МАДАНИЯТ ва ТАРАҚҚИЁТ тушунчаларига чизгилар (учинчи қисм)

saleh-al-hosayyin

Шайх Солиҳ ибн Абдураҳмон ал-Ҳусаййин – раҳимаҳуллоҳ –

(Ҳарамайн ишлари собиқ раиси, Саудиялик машҳур уламо)

Қадимги Рим маданиятининг кишиларга таъсир кўрсатиш омиллари нима бўлган бўлса, ҳозирги замон маданияти деярли айни омиллар билан, ўхшаш кўринишлар орқали одамларга ёпирилиб келди. Зотан, ҳозирги маданият ҳам қадимги аждоди сингари ўзининг жозибали илмий-маърифий биносини киборлик, моддий тараққиёт, черковни четга суриш, инсоннинг ёлғиз ўзини тараққиёт тимсоли сифатида кўриш, “европалик-оқлар жинси” бошқалардан устун деган эътиқодда унинг фаровон ҳаёти учун барча имкониятларни ишга солиш асосига қурди. Албатта, бу жараёнда мусулмонларнинг фалсафа, социология, тажрибий фанларда эришган ютуқларидан фойдаланишни-да унутмади.

Исломий маданиятга келсак, албатта, унинг ҳам йўлини белгиловчи омиллари, мотив ва ғоялари бор. Ҳеч кимга сир эмаски, асосий омил бу – диний-исломий омил бўлиб, Қуръони карим ушбу маданиятни ҳаракатга келтирувчи энг бирламчи асосий куч ҳисобланади. Ушбу куч ҳар бир мусулмон йўлини белгилаб берувчи, яшашдан бўлган асосий мақсадни кўрсатувчи маёқдир. Асрлар бўйи, хусусан, ислом маданиятининг дастлабки асрларида мусулмонлар сулуки, юриш-туриши айни Қуръони Карим таълимоти бўйича олиб борилар эди.
Тўғри, ҳар бир маданиятнинг вужудга келишида динларнинг ўзига хос таъсири, ўйнаган роли бўлган. Бироқ, Ислом маданиятида бу нарса яққол кўзга ташланади, бу кучли омил соясида бошқа омиллар деярли кўзга ташланмайди.

Ислом маданиятини шакллантириш, уни бошқаришдаги Ислом динининг таъсирини бир нечта нуқталар орқали кўриб чиқсак:
– Бошқа дин ва маданиятлардан фарқли ўлароқ Ислом ўзининг бирламчи асоси Қуръони каримнинг сақланиб қолгани билан ажралиб туради.

– Бошқа динлардан ўзгача равишда Ислом пайғамбарининг ҳаёти икир-чикири билан ёритилган. Зиёли мусулмон ўзининг кундалик ҳаётида ҳатто ён қўшниси, балки ўзининг ота-онаси ҳаётидан кўра пайғамбар ҳаёти ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлади.
– Ислом ўзаро муносабатда бирламчи нуқта сифатида тақво деб аталувчи ахлоқий тамойилга суянади. Бу истилоҳ ўзининг сарфий (этимологик) кўринишлари билан Қуръони каримда 200дан ортиқ ўринда, шунга маъно жиҳатдан далолат қилувчи сўзлар орқали эса жуда кўп ўринларда айтиб ўтилган. Бу истилоҳнинг ўз маънолари ила бу даражада кўп зикр этилиши зиёли мусулмонда шундай бир ахлоқий ҳассосликни юзага келтирадики, у қаерда бўлмасин, Аллоҳ уни ҳар бир қадам, ҳар бир ҳаракатини кузатиб турганини, қилмиши ҳақида охир-оқибат ҳисобот беришини сезиб туради. Намоз билан рўза эса ушби ахлоқий қадриятни сайқаллаб, уни мусулмон қалбида янада мустаҳкамроқ ўрнатиб боради.

