Каҳф сурасидан дарслар силсиласи: Одам алайҳиссалом ва иблис алайҳиллаънаҳ қиссасидан ибратлар
Ассалому алайкум …
Азиз ва муҳтрам биродарлар …
Каҳф сурасидан ўрганаётган дарсларимизда давом этамиз.
Бугун иблис алайҳиллаънаҳ Аллоҳнинг буйруғига қарши чиқиб, Одам алайҳиссаломга сажда қилишдан бош тортганидан ибратлар оламиз.
Аллоҳ таоло Каҳф сурасида бу қиссқанинг хулосасини зикр қилади ва ундан ўрганишимиз лозим бўлган дарсни эслатиб шундай дейди:
{وَإِذْ قُلْنَا لِلْمَلائِكَةِ اسْجُدُوا لِآدَمَ فَسَجَدُوا إِلَّا إِبْلِيسَ كَانَ مِنَ الْجِنِّ فَفَسَقَ عَنْ أَمْرِ رَبِّهِ أَفَتَتَّخِذُونَهُ وَذُرِّيَّتَهُ أَوْلِيَاءَ مِنْ دُونِي وَهُمْ لَكُمْ عَدُوٌّ بِئْسَ لِلظَّالِمِينَ بَدَلًا} |
“Эсланг, (эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам), фаришталарга: “Одамга сажда қилинг”, дейишимиз билан сажда қилдилар. Фақат иблис (сажда қилмади). У жинлардан эди. Бас, Парвардигорининг амрига бўйинсунишдан бош тортди. Энди сизлар (эй Одам болалари), Мени қўйиб, уни (яъни, иблисни) ва зурриётларини дўст тутасизларми?! Улар сизларга душман-ку! У (иблис) золим кимсалар учун (Аллоҳнинг ўрнига ибодат қилинадиган) нақадар ёмон бадал – ўринбосардир”.
(Каҳф сураси, 50-оят).
Бу қиссанинг аҳамияти ва ундан ўрганишимиз лозим бўлган дарсларнинг кўплиги учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзи Қуръони каримда уни кўп такрорлаган, баъзи ўринларда батафсил, яна баъзиларида мухтасар тарзда зикр қилган.
Биз бу ерда ёдимизга тушган баъзи фойдаларни эслаб ўтмоқчимиз, холос.
Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратиб, малоикаларни сажда қилишга буюрганда иблис фармони илоҳийга қарши чиқиши ортидан абадий лаънатга учради, жаннатдан ҳайдалди ва Қиёмат кунидан бошлаб абадул-абад дўзахда азоблана бошлайди.
Иблисни Илоҳий фармонга қарши чиқишга ундаган, малоикалар мақомидан ҳайдалишига олиб келган, энг ҳақир ва энг пасткаш махлуққа айлантирган нарса нима эди?
У нарса кибру ҳасад эди.
Кибр ва ҳасад иблисни абадул-абад бадбахтликка гирифтор қилди.
Кибр ва ҳасад барча разилликларга тортадиган энг хатарли касалликдир.
Осмонда энг биринчи гуноҳ кибр ва ҳасад бўлган, иблис одам алайҳиссаломга ҳасад қилиб “мен ундан афзалман” деб кибрланган.
Ерда ҳам энг биринчи гуноҳ кибр ва ҳасад бўлган. Қобил ўзининг қадрдон акасига ҳасад қилиб, унга аталган қизга “бу қизга ундан кўра мен ҳақлироқман” деб кибрланган.
Кибру ҳасад Қобилни энг улкан жиноятлардан бири бўлмиш қотилликка тортиб кетди ва ўз акасини ўлдирди, оқибатда Қиёматгача рўй берадиган барча қотилликлар гуноҳи унга ҳам тўхтамасдан ёзилиб турадиган бўлди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларда бу касалликдан одамларни қайта-қайта огоҳлантирганлар.
Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:
“Қалбида зарра миқдоричалик кибри бўлган кимса жаннатга кирмайди”.
(Имом Муслим ривояти).
Имом Ғазолий ушбу ҳадиснинг шарҳида айтадилар:
“Кибр жуда ҳам хатарли улкан офат – касалликдир. Бу касалликдан ҳатто кўпдан кўп зоҳидлар, обидлар ва уламолар ҳам қутула олмай қолишади. Кибр жаннатдан тўсиб қўядиган тўсиқ бўлишининг сабаби, чунки кибр бандани мўминларнинг барча гўзал хулқларидан тўсиб қўяади. У гўзал хулқлар жаннат дарвозаларидир. Кибр анашу дарвозаларнинг барчасини беркитиб ташлайди. Кимда агар озгина миқдорда бўлса ҳам кибр мавжуд бўлса ўзи учун яхши кўрган нарсаларни мўминлар учун яхши кўролмайди. Кибр инсонни ўзининг кибру ғурурини сақлаш йўлида барча хунук феълларни бажаришга мажбур қилади. Мақталган яхши хулқларни бажаришдан эса ўзининг кибру ғурури кетиб қолишидан қўрқиб бош тортади …”
(Эҳёи Улумиддин китоби: 3/345).
Аллоҳ таоло барчаларимизга иблис ва унинг зурриётидан сақлаб, паноҳ бериб, иблис ва иблисга эргашганларнинг асосий касаллиги бўлмиш кибр ва ҳасаддан бизларни узоқ қилсин …
Вассалому алайкум …