(6) Каҳф сурасидан дарслар силсиласи: Зул-қарнайн қиссасидан ибратлар

Ассалому алайкум  …

Азиз ва муҳтрам толиби илм биродарлар …

Каҳф сурасидан ўрганаётган дарсларимизда яна давом этамиз.

Каҳф сурасида зикр қилинган қиссаларнинг якуни Зул-қарнайн қиссаси бўлиб, сурадаги тартиб бўйича бешинчи ўринни эгаллаган.

Тарихда дунёнинг аксар мамлакатларини фатҳ қилиб, ўзининг адолатли ва ҳикматли подшоҳлиги билан машҳур бўлган Зул-қарнайн алайҳиссаломнинг пайғамбарлик даражасига кўтарилганлиги ёки авлиёлик мақомига етганлиги ҳақида уламолар ўрталарида икки хил қавл бор.
Баъзи уламолар Зул-қарнайн алайҳиссалом адолатли ва солиҳ подшоҳ бўлган авлиё, десалар, яна бошқа уламолар у киши худди Сулаймон алайҳиссалом каби ҳам пайғамбар, ҳам подшоҳ бўлган, деб айтишган.
“Зул-қарнайн” деб номланишининг сабабида ҳам бир неча раъйлар бор, уларнинг баъзилари қуйидагича:
“Қарнайн” арабча калима , “Қарн” калимасининг иккилиги. Зулқарнайн – икки қарннинг соҳиби, дегани.
“Қарн” калимасининг маъноларидан бири аср, ёки давр, ёки бир авлод,  деганини билдиради.
Зул-қарнайн икки аср (икки юз йил)дан кўп ҳукм сурганлиги учун шундай деб лақабланган, дейишган.
“Қарн” калимасининг маъноларидан яна бири шох.
Зулқарнайн подшоҳлик тожига икки шохни ўрнатиб олган бўлган, шунинг учун шундай лақабланган, деганлар ҳам бор.
Яна баъзи уламоларнинг раъйларига биноан Зул-қарнайн Ер юзининг шарқига ҳам, ғарбига ҳам подшоҳ бўлгани учун унга шундай лақаб берилган.

Бу райъларнинг қайси бири тўғри бўлса ҳам, бизга зарур бўлган ибрат бу ерда эмас.
Аллоҳ таоло Каҳф сурасида Зулқарнайн алайҳиссаломдан ўрганишимиз зарур бўлган энг муҳим ибратларга ишора қилиб, бу муборак қиссани қисқа суратда ҳикоя қилиб берган.
Биз ҳам бугунги дарсимизда Зул-қарнайн алайҳиссаломнинг қиссаларидан фақатгина баъзи муҳим нуқталарни эслаб ўтмоқчимиз холос:
1. Зул-қарнайн дунёнинг шарқу ғарбларини эгаллаган подшоҳ бўлишларига қарамасдан, салтанатлари кучайган сари Парвардигорлари ҳузуридаги қулликларини ошкор этишлари, У Зотга бўлган дуо-илтижолари янада кўпайиб борар эди.
Аллоҳ таоло Ўзининг бу солиҳ бандаси ҳақида ҳикоя қилар экан, бир саҳифанинг ўзида Зул-қарнайннинг бир неча марта “Парвардигорим” деб такрор-такрор айтиб юрадиган сўзларини эслатган, балки бир оятнинг ўзида уч марта “Раббим” деб айтганликларини Аллоҳ таоло ҳикоя қилиб марҳамат қиладики:
{قَالَ هَٰذَا رَحْمَةٌ مِنْ رَبِّي ۖ فَإِذَا جَاءَ وَعْدُ رَبِّي جَعَلَهُ دَكَّاءَ ۖ وَكَانَ وَعْدُ رَبِّي حَقًّا} [الكهف: 98].
“Бу Раббим томонидан бўлган бир марҳаматдир. Энди қачон Раббим (Яъжуж ва Маъжуж чиқади, деб) ваъда қилган вақт келганида (яъни, Қиёмат қойим бўлишига яқин қолганида), Ўзи у (тўсиқни) теп-текис қилиб қўюр”. Раббимнинг ваъдаси ҳақдир, деди у” (яъни, Зул-қарнайн). (Каҳф: 98).
Аллоҳнинг ҳақиқий мўмин бандасининг бу дунёдаги мансабу мартабаси ҳар қанча юксакликка кўтарилиб борса ҳам, Аллоҳнинг наздида ҳам, одамларнинг олдида ҳам ҳурмати, обрўси, шон-шарафи ошган сари унинг Аллоҳдан қўрқиши, У Зот ҳузурида камтарлиги, Парвардигорига бўлган зорланишлари шунча зиёда бўлиб бориши жуда ҳам зарур экан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам мушриклар устидан ғалаба қозониб, Маккаи мукаррамани фатҳ қилганларида Аллоҳ таолодан ҳаё қилиб, У Зотнинг ҳузурида камтар бўлиб, бошларини эгган ҳолатларида, кириб борган эдилар.

