(1/2) Ислом ва мусулмонлар ғалабасини истасангиз илм олинг, уломаларни ғанимат билинг, шошилиб кетманг!

Ассалому алайкум …

Азиз ва муҳтарам биродарлар, Ислом ва мусулмонлар ғалабаси учун жонларини фидо қилишга тайёр турган баҳодир йигитлар!

Ҳаммаларингизга маълум, уламоларимиз узоқ йиллар, балки қабрга киргунга қадар илм олишда давом этинглар, деб доимо насиҳат қилиб турадилар.

Шундай бўлсада – минг афсуслар бўлсинки – жуда кўп ёш йигитларимиз баъзи бир оят-ҳадисларнинг лафзларини ёдлаб олиб, ҳали илм олмасдан, Шариатнинг усулий ва фиқҳий қоидаларини англамасдан туриб, қисқа вақт ичида ўзларини худди катта уламо бўлиб қолгандай ўйлаб, хоҳ ўзларини ўзлари сезиб турган бўлсинлар, хоҳ сезмасинлар, турли-туман ҳукмлар чиқариб юборяптилар

Инсон ўзининг илми заифлигини билиб, доимо катта-катта уламоларга мурожаат қилиб яшашга ўрганиши лозим, айниқса Ислом шаънига оид бўлган, кўпчиликка таъсир қиладиган, қон тўкилишига олиб борадиган мавзуларда.

Муаммоларимизни илдизидан бошлаб ҳал қилиш – қисқа иборалар билан айтилганда – Аллоҳга тазарруълар қилиш билан бирга доимо илм ва уламоларни лозим тутишдадир.

Шахслар ва ҳаракатларнинг ҳамма-ҳаммаси энг аввало Аллоҳдан, сўнгра илм ва уламолардан узоқлашган сари залолат ва ҳалокат жарлиқларига яқинлашиб бораверади.

  • Ҳақиқий уламоларни қандай топамиз?

Ҳақиқий уламоларни топиш учун ҳам инсонда холис ният билан бирга жиддий ҳаракат мавжуд бўлиши керак.

Баъзида “адашган уламолар”дан салбий таъсирланган йигитлар ҳақиқий уламоларни қидиришдан тўхтаб қолиб “уламолар ўзи ё сотқин ё қўрқоқ бўлиб кетишибди” деб, уламо деган гапни эшитса ғаши келадиган бўлиб қолади, натижада илмдан – ҳақ йўлдан ўзини ўзи узоқлаштириб юборади.

Аслида таассуроти аксинча бўлиши керак эди, “адашган уламолар”ни кўрганидан кейин ҳақиқий уламоларни топиш учун янада жиддийроқ изланиши кераклигини тўла англаши лозим.

Афсуски, баъзи йигитларимиз икки томондан алданиб қолишяпти:

1. Ҳақиқий уламоларни танишмайди ёки тан олишмайди;

2. Ўзлари ҳақиқий олим деб ўйлаган одамлари эса олим бўлмайди.

Қалбаки тиллага бир-икки бор алданган одам: “тилла дегани ўзи ҳаммаси қалбаки бўлиб кетибди” деб, бутунлай тилладан воз кечса кимга зиён келтирган бўлади?

Ҳақиқий уламолар билан қалбаки олимлар орасидаги фарқларни билиш ҳам шунга ўхшаб кетади.

Аслида, уламолар кўп бўлган жойларда содиқ уламоларни фақатгина қалби касал ёки заиф, дунё қараши тор ва дангаса одамларгина тополмайди.

Аммо биз яшаб турган даврнинг энг катта мусибатларидан бири ҳақиқатан ҳам уламолар етишмаслиги.

Жуда кўп минтақаларда уламолар йўқ.

Шундай бўлсада, Аллоҳ таоло Ўзининг динини соф ҳолда сақлаб турадиган уламоларни чиқариб қўйган.

Ҳеч қайси замон мутлақо уламосиз бўлиб қолмаган.

Ҳозир ҳам, дунёни энг қолоқ давлатларида яшаб турган одамлар ҳам, араб тилини оз-моз ўрганиб, интернет сайтлари орқали юзлаб, балки минглаб уламоларни топишлари ва уларнинг илмларидан фойдаланишлари, ҳақ йўлни қуёшдан ҳам кўра равшанроқ ҳолда кўришлари мумкин, алҳамду лиллаҳ.

(Мақоланинг кейинги қисмида уламолардан содир бўладиган хатолар ҳақида бир оз тўхталамиз иншоаллоҳ)

Улашинг
Leave A Comment