– Ислом – Religion (религия) сўзидан англашилган маънони берувчи тор маънодаги дин эмас, балки мусулмон ҳаётини, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ҳаётини бошқариб турувчи ҳаёт дастуридир. Бошқа динлардагидек “Худога худоники, подшога подшоники”ни ташлаб қўймайди.
– Юқоридаги нуқтани баён этадиган кўринишлардан бири шуки, “ибодат” сўзининг маъноси Исломда бошқа динлардаги бу сўздан тамомила фарқ қилади. Исломдаги ибодат маълум бир ҳаракатларни бажарувчи шаклий нарсаларгагина чекланиб қолмай, инсон қилаётган барча эзгу амалларни қамраб олади, ибодат деб саналиши учун мазкур амалларни Аллоҳ учун, Унинг розилигини кўзлаб бажарса кифоя. Шунинг учун ҳам Ислом инсонга керакли бўлган ҳар қандай иш ва амални жамиятдаги фарзи кифоялардан санаган, яъни, бундай амални баъзилар бажарса, қолганлардан ҳам гуноҳ соқит бўлиб, бажармайдиган бўлса, ҳамма бирдек гуноҳга ботади. Мисол тариқасида тиб ва шифокорларнинг мавжуд бўлишини кўрсатиш мумкин.
– Ислом адолат ва тўғрисўзликни ўзгармас тамойил деб эълон қилди. Қонунларни ижро этишда бу тамойилдан зарра бўлсин четга чиқиш мумкин эмас. Яқин қариндошга ҳам, узоққа ҳам, ҳатто Исломга қарши курашиб турган муҳориб кофирга нисбатан ҳам бу тамойил ўзгармаслиги зарур.
– Қуръони каримда ақлни ишлатиш, тафаккур қилиш, илм излаш, ҳақиқатга етишга қаттиқ тиришишга ундовчи оятларга жуда кенг ўрин берилган. Унда ақл, тафаккур, илм ва буларга ўзакдош бўлган сўзларнинг 350 мартадан кўпроқ ўринда келиши фикримизга яққол далил бўлади. Шуниндек, кўплаб оятларда юқоридаги сўзларга муродиф бўлган бир нечта сўзлар келганини ҳам қўшиб ўтмоқ жоиз.
Айтиб ўтилган етти хусусиятнинг Ислом маданиятига нечоғли таъсир кўрсатганини кўрсатиш учун адолат ва тўғрисўзлик сифатини мисол тариқасида олиб кўрайлик:
Тарих саҳифаларини варақлаш шуни кўрсатмоқдаки, мусулмонларнинг ўша вақтдаги икки улкан империя – Византия ва форс империялари билан бир вақтда тўқнашиши мусулмонлар хоҳиши билан бўлган эмас. Агар ўз ихтиёрлари билан бўлганда бир вақтнинг ўзида икки жабҳада урушга кирмаган бўлар эдилар, уларда бунинг учун сиёсий билим етарли эди. Шундай қилиб бир жабҳада урушга кириб, одатда тарихчилар урғу берадиган ғоя ва мақсадларига етган бўлар эдилар.
Дарҳақиқат, мусулмонлар урушларда ҳам адолат ва тўғрисўзлик тамойилини қаттиққўллик билан қўлладилар, уларнинг бошқаларга муносабати уруш ва тинчликда мазкур тамойил асосида бўлди. Ҳатто, бу тамойил фақат ўзлари томонидан қўлланса ҳам (яъни, қарши томон бунга амал қилмаса ҳам), бундан чекинмадилар. Натижада, ўзлари эгаллаган ерларда илгари қўлланмаган, ўрнак олишга арзирли муомалани йўлга қўйдилар. Зотан, улар ерли халқларни ўзлари хоҳламайдиган бирор нарсага мажбурламадилар, балки бошқалар тажовузидан уларни ҳимоя қилишни ўз зиммаларига олдилар, уларга ибодат қилишлари учун, ибодатхоналарини муҳофаза этишлари учун мутлақ эркинлик бердилар, ўзлари учун (ўз динларидан келиб чиққан ҳолда) махсус қонунлари бўлишига, ўз маҳкамалари бўлишига, ўз тили, маданиятини сақлаб қолиб, фарзандларини ўша асосда тарбиялашга йўл қўйиб бердилар. Фақат адолатли миқдорда олинадиган жизядан бошқа нарсани уларга юкламадилар. Мазкур жизя ҳам фақат урушга яроқли кишилардан ҳарбий хизматдан озод этилганлари учун олинар эди, бордию, мусулмонлар билан мамлакатни ҳимоя қилишда қатнашса, ўша жизядан озод этилар эди. Жизя урушда қатнашмайдиган аёллар, урушга ожизлар ёки руҳонийлардан олинмас эди.
Мазкур сиёсатнинг Ислом маданияти гуркираб яшнаши учун жуда катта таъсири бўлган: мусулмонларнинг қадимги империялар ерига ўз салтанатини жуда тезлик билан ёйишига имкон берган эди. Негаки, ушбу сиёсат аввало ақл ва қалбларга мурожаат қилгани учун ерли халқлар кириб келувчиларни душман эмас, халоскор сифатида кўрар эдилар. Ҳалигача тарихчилар учун топишмоққа ўхшаб турган мусулмонларнинг яшин тезлигида тарқалиш сабаби айни шу сиёсатга боғланганда, бунга осонгина жавоб топган бўлар эдилар.
