Каҳф сурасидан дарслар силсиласи: Мусо ва Хизр алайҳимассалом қиссаларидан ибратлар

Ассалому алайкум  …
Азиз ва муҳтрам биродарлар …
Каҳф сурасидан ўрганаётган дарсларимизда давом этамиз.
Каҳф сурасида зикр қилинган бешта қиссадан тўртинчиси Мусо ва Хизр алайҳимассалом қиссалари.
Бу қиссанинг хулосаси қуйидагича:
Бир куни Мусо алайҳиссалом ўз қавмлари Бани Исроилга мавъиза қилганларида одамлардан бири қаттиқ таъсирланиб кетиб “Эй Аллоҳнинг пайғамбари, дунёда сиздан кўра илмлироқ одам бормикин?” деб сўради.
Шунда Мусо алайҳиссалом “Йўқ” деб жавоб бериб юбордилар.
Аслида “Аллоҳу аълам” деб Аллоҳнинг ҳузурида одоб сақлашлари лозим эди.
Аллоҳнинг пайғамбарларидан ҳам баъзида беҳосдан кичкина гуноҳлар содир бўлиб қолиши мумкин ва қайси пайғамбар билмасдан бир гуноҳ қилиб қўйсалар Аллоҳ таоло уларни дарҳол огоҳ этарди ва улар дарҳол тавба қилардилар.
Шунинг учун Аллоҳ азза ва жалла ўша заҳоти Мусо алайҳиссаломга ваҳй қилиб:
“Бизнинг бандаларимиздан бир банда сендан кўра илмлироқ”, деди.
(Яъни, сен билмайдиган баъзи нарсаларни билади, деган маънода. Ўзи аслида ҳақиқатан ҳам Мусо алайҳиссалом ўша даврдаги барча инсонларнинг ичида энг илмли инсон эдилар, ҳатто Хизр алайҳиссаломдан ҳам илмлироқ эдилар. Аммо “Аллоҳу аълам” деб одоб сақлаш жуда ҳам зарур).
Шунда Мусо алайҳиссалом дарҳол Аллоҳга тавба қилиб:
“Эй Парвардигор, мен ана шу бандангни ҳузурига бориб илм олай, менга йўл кўрсатгин” деб илтижо қилдилар.
Аллоҳ таоло Хизр алайҳиссалом яшайдиган жойга бориш йўлини Мусо алайҳиссаломга ўргатди ва Мусо алайҳиссалом ўзларининг энг яқин шогирдларидан бирини ҳамроҳ қилиб, Аллоҳ таоло айтган шарту шароитларга амал қилиб, дарҳол илм сафарига отландилар ва Хизр алайҳиссаломнинг олдиларига етиб бориб, бир неча кун у киши билан бирга юриб, баъзи илм ва ҳикматларни ўргандилар.

Қиссанинг тафсилоти ва ундан ўрганишимиз лозим бўлган дарслар жуда ҳам кўп, биз бу ерда фақат қуйидаги нуқталарни эслаб ўтмоқчимиз холос:
1.    Инсон ҳар қанча кўп илм ва тақвога эга бўлса ҳам Аллоҳ таоло ҳузурида ҳам, одамларнинг олдида ҳам камтар бўлиб, одоб сақлаб, доимо “Аллоҳ Билгувчироқдир” деб туришга одатланиши лозим;
2.    Мусо алайҳиссалом Аллоҳнинг энг улуғ элчиларидан бўлишларига қарамасдан ўзларидан анча қуйи даражада турадиган ва пайғамбарлиги ихтилофли масала бўлган бир авлиё – Хизр алайҳиссаломдан дарс олиш учун узоқ ва машаққатли сафарга чиқдилар ва у авлиёнинг ҳузурига етиб борганларида одобли ва камтар бўлиб илм ўргандилар.
(Хизр алайҳиссалом пайғамбар бўлганмилар ёки фақат авлиёлик даражасига етган мўмин киши бўлганмилар, деган масалада уламолар ўрталарида ихтилоф бўлган, далили кучлироқ қавлга биноан Хизр алайҳиссалом пайғамбар бўлганлар, аммо Мусо алайҳиссалом шак-шубҳасиз Хизр алайҳиссаломдан улуғроқ эдилар, балки бешта энг улуғ Расулларнинг бири бўлганлар).
Бу ҳолат минг йилларга чўзилган тарих давомида уламоларга жуда катта дарс ва ибрат бўлиб келмоқда, улар ўзларидан илми камроқ ва ўзларининг шогирдлари бўлган толиби илмлардан ҳам, уларнинг ҳузурида одоб билан ўтириб дарс олишга одатландилар ва ҳатто баъзи уламолар ўзларининг васиятларида шундай деб ёзадиган бўлдилар:
“Инсон ўзидан пастроқ, ўзи билан баробар ва ўзидан баландроқ бўлганларнинг барчасидан илм олмагунга қадар толиби илм бўла олмайди”.
3.    Мусо ва Хизр алайҳимассалом қиссаларидан яна илм олиш йўлида сабру матонатли бўлиш жуда ҳам зарурлигини ўрганамиз. Аллоҳ таоло Ўзининг улуғ пайғамбарларини ҳам илм олиш йўлида оғир машаққатларга сабр қилишга ўргатди, ваҳоланки У Зот Ўзи уларга бевосита ваҳй қилиб илм ўргатвучи Зот эди.
4.    Толиби илм уламоларнинг ҳузурида дарс олаётган пайт уларнинг баъзи фикр-мулоҳазаларини хато деб ўйласа ҳам эътироз билдиришга шошилмаслиги, ҳатто савол беришни ҳам дарснинг охирига кечиктириб туриши лозимлигини ҳам Мусо ва Хизр алайҳимассалом қиссаларидан ўрганамиз.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчамизни холис ниятли, одобу ахлоқли, илмига амал қиладиган, олийжаноб, илм йўлида сабру саботли, раббоний уламолардан бўлиб етишимизга муваффақ айласин.
Вассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

Улашинг
Leave A Comment