрганамиз.

Аллоҳ ва Расулининг ҳукми олдида барча барчаларимиз чин қалбимиз билан рози бўлиб таслим бўлишимиз шарт.

Аллоҳ таоло айтадики:

{وما كان لمؤمن ولا مؤمنة إذا قضى الله ورسوله أمراً أن يكون لهم الخيرة من أمرهم، ومن يعص الله ورسوله فقد ضل ضلالاً مبيناً} [الأحزاب: 36].

(Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишни ҳукм қилган – буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳ ва Расулининг ҳукмини қўйиб) ўз ишларидан ихтиёр қилишлари мумкин эмас. Ким Аллоҳ ва Унинг Расулига осий бўлса, бас у очиқ-ойдин залолатга кетибти).

Бу каби ояти карималар Қуръони каримда кўпдан кўп.

Демак, барчаларимиз эътиқодимизни, динимизни тўғри ўрганишимиз учун албатта албатта Қуръони карим ва Саҳиҳ ҳадисларга амал қилишимиз керак. Аммо буюк алломалар ёзиб беришган ақида китоблари эса бизга бу илмни ўрганишга ёрдам берадиган, Қуръону Ҳадисни салафи солиҳларимиз тушунганларидек тушунишимизга ёрдам берадиган китоблардир. Масалан Имом Таҳовий ёзган Ақида матни ҳам шак-шубҳасиз Қуръону Ҳадисга асослангандир.

Тавҳид ақидасининг хусусиятлари:

Энди муҳтарам толиби илм биродарлар, Тавҳид ақидасининг хусусиятларидан баъзиларини эслаб ўтсак:

1. Раббонийлиги: яъни, Аллоҳнинг ваҳийсига асосланганлиги. Қуръони карим ҳам, саҳиҳ ҳадиси шарифлар ҳам Аллоҳ таолонинг ваҳийсидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч қачон ўзларидан тўқиб гапирмаганлар. Барча айтган сўзлари Аллоҳнинг ваҳийсидир. Фақат Қуръони каримнинг ўзига хос бошқа хусусиятлари бор, Қуръони каримнинг ҳадислардан ажраб турадиган энг асосий хусусиятларидан бири: Қуръони каримнинг барча лафз ва маънолари Аллоҳ таолонинг сўзидир. Аммо ҳадиси шарифлар лафзи Пайғамбаримизнинг сўзлари, маъноси Аллоҳнинг Расулига билдирган ваҳийсидир. Шунинг учун ҳадиси шарифлар ҳам Албатта Аллоҳнинг хабари ва буйруқлари бўлади.

2. Тавҳид ақидасининг иккинчи хусусияти: соғлом ақлга ва тоза фитратга мувофиқ келишлигидир. Қуръони карим ва Ҳадиси шарифларда баён қилинган эътиқоднинг барча масалалари ҳеч қачон ақлга тескари келмайди ва ҳеч қачон инсон фитрати қабул қилолмайдиган эътиқод бўлмайди, асло. Фақат Инсоний ақл ва фитратнинг ожизлиги борки, кўп ғайб илмидан бўлган Аллоҳнинг исм-сифатлари, жаннат, дўзах қабр ҳаёти ва бошқа ғайбий хабарларнинг кайфиятини тасаввур қилишга қодир эмас. Аммо мўмин киши анашу ғайбий ахборотлар қандайлигини тасаввур қила олмаса ҳам “Аллоҳ хабар бергандай иймон келтирдим” деб анашу эътиқод тақозо қиладиган амалларни бажариши шарт.

3. Тавҳид ақидасининг учинчи хусусияти: Саҳиҳ ақида тафсилотларида ҳеч қачон бир-бирига қарама қарши масалалар йўқ, асло. Соғлом эътиқоднинг барча нуқталари бир-бирига чамбарчас боғланган ва бир-бирига мувофиқдир. Ислом ақидаси анашундай буюк эътиқоддир.
4. Тавҳид ақидаси хусусиятларидан яна бири: бу эътиқод ўрта йўлдаги мўътадил эътиқоддир. Динда чуқур кетиб ҳаддан ошадиган ҳам эмас, динни ўйинчоқ қилиб Аллоҳнинг буйруқларига эътиборсиз бўладиган ҳам эмас. Бу ақида инсониятнинг барча тарафларини риоя қиладиган, тўғри йўлга бошлайдиган, бутун коинотга бахт-саодат манбаи бўлган ягона Ҳақ эътиқоддир.

mp3: юклаб олиш
real: юклаб олиш

Улашинг

التعليقات مغلقة.