2- Зул-қарнайн Ер юзидаги энг кучли подшоҳ бўлишларига қарамасдан ҳеч қачон ҳеч қайси бир инсонга зулм қилмаган эдилар.
Агар зулм қилган бўлганларида Аллоҳ таоло асло у кишини мақтаб оятлар нозил қилмас эди.
Аксинча, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у киши ҳақида марҳамат қилиб мана бундай деган:

{قُلْنَا يَا ذَا الْقَرْنَيْنِ إِمَّا أَنْ تُعَذِّبَ وَإِمَّا أَنْ تَتَّخِذَ فِيهِمْ حُسْنًا * قَالَ أَمَّا مَنْ ظَلَمَ فَسَوْفَ نُعَذِّبُهُ ثُمَّ يُرَدُّ إِلَى رَبِّهِ فَيُعَذِّبُهُ عَذَابًا نُكْرًا * وَأَمَّا مَنْ آمَنَ وَعَمِلَ صَالِحًا فَلَهُ جَزَاءً الْحُسْنَى وَسَنَقُولُ لَهُ مِنْ أَمْرِنَا يُسْرًا}
“Биз: Эй Зул-қарнайн, сен ё (одамларни) азобга дучор қилурсан ёки уларга яхши муомалада бўлурсан, дедик. У айтди: “Золим бўлган кимсани албатта азоблагаймиз. Сўнгра Парвардигорига қайтарилгач, У Зот уни яна даҳшатли азоб билан азоблар. Иймон келтириб яхши амаллар қилган киши эса, унинг учун гўзал оқибат – жаннат мукофот бўлур. Биз ҳам унга ишимиздан осон-енгилларини айтурмиз”. (Каҳф:  85-88).

3- Зул-қарнайн доимо мазлум халқларни зулму туғёнлардан озод қилиб, ёрдамга муҳтож бўлганларга ёрдам бериб ҳукм сурардилар ва бу ёрдамларнинг эвазига ҳеч қандай дунёвий манфаат истамас эдилар.
4- Ёрдамга муҳтож бўлган халқларга ёрдам бериш асносида уларнинг ўзларини ҳам иш қилишга ва ҳаракатчан бўлишга ўргатар эдилар.
5- У кишининг ёрдамларидан баҳраманд бўлганларнинг раҳмат айтишини ва ташаккурлар билдиришини кутиб ўтирмас эдилар, мақтовлар билан алданиб ёки мағрурланиб кетмас эдилар, балки барча хайрли ишларда ўзларининг саъй-ҳаракатларини умуман тилга олмасдан, Аллоҳ таолонинг мадади ва марҳаматини эслардилар ва эслатардилар.
Ушбу ва бундан бошқа улкан фойдаларни Каҳф сурасининг 83-101 оятларини ўқиб, англаб етишимиз мумкин.

Суҳбатимизнинг охирида Аллоҳ таолога илтижо қилиб, бизга ҳам дунё ва Охиратда бахтли ҳаёт кечиришни насиб қилишини сўраймиз. Ҳаётимиз асносида мазлумларни зулмдан қутқариб, золимларни зулмдан тўхтатиб, муҳтожларга ёрдам бериб, ҳеч кимга заррача зулм қилмасдан, қилган яхши ишларимизни ҳеч қачон миннат қилмасдан, Аллоҳ йўлида холисона ва собитқадам юришга муваффақ қилсин …
Васаллаллоҳу ва саллама ало Набиййина Муҳаммад ва олиҳи ва саҳбиҳи ажмаъин.
Вассалому алайкум вароҳматуллоҳи вабаракотуҳ.

Улашинг
Leave A Comment