Бундан ҳам қизиғи, ҳайратланарлиси – фатҳ қилинган ерлардаги халқларнинг Исломга зудлик билан кириб кетишидир. Ҳақиқат шуки, Исломнинг бундай ёйилишига, кўпинча таъкидланиб келганидек, ҳарбий юришлар асосий сабаб бўлган эмас (зеро, ҳарбий юришларнинг ғолиблар динини қабул қилиш нари турсин, улар динидан нафратланишга сабаб бўлишини кўриб турибмиз), балки Ислом ўзининг тенгсиз қадриятлари орқали тарихда мисли кўрилмаган сиёсий, жуғрофий ғалабага эришган эди.
Мана шундан маданият шаклланиши ва ривожланиши учун мазкур хусусиятнинг нечоғли таъсир кучига эга бўлганлиги маълум бўлади. Исломда асрлар бўйи бошқалар билан тузган битимларда битим бандларига сўзсиз амал қилиш асоси ҳам мазкур адолат ва тўғрисўзлик тамойилидан келиб чиққан эди. Халқаро алоқаларда мусулмонлар доим мазкур асос бўйича иш олиб борадилар.
Шубҳасиз, Ислом маданияти ғояларини белгилаб, уларни амалга ошириш, мусулмонлар онгида бу ғоялар ўрнашиши учун мазкур эзгу сифатларнинг роли катта бўлган. Тўғри, Ислом тарихида юқорида санаб ўтилган хусусиятлар таъсирига тўғаноқ бўлган бузғунчиликлар, асосий тамойиллардан чекинишлар ҳам учраб турган. Лекин бу нарсалар Исломнинг Ислом маданияти ғояларини белгилашдаги, кишиларни тўғри томонга йўналтиришдаги катта ролини, Ислом маданияти шаклланиши учун Ислом асослари асосий пойдевор бўлганини рад эта олмайди.
Бунинг натижаси ўлароқ, Ислом маданияти ўзга маданиятлар ила баъзи сифатларда муштарак бўлса-да (масалан, Исломий маданиятда ҳам “мавжуд имкониятлардан тўла фойдаланиш”, “янги имкониятлар яратишга интилиш” каби хусусиятлар бор), улардан бошқа асосий хусусиятлар орқали тамомила ажралиб туради:
1 – Юқорида зикри ўтган маданиятларга фиръавнлар, императорлар, зодагонлар, ҳарбийлар томонидан асос солинган, ғоялари аксар уларга хизмат этишга қаратилган бўлса, Ислом маданияти халқчил маданият ҳисобланади. Зотан у тақво ва ибодат маъноларига суяниб, шахсларнинг кўнгилли эҳсони, хайрия ишлари асосида ташкил топган. Бунга яққол мисол сифатида Ислом маданиятидаги “вақф” асосини кўрсатиш мумкин.
Эзгуликни ният қилиш, мукофотини бу дунёда кутмаслик шарти билан амалга ошириладиган “вақф” низоми мусулмонларнинг жамиятдаги барча эҳтиёжларини қоплаган. Кутубхоналар, мадрасалар, масжидлар, шифохоналар, йўл ётқизиш, кўприк қуриш, ариқ-каналлар, қудуқлар қазиб элга сув етказиш учун вақфлар, ҳатто ҳайвонларни, атроф-муҳитни ҳимоя этиш вақфлари, борингки, жамиятда кишилар эҳтиёжи тушган нима бўлса, ўша нарсалар учун алоҳида вақфлар ташкил этилган.
2 – Мазкур вақф низоми амалда татбиқ этилиши орқали Ислом маданияти энг асосий хусусиятларидан бири бўлмиш – инсонийликни ҳам ўзида мужассам этган. Мазкур икки сифат – халқчиллик ва инсонийлик учинчи бир муҳим хусусиятни келтириб чиқарган:
3 – Бу хусусият емирилиш ва инқирозга юз тутишга қарши туриб бера оладиган чидамлилик, мунтазам янгиланиб туриш хусусиятидирки, бундай сифат бошқа маданиятларда топилган эмас. Ислом маданияти мўғуллар босқини, салибчилар ҳужумлари каби ҳалокатли урушларга, турли табиий офатлар, балолар, ваболарга қарамай, хилма-хил сиёсий ўзгаришлар бўлиб турган бўлса-да, узоқ ўн тўрт аср давомида фаолият кўрсатиб келди. Мазкур уч хусусият Ислом маданияти воқелигидан олинган очиқ хусусиятлар ҳисобланади, буни мантиқий ёки саналар асосида исботлаб ўтиришга ҳожат йўқ.
(Ислом диёрларига ҳужум этилиб, янги маданиятни кўтариб келганларнинг нима учун биринчи навбатда мазкур “вақф” низомига барҳам беришгани ҳам мазкур нуқталар ила ойдинлашади).

* * *

Ўқувчи айтиб ўтган нарсаларимизни диққат билан ўқир экан, шубҳасиз, Ислом маданиятининг мақола бошида санаб ўтилган шартларга муносиб, энг яқин маданият эканига қаноат ҳосил қилади. Баъзилар қаноат ҳосил қилмаса ҳам, ҳар ҳолда, Ислом маданиятини бармоқ билан санарли обидалар, шахсиятларга чеклаб қўйиш нотўғри эканлигини тушуниб олсалар керак. Ва биллаҳит тавфиқ.

Шайх Солиҳ ибн Абдураҳмон ал-Ҳусаййин (раҳимаҳуллоҳ)

Шайх Сайфуллоҳ Носир ҳафизаҳуллоҳ таржимаси

Мақоланинг арабча матни манбаси:

http://rowaq.org/?p=14

Улашинг
Leave A Comment